Мақолалар

Қўрқув билан шодланувчилар...
  • Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қўрқувчилар ҳақида сўрадилар: “Уларнинг қалблари қўрқув билан шодланиб турувчидир ва уларнинг кўзлари йиғлаб турувчидир. Улар айтадиларки, биз қандай қилиб шодланайликки, ўлим ортимизда ва қабр олдимизда турган бўлса ва қиёмат бизга ваъда қилинган жойимиз бўлса ва йўлимиз жаҳаннам устидан ўтса ва Раббимиз олдида тўхтаб туришимиз аниқ бўлса!..” деб жавоб бердилар. 
  • Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир йигитни учратиб қолдилар. Йигит ҳаддан ортиқ қаттиқ куладиган қавм билан кулишиб ўтирган эди. Ҳасан Басрий ҳазратлари унга: “Эй йигит! Сиротдан ўтдингми?” дедилар. “Йўқ”, деди йигит. “Жаннатга киришинг ва дўзахдан қутулишингни билдингми?” дедилар. “Йўқ”, деди йигит. Ҳасан Басрий ҳазратлари: “Эй болам, модомики, Сиротдан ўтмаган экансан, жаннатга киришинг ва дўзахдан қутулишингни билмас экансан, у ҳолда бу кулги ниманинг хурсандчилигидан?” дедилар. Шундан сўнг ўша йигитнинг кулганини ҳеч ким кўрмаган экан. 
  • Ҳаммод ибн Абди Роббиҳ агар ўтирсалар икки оёғининг устига ўтирар эканлар. “Хотиржам жойлашиб ўтирсангиз бўлмайдими? дейишганда   “Хотиржам ўтириш хотиржам кишиларнинг ўтиришидир. Лекин мен билмасдан туриб Аллоҳга осийлик қилиб қўйган бўлсам қандай қилиб хотиржам бўламан. Мен ўзимнинг ҳолимдан қўрққаним учун шундай ўтираман”, деб жавоб берган эканлар. 
  • Умар ибн Абдулазиз айтган эканлар: “Аллоҳ таоло ғафлатни бандаларининг қалбига раҳмат қилиб қўйган. Агар ғафлат бўлмаганида одамлар Аллоҳнинг азобидан қўрққанларидан ўлиб қолган бўлардилар. Кўп валийлар ва олимлар қалблари ғафлатдан узоқ бўлганидан баъзилари энг камида оғриқни кўтара олмай ўтириб олган, баъзилари касал бўлиб қолган, баъзилари беҳуш бўлган ва баъзилари ўлиб қолган. Улар ана шу қўрқувдан Қуръони карим, ҳадиси шариф ва саҳобалар ижмоъларига суяниб қутулишини билганлар ва шу ишга қатъий киришганлар. Ўтган олимларимиз кўп хатм қилган шу аснода Аллоҳнинг буйруқ ва наҳйларини энг камида бир марта ўқиш билан минг хил маънода миясида айлантириб турган ва минг хил фазилатли маънога муяссар бўлишган. Шу сабабдан дунёнинг мужмал масалалари уларни сира ҳам довдиратиб қўймаган. 
  • Машҳур тасаввуф олими Молики Динор раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини жуда ҳам паст санаб айтганларки: “Мен орқамда қолганларга буюришни қасд қилдим: қачон ўлсам мени кишанланглар ва буйнимга занжир осинглар, сўнгра ўзининг эгасидан қочган қўл ўз эгасига олиб борилгандек қилиб қабрга олиб бориб ташланглар”.
  • Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Солиҳ кишиларнинг ўрнида турганинг учун ғурурга кетма. Аслида Жаннатдан кўра бирорта салоҳиятли макон йўқ. Мадрасанинг ичида турган бўлсанг ҳам мен яхши жойда турибман деб, алдоқчи ғурурга бормагин. Одам алайҳиссалом нимага йўлиққан бўлсалар жаннатнинг ичида йўлиқди. Сен бўлса, масжидда турибман, мадрасада турибман, деб кериласан. Ибодатинг кўплиги билан ҳам ғурурга кетиб қолмагин, барибир иблисча ибодат қилганинг йўқ. Иблис узун ибодатидан кейин нимага йўлиққан бўлса, шунинг орқасидан йўлиқди. Илмнинг кўплиги билан ҳам ғурурланма. Чунки Балъам ибн Баур деган киши Аллоҳнинг исми Аъзамини биладиган, дуо қилса дуоси қабул бўладиган одам бўлган. Бас у нимага йўлиққанига қара! У охири қилган ибодатларига ҳаволаниб муртад бўлиб ўлди. У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида баён қилиб ўтганлар. Кўп олимлар ҳар қанча олим бўлсалар ҳам лекин исми Аъзамни билмайдилар. Солиҳларни кўрганинг билан ҳам ғурурланиб қолма. Аллоҳнинг наздида ҳар қандай улуғ устоз бўлса ҳам Мустафо солаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра буюкрок устоз йўқдир. Набий алайҳиссаломга йўлиқиш у зотнинг яқинларига ҳам, душманларига ҳам фойда бермаган. Абу Лаҳаб Пайғамбаримизни кўрган, лекин кўргани унга заррача фойда бермаган. Шу сабабдан мен кўп улуғларни кўрганман деб ўзингни кўп алдама. Бу алдаш фақат ўзингга зарар етказади, холос.
  • Сирри Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Қилган гуноҳларим оқибатида юзим қорайиб кетмадимикан, деб қўрққанимдан ҳар куни 100 марта кўзгуга қарайман.
  • Абу Ҳафс Кабийр раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “40 йилдирки, Аллоҳ таоло менга ғазаб назари билан қараяпти, деган қўрқувдаман. Чунки амалларим шунга далолат қилади. Аллоҳга қилаётган амалларим нуқсонлидек туйилаверади”.

 

Ўрол Мустонов

Тошкент шаҳар “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби

2907 марта ўқилди

Мақолалар

Top