Мақолалар

Иккита бир хилини топа олмайсиз!

Ватанимиз қуёшли юрт бўлишига қарамасдан ҳар бир фасл бошқа минтақаларга нисбатан бетакрор ва ўз вақтида келиши билан ҳам ажралиб туради. Бироқ сўнгги йилларда биз ҳам худди жанубий мамлакатлар сингари қиш тароватидан мириқиб баҳраманд бўла олмаяпмиз. Негадир ўтган йилги каби бу йилда ҳам қор бизни анча соғинтириб қўйган эди.

Эрта тонгдан ишхонам сари отланиб кўчага чиқсам, атроф гўй оқ либосга буркангандек кўзни қамаштирар эди. Одатда феврал ойининг иккинчи ярмида қор ёғиши биз учун бироз ноодатий ҳисобланади. Чунки бу пайтда биз баҳорни қаршилашга тайёргарлик кўрар эдик. Лекин беғубор ва самимий ҳисларни уйғотувчи қор оёғим тагида ғичир-ғичир этарди. Бу манзарани кўриб, бехосдан СУБҲАНАЛЛОҲ деб юборади киши.

Дунёдаги барча яратилган мўъжизалар орасида қор ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради.  Келинг, қуйида олимларнинг қор ҳақидаги илмий-тадқиқот натижалари билан танишиб чиқсак:   

 

 

 

  • Бизга оппоқ бўлиб кўринадиган қор аслида оқ рангда эмас. У рангсиз ва тиниқ бўлиб, майда кристаллар (қор парчалари) юзасида ёруғлик нури аксланиши туфайли атрофдагиларга оқ бўлиб кўринади.
  • Олимларнинг таъкидлашича, иккита бир хил кристалли қор парчаси мавжуд эмас. Яъни ҳар бир қор парчаси бетакрордир. Худди инсоннинг бармоқ ва тил излари каби.
  • Ерга тушаётган ҳар бир қор парчаси ўзида – 10 квинтиллион (10 000 000 000 000 000 000) дона сув молекуласини олиб тушади.
  • Қор парчаларининг бир-бирини такрорламаслигини фотограф Уилсон Элвин Бентли 1885 йилдан бошлаб олган минглаб расмларни солиштириш натижасида аниқлаган.
  • Қор парчаси 2002 йил Солт Лейк Ситида ўтказилган қишки Олимпия ўйинлари рамзи бўлган.
  • Гиннеснинг Рекордлар Китобига киритилган энг йирик қор парчаси диаметри 15 дюм, қалинлиги 8 дюм бўлган. У 1887 йил 28 январда АҚШнинг Монтана штатидан топилган.
  • Рекорд даражада қор ёғиши АҚШдаги Бейкер тоғи ёнбағрида кузатилган бўлиб, 1998-1999 йилги қиш мавсумида деярли 29 метр қалинликда қор ёғган.
  • Ер юзидаги барча чучук сувларнинг 80 фоизи қор ва муз кўринишида бўлиб, улар сайёрамизнинг 12 фоиз майдонини банд этган.

Юқоридаги маълумотларни ўқигач, Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига, мусаввирлигига қойил қолиб, “Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир” деб юборасан киши.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

قُلِ انظُرُواْ مَاذَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا تُغْنِي الآيَاتُ وَالنُّذُرُ عَن قَوْمٍ لاَّ يُؤْمِنُونَ

“Сен: “Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас”, деб айт” (Юнус сураси 101-оят).

Эслатма!

Қор ва ёмғир ёққанда қуйидаги дуо ўқилади:

«Аллоҳим! Мен сендан унинг шарридан паноҳ сўрайман», «Аллоҳим! Фойдали ва нафли қилгин».

 

 

Нозимжон Иминжонов ва

Саидаброр Умаров тайёрлади

3186 марта ўқилди

Мақолалар

Top