Мақолалар

Сукут олтиндир

Тил буюк неъмат. Унинг жисми кичик, масъулитаяти оғир, вазифаси улкандир. Тоат ҳамда исённниг энг юқори чўққиси бўлган имон ва куфр тил сабабли рўёбга чиқади. Инсон тойилишига ҳам кўпинча тил сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим).

Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.

Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришади. Бугунги кунда жамиятнинг энг кичик бўғими бўлмиш оила арзимаган бир оғиз сўз, ўрнида айтилмаган ортиқча гап, ўз вақтида тилни тиймаслик билан бузилиб кетмоқда. Натижада қанча-қанча норасида болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Оилада аёл бирозгина сукут сақлаши, эр эса бир мудддат ўзини босиб, жим туриши билан ҳал бўладиган муоммо сўзлаш билан аланга олмоқди. Натижа эса ҳаммага маълум. Келинг бироз жим турайлик!

Сукут сақлаш инсонга зийнат ва ҳайбатни  зиёда этади ва ҳатто қўрғон вазифасини ҳам ўтайди. Баъзилар кўп эшитиб, кам гапирадиган одамни кўрсалар ”Ҳайбатли одам экан ёнларида гапиролмадим”, бошқалар эса жим турадиган болани кўрганда беихтиёр “Бу бола одобли эканми?” деганларига гувоҳ бўламиз. Софван ибн Салим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: “Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга бадан учун енгил бўлган, осон ибодатнинг айтайми? У – жим туриш ва чиройли хулқдир” дедилар” (Имом Абу Дунё).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий).

Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса нажот топади”, дедилар”(Имом Термизий).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари давомида сукут сақлашни биз умматларга таълим бердилар. Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узоқ вақт жим турардилар”, деб ривоят қилади. Абу Молик Ашжаъий отаси (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Биз Набий (алайҳиссалом)ни атрофларида ўтирганимизда узоқ жим турганларини кўрардик. Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар кўп гапириб юборсалар табассум қилардилар”. 

Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади” дейди. 

Жамият аъзолари жим туриш-сукут сақлаш билан зийнатланса оилалар мустаҳкам, фуқаролар хулқ-одобда намуна бўладилар. Бу эса ўз навбатида жамиятни тараққиётнинг юқори чўққисига одимлашига сабаб бўлади.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

 

5835 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top