Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Ҳақни кўра-била туриб, уни қўллаб-қувватламаган киши қўрқоқдир”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи учун кўтарилган қўлни бўш қайтармайди.

Ўзига дуо билан илтижо қилган қалбни хор қилмайди.

У ҳақида яхши гумон қилган бандасининг гумонини ерда қолдирмайди.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Аёлларни ҳурмат қиладиган киши, айримлар айтганидек, қўй эмас. Балки, эркаклик, мардлик ва олийжанобликнинг чўққисидадир. Чунки, аёлларни ҳурмат қилиш халқларнинг энг буюги бўлган саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларидир.

«Ховатир роқия журнали»

*****

  • Заифлар ўч оладилар.
  • Кучлилар кечирадилар.
  • Ақллилар билмасликка оладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ёш табибдан ва кекса сартарошдан эҳтиёт бўл.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Экканингни суғормайдиган шахсларнинг боғларига гуллар экишни бас қил.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шогирд – ичи тўлдириладиган идиш эмас. Балки у бир шуъла бўлиб, уни ёқиш сенинг зиммангдадир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қўйларингни боқиб туриб ҳам китоб ўқишинг мумкин. Маданиятнинг қаҳвага ҳеч қандай алоқаси йўқ (яъни қаҳва ичиб китоб ўқиш керак, шундай қилинса, китоб яхши ўзлаштирилади деган гап йўқ).

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳақни кўра-била туриб, уни қўллаб-қувватламаган киши қўрқоқдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Жоҳиллик – киши ўзини ҳимоя қилиш учун далил-ҳужжати қолмаганда, неча марта сўкиш сўзларини ишлатгани билан ўлчанади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ким ҳамма одамларни рози қилишга уринса, умрини зое қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шахсий манфаатингни жамият манфаатидан устун қўйганингда, Ватан инқирозга юз тутади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Дўстимдан «Нега хўрозингиз қичқирмай қўйди?» деб сўрадим. Шунда у «Қўшнилар шикоят қилди. Айтишларича, тонгда қичқириб, уларни безовта қилаётган эмиш. Шунинг учун сўйиб юбордик» деб жавоб берди. Бу гапни эшитиб бир нарсани ўйладим: «Одамларни уйғотишга уринувчиларни кўпчилик ёқтирмас экан».

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Жаннат ҳақида фикр қилинг, ўйланг. Шунда дунё кўзингизга кичик кўринади.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Қарз сўраб борса...

Фарзанди беморлиги сабабли зудлик билан муолажага пул керак бўлиб, қарз сўраб борса, пули бор, ўртада ишончсизлик юз бермаган бўлса-да, қарз бермай, унинг ўрнига “Ҳозир ҳаммагаям осонмас” деб гап бошалаб, насиҳат қиладиганларни тушунмайман.

Ё бериш керак ёки бериш нияти бўлмаса, “Ошна, беролмайман” деб гапни қисқа қилиш керак.

*****

Бўрон бўлаётганда ёнимда турмаган кишига (бўрон тиниб) Қуёш чиққанда эҳтиёжим бўлмайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

2940 марта ўқилди

Мақолалар

Top