Мақолалар

Хуфтон намозидан аввалги уйқу жоиз(ми?)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда одам куни бўйи ишхонада бўлиб, фақат кечки пайтдагина уйга қайтади. Табиийки, одам бир оз бўлса-да ўзида толиқиш сезади. Кечки овқат тановулидан кейин беихтиёр кўзга ширин уйқу келади. Қиш кунлари, ҳамманинг уйида ҳам етарли шароит йўқ. Совуқда таҳоратни янгилашга эриниб, ўз-ўзига: “Тун узун бўлса, бир ухлаб туриб кейин хуфтонни ўқирман” – дейди-да, таппа ўрнига ётади. Бу кўпчиликда учрайдиган ҳолат. Бир оз мизғиб, кейин хуфтонни ўқирман деб тўшакка ётасиз-у, кўзингизни очганда эса аллақачон бомдод намозининг вақти кирган бўлади. Хуфтонни бой берган бўласиз…

Фуқаҳоларимиз мана шу ҳолат юзасидан ҳам ўз фиқҳий қарашларини баён қилиб ўтганлар. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Мухтасару ихтилаф ил-улама” асарида шундай ёзади:

«Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Исмоил ибн Абдулмаликдан, у Мужоҳиддан ривоят қилади:

«Хуфтондан олдин ухлаб, кейин уйғониб жамоат билан хуфтон ўқигандан кўра, уйқудан олдин ўзим якка ўқиб сўнг ухлаганим афзалдир!»

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Биз шу қавлни оламиз. Хуфтондан олдинги уйқу макруҳдир. Бу масалада хилоф борлигини билмайман, деган» («Китоб ул-асор»).

Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳам хуфтондан аввал ухлашни, ундан кейин гаплашишни макруҳ деб биламан, деганлар.

Имом Суфён Саврий ҳам хуфтондан олдинги уйқу менга ёқмайди, деган.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хуфтон ўқимасдан ухлаганлар ҳақида:

«Аллоҳ кўзига уйқу бермасин», деб дуо қилган эканлар.

Имом Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ ҳазрати Умарнинг шу сўзига изоҳ бериб: «Бу туннинг учдан биридан кейин ҳам хуфтон ўқимасдан ғафлат босиб ухлаганларга тегишли», деганлар.

Саййёр ибн Саламанинг Абу Барзадан ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ва хуфтондан кейин гаплашишни хушламас эканлар. Ва яна, хуфтон намозини туннинг биринчи учдан бирига суриб ўқир эканлар.

Баъзи ривоятларда Али розияллоҳу анҳу хуфтондан олдин бир оз ухлаб олишни яхши кўрардилар, деган гап бор.

Абдуллоҳ ибн Умар ҳам хуфтондан олдин ухлашга ётар, аммо бир одамни хуфтон вақти чиқишидан олдин уйғотиб қўйишга тайинлаб қўйиб кейин ухлар эканлар.

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, хуфтон вақти киришидан олдин ухлаш макруҳ, вақти киргач эса мубоҳ. (Имом Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ил-улама).

Хулоса шуки, тунда уйғониб хуфтонни ўқий олишига кўзи етган одам хуфтондан олдин ухлаши жоиз. Аммо бир ётишда тонг оттирадиган уйқучиларга эса хуфтонни ўқимасдан ухлаши мутлақо жоиз эмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида ўз вақтида ўқилган намозни энг яхши амаллар сирасида санаб ўтганлар. Шунга кўра, намозни вақтидан ўтказиб ўқиш оғир гуноҳлар қаторидан жой олади. Қуръони каримда эса намозига бепарво бўлганларга вайл бўлсин, деган оят бор. Аллоҳ таоло ҳар намозимизни ўз вақтида тўла-тўкис адо этишни насиб этсин!

 

Ботиржон қори,

Элмурод Қўзиев,

Андижон тумани, 

«Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби

Манба: http://islom.uz

4048 марта ўқилди

Мақолалар

Top