Мақолалар

Ҳар яхшининг бир ёмони бордур

Ижтимоий тармоқларнинг ақидага бўлаётган салбий  таъсири

Бугунги замонимизда кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Айниқса, жуда ҳам куп  ишларимиз, хожатларимизни осонлашишига ва иқтисодимизнинг ривожланишига сабаб бўлаётгани сир эмас. Аммо, халқимизнинг “Ҳар яхшининг бир ёмони бор” деган нақлига кўра, ижтимоий тармоқлар ва алоқа воситалари сабабидан купгина муаммоларни келиб чиқаётгани ҳам сир эмас. Гуёки, мен бу воситаларни  ошхонада оиласи учун лазиз таомни тайёрлашга ҳаракат қилаётган хонадон бекаларининг қўлидаги пичоққа ўхшатгим келди. Пичоқдан кимдир яхши ниятда фойдаланса, кимнингдир қўлида совуқ қуролга айланади.    

Аллоҳ таоло Ҳабиби Муҳаммад Мустофа соллаллоҳу алайҳи ва салламни тарихдан ибрат олишликка буюриб Иброҳим ҳалилуллоҳнинг ҳаётларини эслатиб, Иброҳим сурасининг 35-36-оятларида шундай деди:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَٰذَا الْبَلَدَ آمِنًا وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَن نَّعْبُدَ الْأَصْنَامَ (35) رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيرًا مِّنَ النَّاسِ ۖ فَمَن تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي ۖ وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ    

“Эсланг, Иброҳим шундай деган эди: “Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени  ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин. 36. Эй Роббим, албатта, у (санам) лар одамлардан купини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳимлисан”.

Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Биби Ҳожар билан гўдак Исмоилни қодириб ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб У киши она болани кўрадиган улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар: “Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени  ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин. Эй Роббим, албатта, у санамлар одамлардан купини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳимлисан”.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. Энди, у ерда яшовчилар эътиқодларини соф қилсалар бас.

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларидан юртнинг тинчлиги қанчалик улуғ неъмат экани билинади. Шунингдек, юртнинг тинчлиги учун уша юрт аҳилларининг эътиқоди соф бўлиши асосий сабаб экани маълум бўлди. Бу ҳақиқатни Иброҳим алайҳиссалом: “Мени  ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин”, деб қилган илтижоларидир. Бу дуони қилишига сабаб Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб оилаларидан хабар олиб турар эди. Шунда  савдо карвонлари саҳрода дам олиб, тунаб ва сув захираларини таъминлаб олишлари учун Иброҳим алайҳиссалом оиласи макон тутган муқаддас ерда, Исмоил алайҳиссалом оёғлари остидан чиққан замзам қудуғи атрофида  қўним топар ва дам олиб бўлгач йўлларида давом этар эдилар. Мана шу қўним топиш муддатида карвонлар ўзларининг ибодатлари-ю, одатларини қилар эдилар. Кимлардир тошларга сиғинса, кимлардир ёғочлардан ясаб олган бутларига ва яна кимлардир оташларга. Бунга гувоҳ бўлган Иброҳим ҳалилуллоҳ карвонлар қилаётган бу ибодат ва одатлар аста-секинлик билан кўзлар ўрганиб,  зурриётларига ва уларнинг соф эътиқоду-урфларига таъсир қилишидан ва сингиб кетишидан қўрқар эди. Бунга далил Ҳалилулоҳнинг дуоларини давомидир. “Эй Роббим, албатта, у (санам) лар одамлардан купини адаштирдилар”. Дарҳақиқат, санамлар қандай қилиб адаштирсин, ваҳоланки, улар на фойда бероладилар ва на зарар. Балки, бутларга топинувчи, эътиқоди ва таълимоти бузуқ кимсалар ва манашу  бузуқ таълимотини оммага ёйиб, мусулмонлар орасига тафриқа ва адоват уруғини солувчилар адаштирадилар. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарларини исматда қилиб қўйган бўлсада, Иброҳим ҳалилуллоҳ ўзларини ҳам бузуқ эътиқоддан омонда бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашининг сабаби эътиқодга таъсир қилувчи турли хил таълимотларнинг купайиши соф эътиқодга нақадар хатарлик эканидир. Шунингдек, Иброҳим ҳалилуллоҳ зурриётлари ҳақида дуо қилганининг сабаби оталар ҳар доим фарзандларининг эътиқоди соф бўлиши учун улар кўриб, ўқиб ва ибратланиб ўрганаётган таълимотларнинг софлигига жуда ҳам қаттиқ эътибор қаратишининг муҳимлигидир.

Ҳа, Иброҳим ҳалилуллоҳ бу жуда муҳим бўлганидан ва ота ўзининг маъсулиятини адо этишда Аллоҳ таолонинг ёрдамисиз машаққатли ва бирон бир натижага эришиб бўлмаганидан Роббисига ёлвордилар. Зеро, Аллоҳ таоло мағфират қилгувчи ва раҳимлидир.   

Ҳа, айниқса замоннинг шиддат билан ривожланиши ва глобаллашув жараёнлари кўз ўнгимизда рўй бераётган бир пайтда бу жуда муҳимдир.

Ҳа, Иброҳим ҳалилуллоҳнинг замонларида умматнинг эътиқодига бутлар раҳна солган бўлса, бизнинг давримизга келиб ўзларининг бузуқ ниятлари билан динлар ўртасида Миссионерлик ҳаракатларини қилаётганлар ва аҳли сунна ва жамоат ақидасига хилоф бўлган хаворижлар ақидасига муофиқ ҳолатда мусулмонларнинг қони, моли ва обрусини ҳалол санаётганлар раҳна солмоқдадир.

 Ҳофиз Ибн Касир Димашқий роҳимаҳуллоҳ хаворижларнинг келажакда кучга эга бўлганида умматнинг бошига нималар олиб келиши мумкинлигини шундай зикр қилади: «Анави (хаворижлар) кучни қўлга киритганларида ер юзининг борини, Ироқу-Шомни фасодга тўлдиришади. Улар бола-қиз демай, эркак-аёл демай ўлдираверишади. Чунки уларнинг наздида гўё барча одамлар бузулиб бўлган-у, уларни омматан ўлдириш билангина ислоҳ этиш мумкин холос...». «Ал Бидоя ван Ниҳоя» китоби, 10/584,585.

Росулуллоҳ Уҳуд тоғида шундай деган эди: “.... Мен Аллоҳга қасамки, сизларнинг мендан кейин мушрик бўлиб кетишингиздан қўрқмайман, балки ўша (ер хазиналари) борасида талашиб-тортишишингиздан қўрқаман».

Ҳа, Росулуллоҳ алайҳис-салом қўрққан нарсалар бўлмоқда,  мусулмонлар қўлидаги дунё бойликлари бўлган конлару - нефтларга эгалик қилишлик мақсадида мусулмонларни бир бирига гиж-гижлаётган, ўрталарига нифоқ уруғини солаётганлар гарчи дунёнинг бир чеккасида бўлсалар ҳам интернет ва ижтимой тармоқлар орқали ўз мафкураларини халққа сингдираяпди ва ўз хайрихох қулларини топаяпди.

Ҳа, бугун замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Хусусан, интернет тармоғи энг оммабоп ва тезкор ахборот тарқатиш воситасига айланди. Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Оммавий жараён чуқурлашаётган, инсон онгини эгаллашга интилиш тобора кучаяётган, динлар, эътиқодлар ва урф-одатлар бир-бирига тўқнаш келаётган ҳозирги шароитда ёш авлодни, уларни тарбиялаётган ота-она ва мураббийларни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлардан асраш муҳим вазифадир .

Ҳа, бу виртуал оламда оқу-қора, яхшию-ёмон, савобу-гуноҳ ва адолату-разолат ҳаммаси аралаш мужассамдир. Зеро, биз ўзимизни замондан ва замонни ўзимиздан айро тасаввур қилаолмаймиз. Фақатгина, бугунги кунда турли кўринишдаги ахборот воситаларининг нозик жиҳатларини ҳар биримиз англаб етган ҳолда аввалам бор, Иброҳим ҳалилуллоҳ тутган йўлни маҳкам тутиб ўзимиз ва зурриётларимиз ҳақига Аллоҳ таолодан ножот тилаб дуо қилиш, сўнгра уларга соф эътиқод ва анъанавий урф-одатларимизни ўзимиз яхши билган, юксак илмига хулқи мос тушган, халқнинг маънавий ва маърифи онгини оширишда гуёки динни қўлидаги чуғ мисол ушлаб турган юртимизнинг уламоларидан таълим олиш ва аждодларимиз қолдирган илмий меросларни ўрганиш орқали соф эътиқодимизни сақлашимиз мумкин, халос.

Шоядки, фарзандларимиз парда ортида туриб, таълимотинининг аввалида софликни кўрсатиб сўнгида тор, қаронғу ва борса келмас кучаларда сарсон-саргардонликка бошловчи, қалбида марази бўлган, ўзидан “шайх, олиму-уламо” ясаб олганлардан динни ўрганмасинлар!

Шоядки, фарзандларимиз уларнинг даъватларига учиб, исломнинг буюк шиорлари бўлган “жиҳод”, “хижрат” ва “ҳалифалик” каби улуғ сўзлар ортига беркитган манфур ният ва ишлари қурбони бўлиб, мусулмонларнинг хунларига зомин бўлмасинлар!

Шоядки, ўзининг жоҳиллиги ва дунё қарашининг торлиги сабабли кимларнингдир қўғирчоғига айланиб қолган ва ўзининг жирканч башараларини Ислом ниқоби остига яшириб, фасод-терористик ишларини “Ислом динининг амри” деб қилаётганлар каби муқаддас динимизнинг ойдек юзига ва асрлар давомида илму-маърифати ва чиройли хулқу-атвори билан дунёга намуна бўлган мусулмон умматининг нурлик юзларига қора доғлар бўлмасинлар!

Амин! Амин! Амин!

 

Оқ туникали жоме масжиди имом ноиби

Темиров Наврўзжон.

2958 марта ўқилди

Мақолалар

Top