Уламолардан бири шундай дейди: дунёда барча нарсалар айнан ёки нисбат орқали икки тоифага бўлинади яхши ва ёмон. Ёмонлик ҳақида бошқа мақолада ёзишни ният қилиб, яхшилик ҳақида сўз юритсак.
Яхшилик ва яхши инсонлар... агар биз бандалардан сўралса яхшилик ва яхши инсон дея бизга манфаати бор шахслар, воқеа ва нарсаларни яхшилик сифатида таърифлаймиз. Аммо, бу қараш ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Келинг яхшиси бу ҳақда яхшилик ва яхши инсонларни яратган Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оят ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан жавоб қидирсак.
Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай марҳамат қилади:
“Тақволи зотларга: “Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?” дейилганида улар: “Яхшиликни”, дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур” (Наҳл, 30).
Аллоҳ таоло яхшиликни бундай баён этади:
“(Яхшилик) бўйинни (қулликдан) озод этиш, ёки очарчилик кунида бирор қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом беришдир” (Балад, 13-16).
Яна,
“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (Бақара, 177)
Яхшилик нима эканлиги ҳақида Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятлардан ошириб ҳеч қандай кимса тариф ва таснив бера олмайди. Зотан юқоридаги Қуръони каримда келган яхшилик хусусидаги оятлар тарифларнинг бир шингили десак адашмаймиз.
Хўш, энди яхши инсоннинг хусусиятлари ҳақида Аввало Қуръони каримдаги маълумотлар сўнгра Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадислардан батафсил билиб оламиз:
Қуръони каримда яхшиларнинг бир неча сифатлари зикри келган:
“Ана энди ким (ўз молидан закот ва садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (жаннатни) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар этурмиз” (Вал-лайл, 5-7).
“Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар – ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мукофоти – остидан анҳорлар оқиб турувчи мангу жаннатлардир, улар ўша ерда абадий қолишади” (Баййина, 7-8).
Ҳадиси шарифларда:
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир” (Имом Бухорий);
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг яхшиларингиз, агар тушунса, ахлоқи гўзал бўлганингиздир”, деганларини эшитганман” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган);
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа);
Пайғамбар алайҳиссалломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшилар яна бундай сифатланишади: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амалда чиройли бўлганингиздир” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий); “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).
Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам – яхшилик.
Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим).
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Яна бир ҳадиси шарифда “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дейилган (Имом Бухорий).
Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: "Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди"; "Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир», " деган насиҳатлари бор.
Яхшиликка чақирган киши ҳам уни қилганга тенглаштирилади. "Ўзгаларга озор беришдан сақланиш яхшилик аломатларидандир", дейишган улуғларимиз.
Кўпларимиз яхшилик қиламизу дарров унинг мукофотини, биздан марҳамат кўрганларнинг миннатдорчиликларини кутамиз ёки яхшиликларимиз билан мақтанамиз. Аллома Умар ибн Ҳорис бундай деган: "Қадимда яхшиликларни кўп қилишарди, аммо гапиришмасди. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келишди, энди эса фақат гапиришяпти". Қандайдир манфаат кутиб қилинган яхшилик фазилат саналмайди. Ваҳоланки, яхшилик холис Парвардигор учун, беғараз қилиниши керак.
Аллоҳ таоло сиз учун ўзгаларга яхшилик қилиш эшигини очдими, сиз бу эшикни асло ёпа кўрманг. Эҳтимол қилган яхшилигингиз учун маломатга қоларсиз, яхшилигингизга ёмонлик билан жавоб қайтарар ёки яхшилик қилганингизни кўрмасдан, сизни тухмат, ғайбат ва бўхтонларга қориштирар... Бунга асло ажабланманг, чунки Аллоҳ таоло инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда ким бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини ёлғиз Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар камдан-кам ҳолларда яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришади, миннатдор бўлишади. Аллоҳ таоло эса битта қилган яхшилигингизни юз баробар, минг баробар қилиб кўпайтириб ўзингизга мукофот қилиб қайтаради. Зеро, Аллоҳ ундан кўпроғини беришга ҳам қодир Зотдир!
Холис ва самимий яхшилик қилишдан асло чарчаманг!
Саидаброр Умаров тайёрлади