Мақолалар

Матонатли ва қатъиятли инсон эди

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат  арбоби, ўзбек халқининг ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган.

Шу кунларда мустақиллигимиз асосчиси бўлган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Мана шундай дамларда биринчи Президентимизнинг бевосита раҳнамолиги ва раҳбарлиги остида амалга оширилган энг муҳим ишлар ва эришилган ютуқларни ёдга олиш ўринлидир.

Биринчи Президентимиз “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб доим баралла айтадиган, “Муқаддас Ислом дини қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди!” дея мудом таъкидлайдиган мусулмон сифатида Ислом дини равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширди.

Жумладан, 1989 йили – ҳали собиқ мустабид тузум пайтидаёқ мамлакатнинг биринчи раҳбари Ислом Каримовнинг қатъий топшириғи билан муқаддас Қуръони карим оятлари маънолари ўзбек тилига таржима қилиниб, кўп минг нашр этилди. Шу тариқа халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келган Ислом динининг бирламчи манбаини ўз она тилида ўқишга, маъноларини тафаккур қилишга муяссар бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди: янги масжидлар, мадрасалар қурилди, мавжудлари қайта таъмирланди, кўплари қайтадан барпо этилди. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш бахтига мушарраф бўлишди.

Шунингдек, улуғ аждодларимизнинг ҳоки поклари мангу қўним топган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби қадамжолар обод этилиб, уларнинг маънавий мерослари халқимизга етказилди.

Шу кунларда барчамиз Биринчи Президентимизнинг мана шундай она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини эсламоқдамиз. У киши абадий қўним топган Самарқанддаги “Ҳазрати Хизр” мажмуаси эса узоқ-яқиндан келаётган зиёратчилар билан гавжум.

Муборак динимиз таълимотларида инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзиб туриладиган ҳисоб-китоб дафтари Аллоҳ таолонинг амри билан ёпилиши ҳақида айтилган. Аммо уч тур амал борки, уларнинг савоби узлуксиз равишда ёзилиб туради, Аллоҳ уни қиёмат кунигача бардавом қилиб қўяди. Ҳадиси шарифда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм ҳамда солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий).

Раҳматли Юртбошимиз мана шундай ишларга алоҳида эътибор қаратдилар ва бу борада санаб адоғига етиб бўлмайдиган савобли ишларни амалга оширдилар.

Шу кунларда Биринчи Президентимиз таваллудининг 81 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарорлари асосида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди. 

Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ўтганларингизнинг яхши сифат ва яхши амалларини эслангиз”. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ташкилотлар, диний таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларида ҳам Биринчи Президентимиз таваллуд саналарига бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, вилоятларда ўтказилаётган эҳсон дастурхонларида имом-хатиблар томонидан Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниши, Биринчи Президентимиз ҳақларига дуои хайрлар қилиниши, у кишининг савобли ишлари тўғрисида йиғилганларга суҳбат қилиб бериш ишлари олиб борилмоқда.

Ислом дини боқий манзил сари отланган инсоннинг ҳаққига хайрли дуолар қилишни ўргатади. Шундай экан, охират диёрига сафар қилган раҳматли Юртбошимиз олдидаги фуқаролик, ватандошлик, инсонлик бурчимиз ўлароқ, У кишининг ҳақларига Аллоҳ таолодан раҳмату мағфират сўраб, дуолар қиламиз: Яратган Парвардигоро! Ватанимиз истиқлоли, юрт фаровонлиги учун қайғуриб, шу йўлга умрини бахшида этган, халқини, элини тўғри йўлдан бошлаб борган Биринчи Президентимизни мағфиратингга олгин, раҳматингга буркагин, борган манзилини, ётган маконини ҳузур-ҳаловат маскани қилгин! Умри давомида қилган барча яхши ишлари, саъй-ҳаракатларини садақаи жория ўлароқ ўзларига ҳамроҳ айлаб, ажру мукофотлар билан сийлагин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

3308 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Иймон Ночор ота ва тиланчи »

Мақолалар

Top