Мақолалар

Бу бизнинг бурнимиз...

Бурун ажойиб тарзда яратилган аъзо бўлиб, ичида устма-уст жойлашган мугуз пластинкалар бор. Ҳаво ўша пластинкалар орасидан узоқ масофани босиб ўтади. Нега?

Маълумки, инсоннинг тана ҳарорати 37 даража бўлиб, қиш кунларида ҳарорати 0° бўлган ҳаводан нафас олади. Ушбу совуқ ҳаво бурун ичидаги пластинкалардан айланиб ўтиб, ўпкага илиқ ҳаво тарзида етиб боради.

Инсоннинг саломатлигида бурундаги ушбу мугуз пластинкаларнинг катта ўрни мавжуд. Чунки уларда мушакларга бириккан қон томирлари бор. Бу мушаклар кенгайса, ундаги қоннинг миқдори ортади. Инсоннинг бурни совуқ кунларда қизил рангда кўринади. Бу ранг қаердан келди? Бу ўша буруннинг ичидаги қон томирлари кенгайганидан далолат. Илиқ қон бу томирларга келгач, пластинкаларни илитади. Пластинкалар илигач, уларнинг орасидан ўтаётган совуқ ҳаво ҳам илийди.

Агар инсон оғзи орқали нафас олса, жуда кўп касалликларга чалинади. Бурундан нафас олганда эса, совуқ ҳаво илиши натижасида касалликлардан қутулади. Шунингдек, мазкур пластинкалар шилимшиқ ва ёпишқоқ модда билан қопланган. Бу модда бурунга ҳаво орқали кирадиган чанг ва бошқа зарарли микробларни тутиб қолади. Гоҳида инсон чангли ҳавода нафас олганда, бурнидаги шилимлиқ моддага ўша чанглар ёпишади. Бурнини ювганда ўша чангларни қорамтир рангда кўради. Бу ердаги улкан ҳикматни қаранг!

Агар чанг ҳавода нафас олганимизда, баъзи чанг заррачалари ёпишқоқ моддадан қутулиб қолди. Энди уларни нима тутиб қолади? Энди уларни бурун ичидаги туклар тўсиб қолади!

Пластинкалар ҳам шилимшиқ модда билан, ҳам тук билан қопланган.

Шундай қилиб бурун орқали ўтаётган совуқ ҳаво илийди. Чанглар ёпишқоқ моддага ёпишиб қолади. Улардан ўтгани тукларга илинади. Хуллас, зарарли модда ичкарига, ўпкага ўтмаслиги учун бурун мукаммал аъзо қилиб яртилган.

Соғлом ақлли инсон бу ишлар ўз-ўзидан бўлган деб ўйламайди! Бу ерда улкан ҳикмат, буюк раҳмат борлигини бутун вужуди билан ҳис қилади!  

Инсон шу бурни билан турли ифорларни ҳидлайди. Унда нечта ҳид билувчи асаб толалари бор? 20 миллионта!

Ҳар бир ҳид билувчи асаб толасининг учи еттита попук билан тугайди. Бу попуклар ҳам шилимшиқ моддалар билан ўралган. Попуклар ва шилимшиқ модда ташқаридан кирган ҳид билан реакцияга киришади ва попуклар геометрик шаклга киради. Бу геометрик шакл ўша ҳиднинг белгиси ҳисобланади. Кейин ушбу шакл мияга юборилади ва миядаги ҳид билиш бўлимига қайд этилади. Кейинчалик сиз истеъмол қилаётган таомингизга ялпиз солинганини ёки фалон модда қўшилганини сезиб қоласиз. Қандай сезасиз? Гап шундаки, ялпиз ҳиди бурнингиздаги ҳид билиш рецепторларида муайян шаклни ҳосил қилади. Кейин ўша шакл миядаги ҳидлар марказига юборилади. Олимларнинг айтишича, миядаги ҳид билиш марказида ўнг минглаб пунктлар бор экан. Ҳиднинг белгиси бўлган шакл шу пунктларга бирма-бир кўрсатиб чиқилар экан. Кейин мия ўша марказда қайд этилган ҳидлар орасидан ялпиз ҳидини топади. Ана шунда сиз овқатингизга қўшилган нарсанинг ялпиз эканини сезасиз.  

Ҳа, азизлар, инсондаги ҳар бир аъзо ана шундай бетакрор ва ажойиб қилиб яратилган. Инсон учун энг яқин нарсалар унинг тана аъзоларидир. Улар ҳақида тафаккур қилиш, тузилишини, ишлаш жараёнини ўрганиш Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилишнинг энг қисқа йўлидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).

 

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

3099 марта ўқилди

Мақолалар

Top