Ҳар бир инсон ўз ҳаётини мазмунли, енгил ва бахтли ўтишини истайди. Ушбу мақсадга етишиш учун ҳар ким ўз билганича ва ўз услубида ҳаракат қилади. Аслида инсон ҳаётининг чиройи унга инъом қилинган умрни яхши амаллар билан ўтказишдадир. Барчамиз бахтлик яшашдан умидвормиз. Зеро, умидимизнинг қанчалик тўғри ва софлиги амалларимизнинг чиройида кўринсин.
عن عبدالله بن مسعود رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: (الجنة أقرب إلى أحدكم من شراك نعله، والنار مثل ذلك)؛ رواه البخاري
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат сизнинг ҳар бирингизга ковушининг ипидан ҳам яқиндир. Жаҳаннам ҳам худди шунингдек”, -деди.
Чин мусулмон киши жаннатга киришни ва дўзахдан ножот топишни хоҳлайди. Бу ҳар бир тақводор мўминнинг орзуси ва мақсадидир. Ваҳоланки, баъзи кишилар жаннатнинг йўлини узун ва унга етказадиган амалларни машаққатли, деб ўйлайди. Аммо, Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бандаларга жаннат ҳам жаҳаннам ҳам жуда яқин эканининг хабарини “ковушининг ипиданда яқиндир”, деб ташбиҳ қилдилар. Яъни, бандага жаннатга олиб борувчи амаллар ҳам дўзахга олиб борувчи амаллар ҳам осон эканини тушинтирдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўз инояти билан солиҳ амалларга муяссар этган бандага жаннат йўли яқин ва унга элтувчи амаллар осондир. Ҳа, қўл етадиган даражада. Яъни, ҳаммаси ўз қўлимиздадир.
Мўъмин банданинг Аллоҳнинг розилигини истаб айтган биргина сўзи ёки кичик бир амали жаннатга қаратилган йўл бўлади. Итоатсизликлар гарчи кишининг назарида кичик бўлсада жаҳаннам тарафга қадам қўйиш бўлади. Гуноҳда давомий бўлиш билан у гуноҳ кичиклигича қолмай, балки, катта гуноҳга айланади. Ибн Баттол роҳматуллоҳи алайҳи айтди: “Аллоҳ таолога итоат – жаннатга элтувчи ва итоатсизлик – жаҳаннамга яқинлаштирувчи омиллардир. Жаннатни ҳосил қилиш ўзида холис ният ва солиҳ амалларни жамлашлик билан осонлашади. Ўзининг нафси ҳавосига эргашиб, Роббисига итоатсизлик қилишлик кишига жаҳаннамни яқинлаштиради”. Ҳофиз ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи: “ Ушбу ҳақиқатларни англаб етган ақлли киши, гарчи кўринишида кичик кўринсада қилиниши керак бўлган хайрли ишларни ва четлашиши керак бўлган ёмонликларни эътиборсиз қолдирмайди. Чунки, билмайдики қилган қайси амали уни Аллоҳ таолонинг раҳматига олиб боради ёки унинг қайси гуноҳи Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб боради”, -деди. Дарҳақиқат, биргина сўзнинг мисолида кўрсак. Кишининг оғзидан чиққан биргина сўз уни иймонга киргизиши ёки иймондан чиқариши мумкин. У айтган биргина сўз биродарининг дардига дармон, ғам-қайғусини кетказгувчи ва кўнглига хушнудлик келтирувчи, яхши ишларга умид ўйғотувчи, дунё ва охиратини тўғри йўлга соладиган ҳидоят нури бўлиши ёки аксинча, ўз атрофидаги кишиларнинг қалбини тирновчи, адоват уруғини сочувчи, кимнингдир залолат кўчаларида сарсон-саргардон юришига сабабчи жаҳолат уруғи бўлиши мумкин. Ёки оилада янграётган сўзлар оилани мустаҳкам қилувчи, аҳли аёли ва фарзандларини тарбияловчи, уларни ўзига нисбатан муҳаббати ва ҳурматини оширувчи ҳикматлар бўлиши ёки билакс, оилани пароканда қилувчи, аҳли аёли ва фарзандларининг ахлоқини бузувчи, ҳаёсизликни тарқатувчи ва кишининг оиладаги ҳурматини кеткизгувчи нодонликлар бўлиши мумкин. Бу мисолларни биздан содир бўлаётган ҳар бир амалларимизда мулоҳаза қилсак бўлади.
Ушбу ҳадиснинг фойдалари:
Ҳадиснинг биринчи фойдаси, мўмин бандага умидбахшликни тақдим этади. Бинобарин, сизнинг назарингизда арзимас бўлиб кўринган яхшилик жаннатга киришингизга сабабчи бўлиши мумкин.
Ҳадиснинг иккинчи фойдаси, банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқувни шакиллантиради. Бинобарин, уша сиз арзимас, деб билган гуноҳ-ёмонлик дўзахга киришингизга сабабчи бўлиши мумкин.
Ҳадиснинг учинчи фойдаси, ҳадисда тарбиялаш усули бор. Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин бандаларни жаннат мукофоти билан қизиқтириб, яхши амалларни ўзига касб қилишликка ундадилар ва жаҳаннам билан қўрқитиб, мазамматли ишлардан узоқда бўлишни талаб қилдилар.
Ҳадиснинг тўртинчи фойдаси, Аллоҳ таолонинг ҳузурида банданинг ҳар бир катта-кичик амали эътиборлидир. Улар қилган заррача яхшиликнинг савоби завол бўлмайди.
Ҳадиснинг бешинчи фойдаси, Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчининг диққатини тортиш мақсадида “ковушининг ипидан ҳам яқинроқ”, деб зарбул масал қилганларидек, мўъмин банда ҳар бир сўз ва амалига диққатли бўлиши ва эътиборсиз бўлмаслик таълимоти мавжуд.
“Оқ туникали” жоме масжиди имом-ноиби
Темиров Наврўзжон