Мақолалар

Мустақиллик ифтихори

“Ифтихор”— фахрланиш, мақтаниш, ғурурланиш, шон-шараф ҳисси, деганидир. Юртнинг мустақиллиги, тинчлиги эса фахрланишнинг энг юксагидир.

Мустақиллик қалбларга сурур, дилларга қувонч бахш этадиган мўътабар сўз. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас Ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, «мустақиллик» деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини ёш авлоднинг теран идрок этиши, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини талабаларга етказиш, содда қилиб айтганда, биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлганимизни англатиш, уларни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!”, деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.

Мустақиллик сабаб юртимизда инсониятни бағрикенглик, поклик ва меҳр-оқибатга чорловчи муқаддас динимизни асраб-авайлашга, ёш авлодни халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Диний таълим тизимини такомиллаштириш, пухта билимга эга, соғлом фикрли мутахассисларни тайёрлаш доимий эътиборда.

Дарҳақиқат, Президент Ислом Каримов “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” номли асарида: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деб айтганлар.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг тарихимизни, қадриятларимизни ва муқаддас динимиз бўлган Ислом динини холис ўрганишга кенг имкониятлар яратилди. Мана шу имкониятлар натижаси ўлароқ, ўтган 25 йил давомида кўплаб илмий изланишлар, тадқиқотлар амалга оширилди ва оширилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, 9 та (2 таси аёл-қизлар учун) ўрта махсус ислом билим юртида  таҳсил олаётган ёшлар исломнинг нақадар инсонпарвар, тинчликсевар ва бағрикенг дин эканини мустақиллик шарофати билан англаб етаётганларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Айни пайтда муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Албатта, мустақил ва тинч юрт ўзида ғурур ва ифтихорни мужассам этади

Аллоҳ таоло ўз каломида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (Қуръон билан) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Озод ва обод ватанимизнинг 25 йиллик истиқлоли барчамизга муборак бўлсин!

Н. ҒОФУРОВА,

 “Хадичаи Кубро”аёл-қизлар

ўрта махсус ислом

билим юрти мударрисаси

 

5255 марта ўқилди

Мақолалар

Top