Мақолалар

Исломда аёлнинг ўрни

Башарият ҳеч қайси замонда аёлга ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аёл ҳақида сўз юритар экан ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат –эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади.

Ислом башариятга жисмоний тузилиш, табиат, ҳис-туйғу,орзу-умид, сиҳҳат-саломатлик, эҳтиёж ва заруратлар борасида бир-бутун мукаммал инсон сифатида қарайди. Ва аксинча ирқий омил, рангдаги тафовут, келиб чиқиш ва жинсий фарқларга назар солмаган. Бу ҳолда мазкур бирлик ҳар бир нарсада; эркинликда, адолатда ва биродарчиликда ҳам бўлишликни тақозо этади. Тенглик тамойили ислом дининг инсонларнинг феъл ва ҳатти-ҳаракатларига тааллуқли турли-туман шаръий ҳукмлари таркибида чақириб келган тушунчадир. Бу борада Росулуллоҳ (с.а.в.)дан мана бундай ҳадис ривоят қилинган: “Инсонлар бир-бирларига худди тароқ тишлари каби тенгдирлар. Бир кишини бошқа кишидан тақводан бошқа нарсада афзаллиги йўқдир”. Исломда башар фарзандлари баробардирлар. Унда айрим инсонлар ўзларини бошқалардан жинс ё келиб чиқиш, терисининг ранги ёки яшаш жойи каби омиллар орқали устун санашларини оқловчи нарса асло топилмайди. Афзаллик борасида мезон битта ва у қайси жинсда бўлишидан қатъий назар тақводир. Бундан маълум бўладики, ислом аёлга иккита қоида асосида қарар экан. Уларнинг биринчиси тузилиш ва яратилишдаги бир хиллик бўлиб, бу ҳақида қуръони каримда мана бандай дейилган: “Одамлар, сизларни бир жон (Одам ато)дан яратиб, ундан унинг жуфтини яратган ва улардан кўплаб эркак ва аёлларни таратган роббингиздан қўрқинг” (Нисо 1-оят). Иккинчиси, эркак ва аёл ўртасида қарор топтирилган ака сингиллик риштаси. Чунки ҳар бир эркак ва аёл бир отага бориб тақалади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй одамлар биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратиб, ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13). Бу айтиб ўтилганларнинг барчаси хусусида Росулуллоҳ (с.а.в.) инсоният учун абадий дастурни мана бундай деб баралла эълон қилади: “Эй инсонлар, сизларнинг роббингиз бир, отангиз ҳам бир, огоҳ бўлингизким, арабни араб бўлмагандан ва араб бўлмаганни арабдан, қизил танлини қора танлидан ва қора танлини қизил танлидан тақводан бошқа нарсада устунлиги йўқ. Албатта, сизларнинг  энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир”.

Агар биз юқоридаги иккита асосий қоидани тўғрилигини исботлаган бўлсак, энди улардан келиб чиқадиган баъзи-бир жузъий қирраларни айтиб ўтамиз.

Аввало эркак ва аёл шаръий вазифалар ва уларга боғлиқ бўлган ажр ва савоблар борасида баробардир. Бу нарса Қуръон ва суннатда очиқ равшан таъкидлаб ўтилган. Уларга кўра дин ва дунёга боғлиқ барча ишларда юкланган вазифа бир хил. Аллоҳ таоло айтади: “эркакмиди аёлмиди мўмин бўлган ҳар кимки солиҳ амал қилса, бас, улар жаннатга кирурлар ...” (Нисо, 124). Жазо берилиш масаласида ҳам ушбу тенгликни кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Ўғри эркак ва ўғри аёлни қилган ишларига жазо бўлсин учун қўлини кесинглар ...” (Моида, 38).

Юқорида айтиб ўтилганларнинг барчасидан келиб чиқиб уламо ва муфассирларнинг аксарияти Қуръон ва суннатда бирлик ёки кўпликдаги эркак жинсига қаратилган вазифалар, умумий амаллар ҳеч қандай ажратишликсиз аёлга ҳам тегишли эканлигини  таъкидлаганлар. Фақат ҳар бир жинснинг ўз жинсига хос бўлган ишлар бундан мустаснодир. Буларга ибодатлар ҳам, молиявий ишлар ҳам, ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ҳалол-ҳаромлар ҳам одоб-ахлоқлар ҳам барча-барчаси кириб кетади. Аммо баъзи-бир ишлар, масалан, ватан ҳимояси, жума ва жамоат намозлари, молиявий таъминот ва бошқа масалалардаги тенгсизлиги унинг ақли ёки инсонийлиги, шаъни ё лаёқатини камситишдан эмас, балки, унинг табиати, имконияти ва ундаги ҳиссиётнинг ғолиблиги каби жиҳатларини ҳисобга олинганидандир.

Энди исломда эркак ва аёлга нисбатан фарқли бўлган айрим шаръий масалаларни кўриб чиқайлик.

Молиявий ҳақ-ҳуқуқларда иккита аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига баробар қилинган. Бунинг сабаби оддий. Одатда аёл киши кўпроқ уй ишлари билан банд бўлади. Шунинг учун ҳам унинг молиявий олди-бердилардаги иштироки деярли бўлмайди. Ҳозирги вақтда кам сонли аёлларни катта тижоратларда иштирок этаётгани бу камёб ҳодиса бўлиб, унга эътибор берилмаса ҳам бўлади. Демак, бу масалаларда хато қилиб қўйиш ёки унутиб қўйиш эҳтимоли каттароқ. Бу нарса худди баъзи-бир уй юмушларида эркак киши эсдан чиқариб қўядиган масалаларни аёл яхшироқ билиши мумкин бўлишининг айни ўзидир. Инсонда ўзининг кўп машғул бўладиган соҳасини бошқа соҳаларга қараганда ёрқинроқ эслаб қолиш табиати мавжуд бўлар экан.

Жиноят ишларида эса аёл киши умуман гувоҳликдан озод қилинган. Чунки унинг табиати қон тўкиш, қатлнинг турли-туман кўринишларига тоқат қилиб тура олмайди. Натижада ҳодисага тааллуқли нозик жиҳатларни пайқамай қолиши мумкин. Аксинча, аёлларга хос бўлган баъзи масалаларда эса, эркаклар қолиб унинг гувоҳлиги қабул қилинади. Айтиб ўтилганлардан маълум бўладики, бу соҳада эътибор қаратиладиган асосий жиҳат инсоннинг эркак ёки аёллиги эмас, балки бошқа назарда тутилган манфаатлар эканлиги ҳар бир инсофли кишига ойдек равшан бўлиб турибди.

Меросда ҳам ислом аёлга эркак улушининг ярмини ажратди. Чунки мерос тартибларини мерос олувчининг зиммасига юкланган нафақа қилиш каби вазифаларни назарда тутиб қарайдиган бўлсак, динимизда аёлларга ажратилган ворислик ҳаққи бу уларга нисбатан кўрсатилган жуда катта илтифот ва юксак эҳтиром намунасидир. Чунки ислом аёлларга ҳеч қандай яқинига нафақа қилиш бурчини юкламаган. Ҳаттоки ўзига ҳам сарф қилмайди ва унинг сарф-харажатлари эрининг ё отасининг ёки ўғлининг ва баъзан ака ва шунга ўхшаш яқин қариндошларининг зиммасига юклатилган.

Демак, аёлдан икки баробар кўп мерос олган акаси агар унинг боқувчиси йўқ бўлса ушбу сингилга, ўзининг хотинига, онасига ва бошқаларга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, унинг ярмича мерос олган сингил мазкур маблағни фақат ўзи истаган йўлга ишлатиши мумкин бўлади. Кимга кўп эъзоз кўрсатилганини мана шу томонларни эътиборга олиб ҳисобланилса адолатли бўлади манимча.

Исломнинг бошқа ҳукмлари ҳам шундай. Ибодатларни олсак, бу ерда уларга жуда катта эҳтиром кўрсатилганини гувоҳи бўламиз. Уларга жума, жамоат намози, ҳайит намози, жаноза намози ва дафн маросимлари ва бошқа кўплаб амаллар ихтиёрий. Буларнинг барчаси эркаклар зиммасида. Ойлик одати ёки нифоси келиб заифлашиб турган вақтда қайси ғамхўр ё ҳимоячи исломчалик марҳамат кўрсатган. Аксинча, уларни эркак билан тенг деган даъво билан ҳеч бир юмушини соқит қилиш у ёқда турсин ҳатто енгиллатиб ҳам қўймаган.  

 

Саиджамол Масайитов

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

5680 марта ўқилди

Мақолалар

Top