Мақолалар

Унутилмас дарс

Қуёшли кунларнинг бирида муаллима ўз ўқувчиларига одатдагидек дарс ўтаётган эди. Бирдан хаёлига янги фикр келиб қолди. Қуёш нурида тобланиш ва ўзгача услубда дарс ўтиш учун ўқувчиларни ташқарига олиб чиқди.

Ташқарига чиқишгач, муаллима мактаб томорқасида янги экилган кўчатлардан бирини кўрсатиб, ўқувчилардан бирини уни суғуришга юборди. Ўқувчи бориб, кўчатни суғурди. Кейин бошқа кўчатни суғуришни буюрди. Ўқувчи уни ҳам қийналмасдан суғриб олди. Шундан кейин муаллима мазкур ўқувчига катта дарахт олдига боришни ва уни суғуришни тайинлади. Ўқувчи устозига қараб: “Устоз, бу қўлимдан келмайди. Бу дархт анча олдин экилган қадимий дарахтдир. Танаси ҳам катта. Буни суғуришга кучим етмайди” деди.

Ўқувчидан бу жавобни эшитган устоз табассум қилди ва қолган талабаларга қараб: “Бу ўсимликлар бизнинг ёмон одатларимиз деб фараз қилайлик. Ўша одатларимиз эскириб боргани сайин қалбимизда, тана аъзоларимизда чуқур ўрнашиб олади. Кейин биз улардан воз кечишимиз, қутулишимиз қийин бўлади. Ёмон одатларимиз энди кўрина бошлаган пайтда янги экилган кўчатлар каби суғуриб ташлаш осон бўлади. Шунинг учун улардан қутулиш мақсадида ҳаракатни ҳозирдан бошлайлик! Уларни яхши одатлар ва фазилатларга алмаштирайлик!” деди. 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси 

3104 марта ўқилди

Мақолалар

Top