Мақолалар

Апатия – хавфли касаллик

Инсонларнинг феъли Аллоҳ таоло томонидан турли қилиб яратилган. Аммо, мантиқий жиҳатдан одамлар характерига тегишли бўлган барча хусусиятлар икки тоифага бўлинади: ижобий ва салбий. Шу икки характернинг қай бири кўпроқ намоён бўлишига кўра инсонлар яхши ва ёмонга ажратилади.

Дунёда яна бир тоифа бор – уларни айнан қайси характерга эга эканлигини аниқлаш мушкул, худди мунофиқларни билиб бўлмагандек. Мазкур хислатни баён этишдан аввал эътиборингизни дунёдаги ноёб, бироқ сўнгги пайтларда жуда тез тарқалаётган битта касалликка қаратмоқчиман. Фанда бу хасталикни “Апатия” – юнонча “apatheia” сўзидан олинган бўлиб лоқайдлик, ҳафсаласизлик, қизиқишнинг йўқолиши деган маъноларни англатади. Ушбу дардга чалинган беморнинг ҳеч қаери оғримайди, безовта қилмайди. Хасталик асосан одамнинг теварак-атрофидаги воқеа ва ҳодисаларга лоқайд бўлиб қолиши, тиббиётчилар табири билан айтганда ташқи муҳитга қизиқмай бутунлай бепарво бўлиб қолиш билан ифодаланади. Апатия, кўпинча, касаллик эмас характер сифатида ҳам намоён бўлсада, барибир у касалликдир.

Бу дардга чалинган беморлар асосан 4 гуруҳга бўлинади:

  1. Онгли равишда, ақлан бепарволар (менга нима, мени ишиммаску, нима бўлибди, оч қорним тинч қулоғим қабилида иш кўрувчилар)
  2. Онгсиз равишда, қалбан бепарволар (сизга ачинаман, роса ёрдам бергим келяпти ва бошқа юзаки муносабатларни билдисада бироқ, қалбан бепарво бўлади – қалби қотганлар)
  3. Такаббурлар – ҳа, албатта такаббурлик ҳам айнан апатия касаллигининг бир кўриниши экан. Хасталикнинг бу босқичи бироз оғирроқ, негаки олимларнинг таъкидлашича апатиянинг ушбу турига асосан ўзига тоқ, барча шароитларга эга бадавлат одамлар чалиниш эҳтимоли катта экан. (“Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деганларидек)
  4. Ўта ночорлар – афсуски ўта ночорлик ҳам инсонни атроф олам ва воқеъликларга бепарво қилиб қўяр экан. Сабаби, ўта оғир ночор одамнинг ҳамма нарсадан хафсаласи пир бўлиб, хатто ўзига ҳам бепарво, лоқайд бўлиб қолади.

Биз юқорида тилга олган учинчи тоифа инсонлар айнан “апатия”  касаллигининг турли кўринишларига чалинганлардир яъни бепарво ва лоқайдлар. 

Хўш, апатиянинг авж олиши қандай оқибатларга олиб келади?

  • Жамиятда бепарво, лоқайд, ҳеч нарсага қизиқмайдиган фақатгина еб-ичиб кун ўтарга яшовчи “ҳайвон” сифат одамлар кўпаяди. Бу эса жамиятни таназзулга олиб келади (тарихда мисоллар кўп).
  • Инсониятга берилган улуғ неъматлардан бири ҳис-туйғу сохталашиб, охир-оқибат сўниб кетади ёки ўрнини тубанлик эгаллайди (ака-ука, ота-бола, она ва қиз, қариндошлик, дўстлик ва биродарлик каби ришталар узилади). Жиноятчилик авж олиб, хотиржамлик йўқолади. Тараққиёт секинлашади ёки тўхтайди.
  • Инсонлар ўртасидаги ўзаро қадр-қиммат фақатгина моддият билан ўлчанади. Бу эса қулдорликнинг замонавий кўриниши пайдо бўлишига хизмат қилади.
  • Охиргиси ва энг оғири – инсоф, виждон ва нихоят иймон йўқолиб, одамлар Аллоҳ таоло ва унинг динига эътиборсиз бўлиб қолади. “Худосизлар жамияти” пайдо юўлади. (Аллоҳ асрасин)

Касалликнинг давоси борми?

Аслида Аллоҳ таоло дунёдаги барча дардларга, хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин Қуръони каримни шифо ўлароқ нозил қилган. Айниқса, хасталик руҳга ва қалбга тегишли бўлса унда беморни асосан Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайхиссаломнинг кўрсатмалари орқалигина даволашга эришиш мумкин.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда мазкур касаллик ва унинг таърифи ҳақида қуйидагича марҳамат қилади:

         “Одамларга ҳисоб-китобалари (яъни, Киёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда (иймон келтириб, яхши амал килишдан) юз ўгирувчидирлар”. (Анбийё сураси, 1-оят)

“Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлгани холларида фақат дунёнинг зохиринигина билурлар”. (Рум сураси, 7-оят)

Имом Термизий Ҳузайфа розияллоху анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайхиссалом: “Лоқайд бўлманглар. Одамлар яхшилик қилса, биз ҳам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар”, дедилар.

Лоқайдликнинг яна бир номи дангасалик десак тўғри бўлади.  Умар розияллоху анҳудан ривоят килинади: “Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам беш нарсадан: дангасаликдан, бахилликдан, кибрнинг ёмонлигидан, қалбдаги фитнадан ва қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар”. Демак бундай офатлардан доимий равишда паноҳ сўраб туриш керак.

Муолажа:

Барча хасталикларда бемор томонидан қилинадиган илк муолажа бу –   тавбадир.

“Шундан кейин Аллоҳ хоҳлаганларининг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Тавба сураси, 27).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Шунинг учун айланиб, юриб, туриб, ўтириб ҳам истиғфорни одатга айлантириб олиши лозим. Кунда камида бир тасбеҳ истиғфор айтиши жуда яхшидир. 

“Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади” (Нисо сураси, 110).

Аллоҳ таоло ўзининг мағфиратига сазовор бўладиган мўминларни сифатлаб шундай дейди: 

“Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфират” (Оли Имрон сураси, 135-136). 

Гуноҳ ёки бепарволик ва лоқайдлик асносида хато қилиб қўйдингизми дарҳол тавба қилишни унитманг.

Саломатликка эришиш ва уни мустаҳкамлаш:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

“Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Худ сураси, 114).

Аллоҳ таоло барчамизни лоқайдлик, бепарволик ва хасталиклардан асрасин! 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

6566 марта ўқилди

Мақолалар

Top