Мақолалар

Иброҳим Фиқийдан 10 та насиҳат

Мисрлик машҳур мураббий, инсон имкониятларини ривожлантириш бўйича мутахассис ва шу мавзудаги кўплаб китобларнинг муаллифи, Канада “Инсон тараққиёти” марказининг асосчиси ва раҳбари Иброҳим Фиқийнинг хотиржамлик, бахт-саодат, муаммолардан қутулиш, инсонларга шодлик улашиш, ризқда баракага эришишга оид 10 та насиҳатини келтирамиз. 

  1. Ризо (Аллоҳ таоло берган ризққа рози бўлиш, қаноат) билан ҳаёт ширин бўлади.

Ҳа, Аллоҳ таоло тақсимлаган ризққа рози бўлган инсон хотиржам ва бахтиёр ҳолда яшайди. Аммо бу розилик ҳеч қандай иш қилмай, уйда ўтириш дегани эмас. Балки Аллоҳ таолодан покиза ризқ сўраб, астойдил ҳалол меҳнат қилиб, унинг натижасига рози бўлишдир.

  1. Табассум сабабли мушкулотлар енгиллашади.

         Ҳа, инсонларнинг юзига табассум билан боқиш ҳам садақа эканини унутмайлик!

  1. Истиғфор сабабли ҳожатлар раво бўлади.

         Ҳа, Истиғфор сабабли кўп берк эшиклар очилиб, муаммолар бартараф бўлади. Бундан ташқари кўп истиғфор айтувчи инсоннинг ризқи ҳам зиёда бўлади.

  1. Дуо сабабли қийин ишлар амалга ошади.

         Бир иш сизга қийинлик қиляпти. Лекин у иш Аллоҳ таолога қийин эмас! Шунинг учун Аллоҳ таолога дуо қилиб, қийин ишларни енгиллатишини, мушкулларни осон қилишини сўраш лозим.

  1. Ким нуқсонсиз дўст хоҳласа, дўстсиз яшайди.

         Дунёда нуқсонсиз инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамизда хато бор. Хатосиз дўст излаган киши ундай инсонни топа олмайди.

  1. Ким нуқсонсиз жуфт хоҳласа, бўйдоқ яшайди.

         Уйланмоқчи бўлган қизнинг нуқсонсиз, баркамол бўлишини ҳамма ҳам хоҳлайди. Аммо ундай қиз йўқ-да. Инсон бўлгач, унда камчиликлар бўлади. Шунинг учун инсон ўз жуфтининг баъзи камчиликларига кўз юмиб, бир-бирини тўлдириб яшашга уриниши керак.

  1. Ким муаммоларсиз қадрдон хоҳласа, умри қидириш билан ўтади.

         Муаммосиз инсоннинг ўзи йўқ. Мен шундай дўст, улфат топайки, унда бирорта муаммо, камчилиги бўлмасин деган одам бир умр дўсту ёрсиз ёлғиз яшайди.

  1. Ким комил қариндош хоҳласа, қариндошсиз, ноқис ҳолда яшайди.

         Қариндошлар ҳақида ҳам юқоридаги гапларни айтиш мумкин.

  1. Агар сизни бошқаларнинг иши ташвишга солса, билингки, сиз асл табиатли инсон экансиз.

         Бошқаларнинг дардларини ҳис қилиш, уларнинг муаммоларига ўз муаммосидек қараш, оғирини енгил қилишга уриниш инсоний фазилатлардандир.

     10. Агар бошқа кишида гўзалликни кўрсангиз, билингки, сизнинг ичингиз гўзал экан.

         Бошқаларнинг хатосини топишга уриниш ўрнига, улардаги гўзал хислатлар ва фазилатларни кўриш инсоннинг ички дунёси гўзал эканидан даракдир.

 

“Ховатир роқия журнали” маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёралади

2796 марта ўқилди

Мақолалар

Top