Мақолалар

Шукроналаримиз чексиз

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Асосий қонунимизда эътиқод эркинлиги кафолатланди.  Айни пайтда “Виждон эркинлиги  тўғрисида” ги Қонунда  эътиқод қилувчиларнинг хақ-хуқуқлари белгилаб берилди.

Биз буларни нималарда кўрамиз?

Аввало, эътиқод қилувчиларнинг эхтиёжлари эътиборга олиниб, масжид ва мадрасалар сони кўпайтирилди. Шўро замонида нафақат вилоятда,  балки бутун бир ҳудуд – Қуйи Амударё минтақасида ёшларнинг диний таълим олиши учун бирорта ҳам махсус ўқув юрти – мадраса йўқ эди. Истиқлолнинг илк даврида Урганч шахрида иш бошлаган Имом Фахриддин Ар-Розий номидаги мадрасада ўтган даврда  320 дан ортиқ ёшлар таҳсил олдилар ва бугун улар масжидларда имом хатиблик ва бошқа вазифаларда ишлашмоқда, динимиз аҳкомларини  мўмин – мусулмонларга  тушунтириш ишларида хизмат қилишмоқда.

Истиқлол даврида бир қатор янгидан масжидлар бунёд этилди. Хазорасп туманидаги  Сулаймон Боқирғоний, Боғот туманидаги Саййид Одина эшон, Урганч туманидаги  Ғоиб ота каби ўнлаб масжидлар шулар жумласидан. Замонавий услуб ҳамда шарқона меъморчилик анъанаси асосида қурилган ўнлаб масжидларимизни кўриб, ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам ундаги шароитларга қойил қолишмоқда.

Бугун вилоятимизда  97 та расмий масжидлар фаолият юритмоқда. Бу рақамни собиқ шўро даври – истиқлолгача бўлган вақтга қиёсласак, нисбат бир неча карра ошганига гувоҳ бўламиз.

Ўтмишда “эскилик сарқити”  ва ҳатто “жаҳолат уяси” деб камситилган, хароба ҳолига келиб қолган ўнлаб қадамжолар – улуғ бобокалонларимиз ҳоклари ётган, қадамлари теккан масканлар – зиёратгоҳлар обод қилинди. Хива шаҳридаги Паҳлавон Махмуд, Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний, Қўшкўпирдаги Замахшарий, Хазорасп туманидаги Боқирғоний зиёратгоҳлари ва бошқа ўнлаб зиёратгоҳ – қадамжоларни мисол қилиб келтириш мумкин. Муқаддам ҳатто бориш тақиқланган бу масканлар ҳар томонлама ободонлаштирилиб, юртдошларимизнинг севимли зиёратгоҳларига айлантирилганини ҳам фахр билан истиқлол неъмати деб биламиз.

Муқаддам вилоятимизда ҳатто бармоқ билан санарли кишилар ҳаж  ва умра зиёратларига боришарди. Ҳозирда ҳар йили хукуматимиз яратиб берган шарт-шароитлар туфайли юзлаб фуқароларимиз ҳаж ибодатни тўла-тўкис адо этишяпти. Ўтган даврда вилоятимиздан 5000 нафардан ортиқ  киши ҳаж зиёратини адо этиб қайтишди.

Қомусимизнинг 31-моддасида ҳамда 1998-йил 2-майда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонунда мазкур йўналишдаги фаолиятнинг ҳуқуқий асослари мужассам этилган. Динлараро  бағрикенглик, миллатлараро тотувлик принциплари кундалик ҳаётимиз, турмушимизнинг муҳим қисмига айланган. Урганч шаҳрида  3та ноисломий ибодатхоналар, яъни христианлар черкови, проваслав ва католик  ибодатхоналари қурилиб, фаолият юритаётгани юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир. Гарчи вилоятимизда бошқа динларга эътиқод қилувчилар сони нисбатан озчиликни ташкил қилса-да, уларнинг барчаси тенг асосда ўз динлари амалларини бажаришига, диний байрамларини  нишонлашига ҳар тамонлама имкон ва шароитлар яратилган. Буларнинг ҳаммаси турли миллат ва динлараро аҳилликни, бу эса ўз навбатида юртимизда тинчлик, тотувликни таъминловчи, унинг бардавомлиги ва мустаҳкамлигини белгиловчи муҳим омилдир.

Кенг омманинг диний билимларни ўзлаштиришлари, ислом динимизнинг инсонпарварлик, тинч-тотувликка асосланган аҳкомларини фуқароларимизга етказишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Имом хатибларимиз, уламолар электрон ва бошқа оммавий ахборот  воситаларида мунтазам чиқишлар қилишяпти. Шунингдек, кенг  омма орасида ўтказилаётган турли тадбирларда ҳам ўз ўрнимиз, айтар сўзимиз бор.

Сўнги йилларда вилоятдаги масжидларда имом хатиблик қилаётган ходимларимиз томонидан динимиз тўғрисида, унинг ахкомлари борасида бир қатор рисолалар ёзилгани ва чоп қилинишга хозирланганини ҳам мамнуният билан айтмоқчиман.  Бу ҳам истиқлолнинг бизга яратиб берган энг улуғ инъомларидан биридир.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун истиқлол шарофатидан  муқаддас динимиз ривож топгани, биз аҳли мўминлар юрт фаровонлиги, фуқаролар тинчлиги учун биргаликда хизмат қилаётганимиз учун Яратганга шукроналаримиз чексиз.

 

Х. Кенжаев,

 Урганч шаҳар бош имоми

4494 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top