Мақолалар

Гўзал хотима топиш учун нима қилиш керак?

Гўзал хотима – банда ўлими олдидан солиҳ амалларга муваффақ қилиниши ва шу амаллар устида вафот этишидир. Ёмон хотима эса бунинг акси бўлиб, гуноҳ-маъсиятлар устида ўлишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

يُثَبِّتُ اللّهُ الَّذِينَ آمَنُواْ بِالْقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ وَيُضِلُّ اللّهُ الظَّالِمِينَ وَيَفْعَلُ اللّهُ مَا يَشَاءُ

“Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).

Саййидмиз Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраганлар: 

رَبِّ قَدْ آتَيْتَنِي مِنَ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِن تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ أَنتَ وَلِيِّي فِي الدُّنُيَا وَالآخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِماً وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ

“Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин”, деди”. (Ушбу оятда Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.) (Юсуф сураси, 101-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деган: 

إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنتُمْ تُوعَدُونَ نَحْنُ أَوْلِيَاؤُكُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَشْتَهِي أَنفُسُكُمْ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَدَّعُونَ  نُزُلاً مِّنْ غَفُورٍ رَّحِيمٍ

“Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у (жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир. Бу ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдан зиёфатдир”, деб тушарлар” (Фуссилат сураси, 30-32-оятлар).

Ушбу оятлардаги تَتَنَزَّلُ (татаназзалу) калимасидаги “та” ҳарфининг кетма-кет келиши фаришталарнинг қайта-қайта тушишларига ишора қилади.

Имомлардан Вакийъ ва Ибн Зайд раҳимаҳумаллоҳ шу калима хусусида бундай дейишган: “Фаришталар хушхабар билан уч ўринда тушадилар. Инсон вафот этаётган пайтда, қабрда ва қайта тирилиш чоғида”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Яхшиликларни амалга ошириш ёмон ўлимдан сақлайди”.

Бир йигит дайди ўқдан жароҳатланди. Онаси уни дарҳол шифохонага олиб борди. Йўлда кетаётганда йигит онасига қаради ва “Онажон, қўрқманг! Мен барибир вафот этаман. Мен жаннатнинг ифорини ҳис қиляпман” деди ва шаҳодат калимасини айтиб жон берди. Отасидан ўша йигит ҳақида сўралганда, “Ўғлим кечаси кўп намоз ўқир эди ва бошқаларни ҳам намозга уйғотарди” деб жавоб берди.

Катта магистрал йўллардан бирида автоҳалокат содир бўлди. Ўша ердан ўтиб кетаётган йўловчи тўхтаб, жароҳатланганларга ёрдам бермоқчи бўлди. Машиналар бир-бирига киришиб кетган эди. Машиналардан бирини ёш йигит бошқариб кетаётган экан. Йигитнинг юзи ва аъзолари қонга беланган. Уни қутқариб қолиш мақсадида ўша одам дарҳол тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Аммо йигит охирги нафасларини олаётган эди. Ўша йўловчи воқеани шундай давом эттиради: “Шаҳодат калимасини айтиш ёдимга келиб қолди ва йигитнинг қулоғига яқин келиб, АШҲАДУ АНЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН РОСУЛУЛЛОҲ дедим. Йигит эса аҳмоқона бир қўшиқдан парча куйлади-да, вафот этди”.

Азизлар, юқоридаги воқеа билан ушбу воқеа ўртасида жуда катта фарқ бор. Кимдир жаннат ифорларини ҳис қилиб, шаҳодат калимасини айтиб вафот этдию, кимдир қўшиқ куйлаб ўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни ирода қилса, уни амал қилдириб қўяди” дедилар. “Қандай амал қилдиради?” деб сўралди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Уни ўлимидан олдин солиҳ амалга муваффақ этади-да, кейин ўшанинг устида руҳини қабз қилади” дедилар. Имом Термизий ривояти.

Барча солиҳ инсонларнинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган пайтларида энг кўп қиладиган дуолари гўзал хотимани сўрашдир. Бирор улуғ зотнинг олдиларига бориб, ўзингиз учун дуо сўрасангиз, у зот Аллоҳ таолодан ўзларига ва сизга гўзал хотима беришини сўрайдилар. Юксак мақомга етган инсонлар хотималаридан ҳаммадан кўпроқ қўрқишади. Чунки улар юксак мақомдан қулаб тушиш нақадар даҳшатли эканини яхши билишади.   

Гўзал хотима топишнинг 4 та шарти бор:

  1. Ҳаром қилинган нарсалардан узоқлашиш.

Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ейишдан, ичишдан, пулни ҳаром йўл билан топиб, ўша пулга кийим сотиб олиб кийишдан, одамларнинг молини ўзлаштириш, ўғрилик, қароқчилик, йўлтўсарлик, савдодаги алдов ва ҳоказолардан тийилиш шарт.

“Ал-Жаваабул кофий” номли китобда мана бу ҳикоя келтирилган: “Бир киши ўлим тўшагида ётганда, унга “Шаҳодат калимасини айт” дейилди. Шунда у “Ўнга ўн бир” деб вафот этди”.

У одам ҳаётида судхўрлик билан шуғулланиб, одамларга ўн минг қарз берса, “Ўн бир минг қилиб берасан” дер экан. Ўлаётганда ҳам шу гапни гапириб вафот этди.

  1. Фарз, вожиб амалларни ўз вақтида адо этиш.

Намоз, рўза, закот ва ҳажни адо этиш, ота-онага яхшилик қилиш, оилага нафақа қилиш, фарзандлар тарбиясига эътибор бериш ва ҳоказолар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ”.

Шунинг учун ким фарз, вожиб амалларни тарк этаверса, унинг ёмон ҳолда ўлиш хавфи бор. Аллоҳ таолодан ёмон ўлимдан паноҳ тилаймиз!

  1. Суннат, мустаҳаб, нафл амалларга эътиборли бўлиш.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

فَمَنْ آمَنَ وَأَصْلَحَ فَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ

“Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар” (Анъом сураси, 48-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Яхшиликларни амалга ошириш ёмон ўлимдан сақлайди”.

Ҳишом ибн Урва раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Отам Урва кўп нафл рўза тутар эдилар. Вафот этганларида ҳам рўзадор ҳолда эдилар”. 

  1. Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраб дуо қилиш ва У Зот ҳақида яхши гумонда бўлиш.

Ҳар сафар дуо қилганимизда Аллоҳ таолодан “Эй Роббим, хотимамни гўзал қилгин! Исломда, солиҳ амаллар устида жонимни олгин!” деб сўрашимиз керак.

Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим “Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин!” деб дуо қилардилар. Қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо “Бу қандай бўлади?” дердилар. Чунки Мадина тинч, омон шаҳар бўлиб, у ерда ҳеч қандай уруш, қон тўкилиш содир бўлмас эди. Бу саволга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, бу иш бўлади” деб жавоб берардилар. Аллоҳ таоло бу дуоларини ижобат қилди ва у киши Мадинада шаҳид этилдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Аллоҳ Таоло деди: “Мен бандамнинг гумонидаман, агар Мен ҳақимда яхши гумонда бўлса,  бас, ўзи учун, агар ёмон гумонда бўлса ҳам ўзи учун” (Аҳмад ривояти).

Имом Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Менинг ҳисобим онамнинг қўлида бўлишини ёқтирмайман. Роббим мен учун онамдан яхшидир”.

Яъни “Аллоҳ таоло менга ота-онамдан ҳам меҳрибондир” деган маънода гапириб, Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлганлар.

Эй Роббим, хотимамизни гўзал қилгин! Бизни Исломда, солиҳ амаллар устида жонимизни олгин, омин!

 

Шайх Муҳаммад хайр Шаъъолнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

4365 марта ўқилди

Мақолалар

Top