Мақолалар

Боғбон – ўз боғини аввало юрагида кўкартиради.

Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, яхши ҳаёт ўтказишга барча шароитлар бор ҳолатда яратди.  У Зот ерни инсон учун бешик қилиб яратди. Тоғларни унда қозиқ қилиб яратди. Осмондан барокот сувларини тушириб, шу сув билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини берди.

Аллоҳ таоло инсонни  ердан яратиб, уни ерга ер юзини ободлиги учун қўйгандир. Бу ҳақида марҳамат қилиб шундай дейди:

  هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

Яъни, “У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (ҳуд 61)

Ушбу ояти каримада Солиҳ алайҳис салом ўз қавмини Аллоҳ таолога иймонга келтиришга ва ибодат қилишга чақириб, орқасидан уларга Аллоҳ таолони танитаяпди. У ўз қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳ таоло сизларни аввал бошда яъни, отангиз Одам алайҳис саломни ер жинсидан яратди. Сўнгра, сизларни уни обод этувчи қилди. Уни обод қилишликни сизлардан талаб қилди”-деди.

 Муқаддас динимиз деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тағиб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. 

وعن أنس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : "ما من مسلم يغرس غرسا أو يزرع زرعا فيأكل منه إنسان أو طير أو بهيمة إلا كانت له صدقة" متفق عليه

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг меваси ва ҳосилидан инсон ё қуш ёки  ҳайвон тановул қиса унга садақанинг савоби бордир” – дедилар.

عن أنس بن مالك، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "إن قامت الساعة وفي يد أحدكم فسيلة فإن استطاع أن لا تقوم حتى يغرسها، فليغرسها"

رواه أحمد، والبخاري في الأدب المفرد

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлса, қўлидаги кўчатни экишга қодир бўлса, турмасдан кўчатни эксин”, деди.

عن جابر رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال "من أحيا أرضا ميتا ثقة بالله و احتسابا كان حقا على الله تعالى أن يعينه و أن يبارك له"

( طس )

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод  қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”-деди.

Халқимизда “Уриғинг билан эмас, ҳосилинг билан мақтан” -деган нақил бор. Деҳқон ўз ишида ихлос билан, чиққан ҳосилдан ушрни беришни қасд қилиб, Аллоҳ таолодан баракани сўраб ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло барака беради.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар (ҳайвонларнинг тезаги) билан ишлов берар эди. Ерга вақтида ўғит ва сув бериш ҳосилни мўл-кўл бўлишига сабаб бўлади. Экинларга имкони бўлиб, вақтида сув бермаслик макруҳ бўлади.

عَنْ رِفَاعَةَ بْنِ رَافِعٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ:  أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ: أَيُّ الْكَسْبِ أَطْيَبُ ؟ قَالَ : عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ ، وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ 

رَوَاهُ الْبَزَّارُ وَصَحَّحَهُ الْحَاكِمُ

Рифоъа ибн Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, “Қайси касб афзал”лиги ҳақида сўралди: Шунда У зот: “Кишининг ўз қўли билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол савдодир,” дедилар. Ал-Баззор ривоят қилган ва Ҳоким саҳиҳ деганлар.

Ушбу ҳадисда қўл меҳнати тижоратдан олдин зикр қилингани учун у энг афзал ишдир. Ушбу ҳадиснинг шарҳида уламолар турли фикрларни билдиришган:

Ал-Мовардий: “Касбларнинг энг афзали-деҳқончилик, тижорат ва саноатдир,” деганлар.

Имом Нававий: “Касбларнинг энг яхшиси қўл меҳнати билан қилинган иш бўлса, деҳқончилик энг яхшисидир, чунки унда қўл меҳнати ҳам бор, Аллоҳга таваккал қилишлик бор ва инсон ва ҳайвонларга ҳам манфаат етказишлик бор,” деганлар.

Демакки, юртнинг ободлиги тўкин ва фаровонлигида инсоннинг шу азиз заминга меҳр қўйиб, уни янада кўркамлашиб, тараққий топтиришдаги ўрни беқиёс.

Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга моддий фаровонликнинг асосларидан бири деҳқончилик ва зироат экани яхши маълум. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш ва уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар.

Дарҳақиқат, халқимизнинг ризқу рўзи, насибаси, аввало, далаларимизда заҳматкаш деҳқонлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар, озиқ-овқат ва нозу неъматлар билан ўлчанади.

Ўзбекистон шундай фазилатли диёрки, халқи чин меҳнаткаш, тупроғи тирик жондек  бағрида ҳамма нарса ўниб –ўсиб чиқади. Боғбон ва деҳқонлар ерга меҳр қўйиб, уни парвариш қилиш керак. Чунки, юртимиз об-ҳавоси ҳам мўътадил, оқар сувлари бор, бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши холатдир. Демак Аллоҳ таоло бизга шундай шароитни бериб қўйган экан, биз бу нарслардан унумли фойдаланишимиз керак. Деҳқончилик касбига фақат бойлик орттириш учун эмас, балки охиратимиз учун, савоблар ҳосил қилишимиз учун имконият эканлигини ҳис қилган холда ёндшувимиз керак экан. Шунда ҳам дунёмиз ва ҳам охиратимиз обод бўлади.

 

Холмўминов Жалолиддин

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

3205 марта ўқилди

Мақолалар

Top