Мақолалар

Солиҳларга муҳаббат самараси

Агар солиҳларни яхши кўрсанг ва қалбинг уларга боғланса, вафотингдан кейиноқ уларнинг ёнида бўласан. Биродарларимдан бири ушбу воқеани айтиб берган эди:

“Отам Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳони жуда яхши кўрар эди. Ҳаётларини ўқир, фазилатларини ўрганар, ҳақларига дуо қилар эди. Отам ҳам, онам ҳам Шомда яшашар эди. Бир куни у бизга: “Эй фарзандларим, вафот этсам, Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг ёнларига дафн эта олсангиз, шундай қилинглар!” деди. Отам бу гапни айтдилар-у, аммо биз Шомда яшаймиз. Ҳадича онамиз эса Маккада дафн этилганлар. Ўйланиб қолдик. Қолаверса, Саудия ҳукумати бошқа юртдан борганларни у ерга дафн этишга рухсат бермайди. Ҳадича онамиз дафн этилган Ҳожун қабристонига фақат махсус кишиларгина дафн этилади. Лекин отам бизга шу васиятни қилаётганда, “Агар қўлингиздан келса” деганди.

Бир куни отам “Мен Умрага бормоқчиман” деди. Биз ўша пайтда жуда банд бўлганимиз учун отамиз билан бирга Умрага бора олмасдик. Шомнинг шайхларидан бири ҳам ўша йили Умрага борадиган бўлди. Отам у кишини танир, у ҳам бизни танирди. Унинг олдига бориб, “Устоз, отам Умрага бормоқчи. Биз вазифаларимиздан бўшаб бирга боролмаймиз. Мумкин бўлса, сизга ҳамроҳ бўлсалар, доим ёнингизда юрсалар. Иложи бўлса, гуруҳингиздаги йигитлардан бирортаси отамга қараб, ёрдамлашиб турса” дедим. Шайх рози бўлди ва Умрага жўнаб кетишди. Отам у ерга боргач, Масжидул Ҳаромда қолиб ибодат, зикр, Қуръон тиловатига қаттиқ берилибдилар. Йигитлар келиб, “Меҳмонхонага олиб кетайликми?” дейишса, “Сизлар бораверинглар, мен шу ерда қоламан” дер эканлар. Мана шу тарзда Умра ибодатини адо этиб юрган кунларининг бирида вафот этдилар. Шайх дарҳол бизга қўнғироқ қилиб, “Отангиз вафот этди. Аллоҳ таоло унинг ажрини кўпайтириб берган бўлсин!” деди. Биз: “Ҳа, шайх, отамиз ўша диёрда вафот этишни орзу қилардилар. Бир илтимос бор эди, устоз. Отам Ҳадича онамизнинг ёнларида дафн этилишни қаттиқ хоҳлардилар. Агар иложи бўлса, отамизни Ҳадича онамизнинг ёнларига дафн этсангиз” дедик. Бу гапни эшитган шайх: “Сизлар нима деяпсизлар? Мен бир гуруҳнинг раҳбариман. У қабристонга дафн эттириш менинг қўлимдан келмайди. Бу иш ҳукуматнинг қарори билан бўлади” деб жавоб берди. Шунда биз унга: “Сизни қийнаб қўйиш ниятимиз йўқ. Агар иложи бўлса деяпмиз-да” дедик. Шайх “Аллоҳ насиб этса. Аллоҳ таоло отангизни раҳматига олсин! Бу иш Унга осон. Вассалому алайкум” деди.

Кейин маййит ювилиб, кафанланиб, жаноза ўқиш учун олиб келинибди. Масжидул Ҳаромда отам билан бирга яна олти кишига жаноза ўқилибди. Жанозадан сўнг ҳамма тобутлар кўтарилиб, бирин-кетин ташқарига олиб чиқа бошланибди. Охирги тобут отамники экан”.

Ҳикояни Шайх шундай давом эттиради: “Тобутни кўтариб, Масжидул Ҳаромдан чиқаётганимизда, нотаниш бир киши олдимга келиб, “Маййитингизни Ҳадича розияллоҳу анҳонинг ёнларига дафн этишни истайсизларми?” деб сўради. Бу гапни эшитиб бутун танам музлаб қолди. Унга қараб “Ҳа, албатта” дедим. Бояги одам: “Тобутлар ташқарига чиққач, сизлар тобут билан ортимдан юринглар” деди. Йигитларга қараб: “Мен қаёққа юрсам, сизлар ҳам ортимдан юринглар” дея буюрдим. Бояги одам бошқа тарафга юриб кетди, биз ҳам ортидан эргашдик. Ҳожун қабристонига бордик. Аллоҳга қасамки, Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳога энг яқин жойда қабр кавлаб қўйилган экан. Шомлик кишини ўша қабрга дафн этдик”.

Ҳа, азизлар, агар қалбларимиз севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, мўминларнинг оналари ва бошқа авлиёларни яхши кўрса, уларга боғланса, улар билан бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирга бўламиз. Шунинг учун уларни севишга, ҳаётларидан ибрат олишга, уларга эргашишга ҳаракат қилиб, ёмонлардан узоқ бўлайлик! Ҳеч ким ёмон кимсалар билан бирга ўтирмасин, бирга юрмасин, акс ҳолда, қалб уларга боғланиб қолиш хавфи бор. Аллоҳ асрасин!  

 

Ҳикоя қилувчи: Шайх Муҳаммад Хайр Шаъол

Таржимон: Нозимжон Иминжонов

2682 марта ўқилди

Мақолалар

Top