Мақолалар

Агар эртага ўлишимизни билганимизда

Умримизнинг ўтаётган ҳар бир дақиқаси бизни тобора ўлим аталмиш ниҳояга етаклаб боради. Ундан қанчалик қочишга ҳаракат қилмайлик, шубҳасиз белгиланган вақтда бизга етиб келади.

Ҳаёт йўлларини босиб ўтаётган инсон ҳолати зинадан юқорилаб бораётган одамга ўхшайди. Зинага илк оёқ қўйиши бу туғилиши, ундаги ҳар бир пиллапоялар эса ўтиб бораётган йиллардир. Аммо у пиллапоялардан олдимизда яна қанчаси қолгани ва нечтасидан сўнг тўсатдан қаршимизда ўлим номли эшик очилиши номаълум.

Ҳамма бир кун келиб, балки бир лаҳзадан сўнг бу ҳаёт тугашига ишонади, аммо атрофдаги воқеалар ва кўча-кўйдаги одамларнинг кўплиги ўлимни жонли ҳис қилишимиздан чалғитади. Йигирма йил олдин шаҳар транспорт воситаларини тўлдириб юрган одамлар оломони ҳали ҳам мавжуд, балки янада кўпайган. Уларнинг камаймаётгани ўлимни бизнинг кўзимиздан узоқлаштиради, узоқ-узоқ орзулар қилишга ундайди.

Аслида-чи? Ўтган йил биз кўрган одамларнинг барчаси тирик-ми? Йўқ, албатта. Уларнинг анчаси бу дунёни тарк этишган. Аммо ўсиб келаётган ёшлар уларнинг ўрнини тўлдириб бораяпти.

Ўлим шунчалар бизга яқин бўлишига қарамай, биз унга ўта узоқ бир манзил сифатида қараймиз. Тилимизда жуда яқинлигини бонг урсакда, нафсимиз ҳали масофа узоқ дея кўзларимизни шамғалатади. Натижада гўё ўлим бизга эмас, бошқаларга битилгандек яшаймиз.

Ўлимни бунчалар яқиндан ҳис қилишимиз нима учун керак, нега ҳаёт лаззатларидан роҳатланиб яшайвермаймиз?

Бунинг сабабини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда чиройли тарзда баён этиб берганлар.

“Ўлимдан кўра (охиратни эслатувчи) яхшироқ воъиз йўқ”.

Хўш, ўлим орқали охиратни эслашдан нима манфаат ва бизнинг ҳаёт тарзимизга қандай таъсир кўрсатади?

Тасаввур қилинг, агар бизга эртага ўласан деб хабар берилса, бугун нима билан машғул бўлар эдик? Шубҳасиз, зиммамиздаги қарзларимизни адо этиш, ҳаммадан розилик сўраш, тинмай истиғфор айтиш ва ибодат қилиш каби ишлар билан ўтказар эдик. Ҳатто кечаси ҳам кўзимизга уйқу келмас, бир дақиқа бўлсада вақтимни яхшилик учун сарфлай, деган бўлар эдик. Кўнглимизга ўйин-кулгу сиғмас, унинг ўрнига охират учун фойдали иш билан машғул бўлар эдик.

Демак, ўлимни эслаш, баъзилар ўйлагани каби одамни тушкун кайфитга солиб, унинг қўл ва оёғини боғлаб, дунёдан узиб қўймайди, балки уни ёмонликлардан тўсади, бошқаларга зулм қилишдан, бировларнинг ҳаққини ейишдан тўсади. Охирати учун яхши амаллар қилишга, яратган Роббисига кўпроқ ибодат қилишга ундайди.

Ибодат эса, баъзи динларда бўлгани каби дунёни батамом тарк этиб, ибодатхонадан чиқмаслик эмас, балки масжидда ибодат қилиш ҳам, илм ўрганиб, уни ўргатиш ҳам, бирор касб ёки хизмат қилиб жамиятга фойда келтириш ҳам ибодатдир. Чунки динимиз шундай, ҳатто мубоҳ бўлган ишларни яхши ният билан савобга айлантириш ва уни охиратимизга захира қилиш имконини беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қиёмат қоим бўлаётган пайтда қўлингда экаётган дарахт новдаси бўлса, уни эка олсанг эккин”, деган ҳадиси шарифлари ҳам ўлим яқин бўлиб қолган бўлсада бошқалар ва жамиятга фойда келтирадиган иш билан машғул бўлишга тарғиб қилади.

Ким яна бир неча йил эмас, балки бир неча лаҳза ҳаётда қолишга аниқ ишонади? Ҳеч ким. Бу савдо бошимизга эртага эмас, ҳатто бир неча дақиқадан кейин келиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки кўча куйда автоҳалокатдан вафот этаётган одамлар ҳам эрталаб уйидан чиқиб кетаётган вақтда сиз билан биз каби чиқиб кетган. Унинг ҳам бугунги куни режасида “ўлиш” деган банди бўлмаган. Бироқ ўлим шундай, у тўсатдан келади.

Демак, ўлимни ҳақиқий маънода ҳис қилган одам умрини ғанимат билади, яхши амалларни кўпайтиради, бировга ёмонлик қилиб, тавбага улгурмай қолишдан чўчийди, ибодат қилишни ортга сурмайди ва доимо Аллоҳни ёдда тутади ҳамда вафотидан кейин ҳам ортидан бориб турадиган садақаи жорияларни жамият ва халқ учун қолдиришга ҳаракат қилади.

Барчамизни умр неъматини ғанимат билувчи бандаларидан қилсин.

 

Ш.Чўлпонов

3210 марта ўқилди

Мақолалар

Top