Мақолалар

Кўпчиликнинг ҳаққидан эҳтиёт бўлайлик

Насиба Яратганга шукроналар айтиб, ўғли, келини, набираси билан янги ҳовлига кўчиб ўтишди. Кўчиб келишганига уч ой деганда, газ ҳисоблагичларини текшириш учун мутахассислар келишди. Газ ҳисоблагични кўздан кечириб,  анча қарз бўлганлигини айтиб, қарзни тўлаш кераклигини тушунтиришди. Насиба ҳозир шунча пули йўқлигини тушунтириб, ойма-ой тўлаб боришини айтди. Газни текширгани келганлар: “Тезроқ тўласангиз ўзингизга яхши, ҳохласангиз шу пулингизни учга бўламиз, бир қисми ҳисоб рақамига, бир қисми сизга, бир қисми бизга. Сизга ҳам тўлашингиз осонроқ бўлади” деб, тушунтиришди.

Насибани кўзи деразадан қараб турган набирасига тушди. Шунда Насиба “Ҳар қанча қарзим бўлса ҳам, албатта тўлайман. Кўпчиликнинг ҳаққи етимнинг ҳаққидан ёмон деб эшитганман. Оиламиз эҳтиёжига ишлатиб, энди ҳаққидан қочаманми? Аллоҳнинг олдига борганда нима деб жавоб бераман? Бир-икки кундан кейин келинг, албатта пулни тайёрлаб қўяман”, деб  газни текширишга келганларга жавоб бериб юборди.

Насибани олдига икки уй нарида турадиган қўшниси чиқиб, анча вақт гапга солиб турди. Гап орасида “Электр ҳисоблагични текширгани келиб, 1 миллиондан ортиқ жарима ёзиб кетишганини айтди. “Келишайлик” десам ҳам кўнишмади”, деб, норози ҳам бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Насиба қўшнисидан нима учун жарима ёзиб кетишганини сўраганида,  қўшнисининг жавобни эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлади. “Сизга тўғрисини айтсам, электр тармоғини “левый” қилиб қўйган эдик. Анчадан бери электрдан текинга фойдаланиб келаётгандик. Шуни сезиб қолиб, текшириш ўтказишди. Энди шунча пулни қандай тўлаймиз?”.

Юқорида келтирилган ҳодисаларга ўхшаш воқеалар кам бўлсада, ҳаётимизда учраб туради. Бошқанинг ҳаққи бошқа бировда қолиб кетмайди. Озгина фойда қиламиз деймизу, оқибатда бошқа томондан ювиб кетишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ  (سورة ﺍلمؤمنون/51)

яъни: “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” (Мўминун сураси, 51-оят).

Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали биз умматларга солиҳ амал, эзгу ишларни қилишдан олдин, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюрмоқда.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Мана шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини ноҳақлик билан ейиш ҳаромлигини ҳам уқтириб, жумладан шундай дедилар:

" اَلاَ اِنَّ اللهَ حَرَّمَ عَلَيْكُمْ دِمَائَكُمْ وَ اَمْوَالَكُمْ "

(رواه البخارى)

яъни: “Огоҳ бўлинглар-ки, албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди”.

Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

" يَا أَيُّهَا النَّاسُ اِنَّ اَحَدَكُمْ لَنْ يَمُوتَ حَتَّى يَسْتَكْمِلَ رِزْقَهُ ، فَلاَ تَسْتَبْطِئُوا الرِّزْقَ ، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِى الطَّلَبِ ، فَخُذُوا مَا حَلَّ لَكُمْ ، وَذَرُوا مَا حَرَّمَ اللهُ "

(رواه ابن ماجه)

яъни: “Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча вафот топмайсиз. Ризқда шошилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, чиройли талаб этинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар”.

Ҳаром бўлган нарсаларга бировнинг ҳаққи ҳам киради. Ҳазрати Умар  розияллоҳу анҳу тўғрисидаги қуйидаги ривоят барчамизга ибратлидир.

Бир куни Абдураҳмон бин Авф мўминларнинг Халифаси Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг зиёратига келди. Салом берди-ю, кутиб турди.

Халифа Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди.

Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у Ҳазрати Умарга: “Эй Амирул мўъминин! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш шамни ёқдингиз. Бунинг нима ҳикмати бор?”, деди.

“Эй, Абдураҳмон! Ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишлик ҳалол бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман”, деди.

Абдураҳмон бин Авф:

Ҳалоллик ҳар вақт, ҳар бир инсон учун зарурий фазилат бўлиб келган. Ўз вақтида тўланган тўловлар эса асосан меҳрибонлик уйларига, шифохоналарда беморларни даволаш учун, қариялар уйига, мактаб ва бошқа  жойларга ишлатилишини билишимиз зарур. Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон ўзи ва оиласи учун фойдаланган газ, электр энергия, сув ва бошқа маиший хизматларга тўловларни ўз вақтида холис адо қилиши ўзининг жамият олдидаги катта бурчи ва вазифаси эканлигини асло унутмаслиги лозим. 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

3047 марта ўқилди

Мақолалар

Top