Мақолалар

Динимиз бағрикенгликка чақиради

Маълумки, юртимиз қадимдан жуғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани сабаб, бу ўлкада турли миллат ва элат вакиллари азалдан бир-бирлари билан тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшаб келишган. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади.

Истиқлол йилларида виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ ва хуқуқлари масалаларига катта эътибор берилди. Юртимизда фуқаролар тотувлиги ва тинчлигини сақлашда ҳар бир дин ва миллат тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши жуда муҳимдир. Шуни эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилиги фуқаролар эркинликларининг барча кўринишларини кафолатлайди. Чунончи, бош Қонунимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади. Қуръони каримда: “Динда зўрлаш йўқ...” (Бақара, 256) дея марҳамат қилинган.

Ислом динида барча халқлар дини, ирқи, миллатидан қатъий назар, ўзаро ҳамкор яшашга буюрилган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводарроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот,13).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа дин вакилларига озор беришдан қайтариб, умматларига бағрикенгликнинг юксак намуналарини  кўрсатганлар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир саҳобани: “Эй қоранинг ўғли”, деганларида, бу гапдан хабардор бўлган Расули акрам алайҳиссалом “Сенда жоҳилият одати бор экан!”, дедилар. Бу билан мусулмон кишида ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик кўринишида бирор сўз ёки ҳаракат бўлмаслигини таъкидладилар.

Қуръони каримнинг қатор оятларида ҳам бошқа дин вакилларига нисбатан яхши муомала ва муносабатда бўлишга чақирилади. Жумладан, Мумтаҳана сурасининг 8 оятида: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, дейилади. Ушбу оят Ислом нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканини, ўзга дин вакилларига доимо яхши муносабатда бўлиш лозимлигини кўрсатади.

Шунга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан тинч-тотув, жамият учун манфаатли ҳамкорликлар асосида яшашга ҳаракат қилардилар. У зот: “Мен уларни ўзим ҳурмат иззат қилишни хуш кўраман”  деб Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларга шахсан ўзлари хизмат қилганлар. Нажрон носролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига тушуриб, у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Шомни фатҳ этгач, насронийлар билан битим тузиш учун келганда, намоз вақти бўлиб қолади, насронийлар ҳазрат Умарга намозни черковда ўқишни таклиф қилишади. Умар уларга шундай жавоб берадилар: “Агар мен черковда намоз ўқисам, мусулмонлар ҳам менга тақлид қилиб черковда намоз ўқишади. Мен кетгандан сўнг мусулмонлар черковни сизлардан тортиб олишлари ҳам мумкин”. Демак, исломнинг инсоний жиҳатларидан бири – бошқа дин вакилларига зиён етказмасликдир.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло бандаларини мол-дунёсига, киядиган кийимига қараб эмас, қалбини поклиги-ю, қиладиган яхши амалига қарайди” дейилади. Ушбу ҳадисдан шуни англаш мумкинки, киши оқкўнгил бўлишга, бошқаларга яхши кўз билан қараб, дўстона алоқаларни боғлашга ҳаракат қилиши лозим экан.

Нурулло ўғли НАСРУЛЛОХОН

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани

“Чандиробод” жоме масжиди имом хатиби.

4585 марта ўқилди

Мақолалар

Top