Мақолалар

Бебаҳо марварид

Бир овчи бор эди. Кунларнинг бирида овлаган балиғининг ичидан қимматбаҳо марварид чиқди. “Субҳаналлоҳ! Балиқ қорнидан марварид чиқди-ку!” деб хурсанд бўлди ва уйига бориб: “Хотин! Хотин! Буни қара, балиқ ичидан дур чиқди” деди.

Кейин марваридни заргарга олиб борди. Заргар марваридни кўриб: “Бу бебаҳо-ку! Мен дўконимни, уйимни, қўшнимнинг уйини сотсам ҳам бу марваридни сотиб ололмайман. Сен уни қўшни шаҳардаги фалон заргарга олиб бор, балки у сотиб олар. Аллоҳ муродингни ҳосил қилсин!” деди.

Кейин овчи марваридни ўша заргарга олиб борди. У ҳам дурни қўлига олиб, яхшилаб назар солди ва “Эй дўстим, бу топилманг бебаҳодир. Лекин мен сенга бунинг ечимини айтаман. Марваридни шаҳримиз ҳокимига олиб бор, менимча, у буни сотиб олиши мумкин” деди. Овчи унга ташаккур айтиб, ҳокимнинг саройи томон жўнади.  

Сарой эшиги олдида бироз кутиб турди. Киришга рухсат бўлгач, ичкарига кириб, бўлган воқени ҳокимга айтиб берди ва қўлидаги марваридни унга узатди. Ҳоким дурни кўриб, “Мен бу дурни анчадан бери излаётган эдим. Сени нима билан мукофотлашни ҳам билмайман. Сенга ўзимнинг хос хазинамга киришга изн бераман. У ерда олти соат қолиб, истаганингча нарса олишинг мумкин” деди.  

Шундай қилиб воқеамиз қаҳрамони махсус хазинага кирдию ҳайратдан қотиб қолди. Хазинанинг ичи жуда катта бўлиб, уч қисмдан иборат экан: Биринчи хонаси қимматбаҳо тошлар, олтину кумушлар билан тўла, иккинчиси ётиб, дам олиш учун ҳозирланган хона ва учинчиси турфа хил таомлар ва ичимликлар тайёрлаб қўйилган хона.

Буларни кўрган овчи ўзича: “Шунча олтинларни қандай олиб кетаман? Унда аввал яхшилаб овқатланиб, кучга тўлиб олай. Кейин кўпроқ олтин олиб кетишимга имконим бўлади” деди-да, таомлар ҳозирланган хонага кириб, берилган вақтнинг икки соатини еб-ичишга сарфлади. Таомланиб бўлгач, олтину жавоҳирлар билан тўла хонага бораётганда, йўлдаги тўшаклар солинган иккинчи хонага кўзи тушиб, яна ичида: “Ҳозир овқатланиб, қорнимни тўйдириб олдим. Энди бироз мизғиб олсам, яна кўпроқ куч тўплайман-да, кўпроқ бойлик олиб кетаман. Шундай ажойиб сўри ва тўшакларда ухламай кетавераманми?!” деб ўйлади. Шундай қилиб, ухлаш хонасига кирди, чўзилдию, дарҳол ухлаб қолди.

Орадан бироз муддат ўтгач, “Эй аҳмоқ овчи, ўрнингдан тур! Муддатинг ниҳоясига етди. Бу ердан чиқишга тайёргарлик кўр” деган овозни эшитди. Қўрқиб кетиб, “Илтимос, менга муҳлат беринг, ахир мен ўзимга берилган вақтдан фойдалана олмадим-ку!” деди.

Ҳалиги овоз яна: “Сенга бу ерда ўзингга керакли буюмларни олишинг учун олти соат вақт берилди. Сен эса уйқудан энди турдинг. Энди олтин олмоқчимисан?! Нега шу олти соатнинг ҳаммасини олтин ва жавоҳирларни йиғишга сарф қилмадинг?! Кейин ташқарига чиқиб, шу олтинларга энг афзал таом, ажойиб тўшаклар сотиб олишинг мумкин эди-ку! Аммо сен аҳмоқ, ғофил кимса экансан. Қани, энди ташқарига чиқ!” деди.  

Ҳа, азизлар! Воқеа ана шундай якунига етди.

Ҳикоядаги “марварид” нима эканини биламизми? Бу – бизнинг руҳимиздир. Руҳимиз бебаҳо нарсадир.

“Хазина” нималигини биламизми? У мана шу дунё ва ундаги зебу зийнатлардир.

Хазинадаги “олтину кумушлар, қимматбаҳо жавоҳирлар” нималиги биламизми? Булар – солиҳ амаллардир.

“Ажойиб тўшак” эса ғафлатдир.

“Таом ва ичиликлар” эса нафснинг хоҳиш-истакларидир.

Азизлар! Бизга берилган бу умрни ғанимат билайлик! Вақтларимизни ғафлатда ўтказмай, солиҳ амалларни кўпроқ қилайлик!

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси  

3616 марта ўқилди

Мақолалар

Top