Инсоннинг тана ҳарорати турли сабабларга кўра кўтарилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши шамоллаш ва грипп асносида кўпроқ кузатилади. Баъзан бу кўтарилиш 40°-41° даражага етиши мумкин. Агар шу пайтда зудлик билан чора кўриб, ҳароратни туширишга уринилмаса, бемор вафот этиши мумкин.
Тана ҳароратининг кўтарилиши иситма дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадисларда иситмани тушириш йўлларини баён қилганлар. Ана шундай ҳадислардан бирини келтирсак.
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن النبي - صلى الله عليه وسلم - قال : ( الحمى من فيح جهنم فأبردوها بالماء ) رواه البخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иситма жаҳаннам тафтидандир. Шу боис уни сув билан совутинглар!” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бемор бўлиб ётганларида иситмалари кўтарилди. Шунда у зот алайҳиссалом устларидан етти марта мешдан сув қуйишларини буюрганлар.
Иситмани тушириш учун қўлланадиган дори воситалари, тиббий чора-тадбирлар кўп бўлишига қарамасдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиббий кўрсатмалари энг афзал ва энг фойдали услублигича қолмоқда. Кўп ҳолларда беморнинг иситмаси бирданига кўтарилиб кетиб, кўплаб дори-дармонлар ҳам таъсир қилмайди. Ана шу пайтда шифокорлар беморнинг устидан сув қуйиш, уни сув билан совутиш чорасини қўллайдилар ва самарали натижага эришадилар. Шунинг учун педиатр (болалар шифокори)лар бемор боланинг ота-онасига тезда унинг кийимларини ечиб олиб, устидан совуқ сув қуйишни ва сувга ботирилган латтани бемор боланинг пешонасига қўйиб туришни тавсия қиладилар.
Илмий томондан ҳам собит бўлганки, иситманинг бир неча фойдалари бор.
Инсон иситмалаганда, қондаги интерферон моддасининг миқдори ортади. Бу моддани қондаги оқ қон таначалари (лейкоцитлар) ишлаб чиқаради. Интерферон моддаси танага ҳужум қилган вирусларни йўқ қилади. Мазкур модда танани зарарли вирус ва бактериялардан халос этибгина қолмай, жисмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, танадаги саратон ҳужайраларини йўқ қилиб, тананинг ҳеч бир жойида саратон ҳужайралари пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Шу сабабли баъзи шифокорлар “Худди бемор одам соғайиб хурсанд бўлганидек, кўплаб касалликлар асносида иситма пайдо бўлса, биз хурсанд бўламиз. Чунки иситма дори ичишдан кўра танага кўпроқ фойдалидир. Мисол учун бўғимлар ревматизмини олайлик. Инсон шу касаллик билан оғриганда, бўғимлари қаттиқлашиб, ҳаракатланишга ярамай қолади. Худди шундай пайтда тиббиётда сунъий иситма муолажаси қўлланади. Бунда муайян дорилар орқали клизма қилиш йўли билан беморда иситма ҳосил қилинади” дейишади.
Ҳа, азизлар, иситманинг танага фойдаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. Иситма бу дунёда беморнинг соғайишига хизмат қилса, охиратда гуноҳлардан фориғ бўлишига ҳам хизмат қилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:
«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.
«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», дедилар у зот». Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримизга, у кишининг оила аъзолари ва саҳобаларига кўплаб саловоту саломлар юборсин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади