Мақолалар

Табиатни асрашга оид 10 та илоҳий кўрсатмалар
  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибонликлари инсонни, ҳайвонни, қушларни ва ўсимликларни ҳам ўз ичига олади. Ҳа, бу раҳмат биз яшаётган шу табиатни ҳам ўз ичига олган. Табиат Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. У Зот бизга атроф-муҳитни озода сақлашни, муҳофаза қилишни, ифлослантирмасликни буюрган.

Аллоҳ таоло бизнинг бахтиёр, қулай яшашимиз учун тайёрлаб, жиҳозлаб берган бу сайёрани ифлослантирмаслигимиз, унда бузғунчилик қилмаслигимиз ёки унга нисбатан ёмон муомалада бўлмаслигимиз лозим. Акс ҳолда ердаги бузғунчилик, табиатни асрамаслик даҳшатли фалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб турибмиз. Масалан, сувларнинг ифлосланиши, ҳароратнинг кўтарилиши, атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши ва ҳоказо. Олдинлари бу каби нохуш олатлар кузатилмаган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

  وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفاً وَطَمَعاً إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ

“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).

Аллоҳ таоло Ерни биз бандалари учун яшашга яроқли қилиб қўйди. Ер илк яратилаётган пайтда яшашга яроқли эмасди. Балки у газсимон ҳолда эди. Кейин Роббимиз Ерни яратиб, унинг ҳавосини мусаффо, сувларини чучук, тоғларини қозиқ, босимларини инсон танасига мослаб қўйди.  

  1. Бугунги кунда Ғарб олимлари экология фанининг пойдеворини қўйган, бу соҳа бўйича муҳим кўрсатмаларни берган киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганликларини эътироф қилмоқдалар. Бу зоти бобаракотнинг кўплаб ҳадисларида табиатни асрашга, уни ифлос қилмасликка доир кўрсатмалар, буйруқлар ва тавсияларни кўрамиз.

Тадқиқотчи Франциска де Шател шундай дейди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам табиатни муҳофаза қилиш фанининг етакчиларидандир. Чунки биз у кишининг ҳадисларига яхшилаб эътибор берсак, бу соҳага оид тадбирлар ҳақида сўз юритилганини, у зот табиатни асрашга қаттиқ чорлаганларини кўрамиз. Балки у киши ўз замонида эгологияни асраб-авайлашда пешқадам бўлганлар. Ҳа, у зот табиатни асраш, уни тўғри тарзда ривожлантириш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида етакчи, инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилувчилардан эдилар. У зот инсон ҳаётини табиат билан уйғун шаклда тартибга солиш бўйича ажойиб кўрсатмаларни тақдим этганлар”. 

Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайиҳи васаллам бизга йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақанинг бир тури эканлигини таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Йўлдан азият берувчи нарсанинг олиб ташлашинг ҳам садақадир”.  

  1. Тадқиқотчи Франциска де Шател ўзининг “Муҳаммад алайҳиссалом табиатни муҳофаза қилиш бўйича етакчидир” номли китобида шундай дейди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ердан ва сувдан тўғри фойдаланишга барчани чорлаб келган кучли даъватчилардан бири эдилар. Шунингдек, ҳайвонлар, ўсимликлар ва қушлар билан чиройли муомала қилишга ҳам барчани чақирган кишидирлар. Ҳатто баъзи ҳадисларидаги фикрлар атроф-муҳит масалалари бўйича замонавий мунозараларга ўхшайди”.

Айтиш мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган давр инсоният ақлини қамраган жоҳилият замони эди. Одамлар ҳайвонларга қийматсиз, ҳис-туйғусиз махлуқлар деб қарашарди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни ўша ҳайвонларга эътиборли бўлишга чақирдилар, шунга буюрдилар. Ҳатто мушукларни яхши кўрадиган, уларга меҳр кўрсатадиган саҳобанинг бу ишини қўллаб, тақдирлаб, уни “Абу Ҳурайра” (мушук отаси) деб номлаганлар. Шунинг учун ҳам бу Пайғамбар бутун оламларга раҳмат бўлишга ҳақлидирлар:

 وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ

“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят). 

  1. Тадқиқотчи Франциска де Шател яна мазкур китобида ушбу фикрларни баён қилади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ҳайвонлар, ўсимликлар, табиат унсурлари Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, уларнинг ҳам ҳуқуқлари бор, шу ҳуқуқларини эҳтиром қилиш керак, деб билардилар”.

Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин ўсимликлар зикр қилиниб, “карамли” дея васф этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 أَوَلَمْ يَرَوْا إِلَى الْأَرْضِ كَمْ أَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ

“Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз” (Шуаро сураси, 7-оят).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:

وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ

“Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик”. (Оятда “ўсимликларни ўстириб қўйдик”, дейилмасдан, “карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик”, деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.) (Луқмон сураси, 10-оят).

  1. Бугунги кун олимлари инсониятни табиатни асрашга, кўча ва шаҳарларни озода сақлашга чорлаб, бундай қилиш инсон, ўсимлик ва ҳайвонларнинг саломатлигига ижобий таъсир этишини бир овоздан таъкидламоқдалар.

Яна тадқиқотчининг фикрларига эътибор қаратайлик: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам атроф-муҳитга, хусусан, ерга кўп аҳамият қаратардилар. Тупроқни покловчи деб эълон қилган эдилар. Дарҳақиқат, бугун олимлар тупроқ таркибида зарарли бактерияларни ўлдирадиган моддалар борлигини таъкидлашмоқда”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда: “Мен учун ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди” деганлар. Бу ҳадисда тупроқнинг поклигига, уни муҳофаза қилиш зарурлигига ажойиб тарзда ишора қилинмоқда. Чунки мўмин-мусулмон одам тупроқ устида намоз ўқийди. Шу боис уни ифлос қилмаслик лозимдир.  

  1. Ғарблик баъзи инсофли тадқиқотчилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўқигач, шундай демоқдалар: “Ҳатто ҳайвон сўйиш борасида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан меҳру шафқатларини кўрамиз. У зот ҳайвонларни парвариш қилиш, уларга озор бермаслик масаласида ўта ҳассос эдилар. У зот алайҳиссалом ҳайвонларни сўйишда ўткир пичоқ ишлатишни буюрар, ўтмас пичоқ билан ҳайвонни қийнамасликни таъкидлардилар. Шунингдек, бир ҳайвонни бошқа ҳайвоннинг кўз ўнгида сўйишдан, пичоқни сўйиладиган ҳайвонга кўрсатиб ўткирлашдан ҳам қайтарган эдилар”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйини ерга ётқизиб, оёғини унинг юзига қўйиб олиб, пичоғини ўткирлаётган кишини бу ишдан қайтариб, шундай деганлар: “Шу ишни олдин қилсанг бўлмайдими? Уни икки марта ўлдиришни хоҳлайсанми?!” Табароний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган. Мана шундай меҳрибон Пайғамбар эҳтиром қилишга ҳақли эмасмилар?

Яна бир ҳадисда у зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсада яхшилик қилишни ёзган. Агар (ҳайвонни) ўлдирмоқчи бўлсангиз, яхшилаб ўлдиринглар. Агар (ҳайвонни) сўймоқчи бўлсангиз, яхшилаб сўйинглар. Сизлардан бирингиз тиғини ўткирлаб олсин, сўяётган ҳайвонини роҳатлантирсин!” Муслим ривояти.

  1. Бугунги кун инсонлари сувсизликдан, қурғоқчиликдан қийналмоқда. Шу боис баъзи тадқиқотчилар келажакдаги урушлар сувни қўлга киритиш учун бўлишини айтишмоқда. Озгина фикрлаб кўрсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бугунги инсонлардан анча олдин сувни исроф қилмаслик ҳақида кўп таъкидлаганларини кўрамиз.

У зот алайҳиссалом таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бирини сувни исроф қилишдан қайтариб шундай деганлар: “Агар оқиб турган дарё лабида бўлсанг ҳам (сувни исроф қилма!)” Имом Аҳмад ривоятлари. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишда умматларини исрофдан қайтариб, хусусан, сувни исроф қилмасликни кўп таъкидлаганлар. Бугунги кундаги сувнинг озлиги, қурғоқчилик каби фалокатларнинг сабаби сувни исроф қилинганидир.

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик пайтида ҳам, уруш асносида ҳам дарахтларни кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлар. Шунингдек, уруш пайтида аёллар, кексалар ва ёш болаларни ўлдиришдан ҳам қайтарганлар. Бу раҳмату меҳрибонликнинг юксак кўринишидир. Ўзинг душманинг билан жанг қилиб турган бўлсанг ҳам уларнинг аёлларини, кексаларини, гўдакларини ўлдирмайсан, яна дарахтларни ҳам кесмайсан. Қуръони Каримда махлуқотларнинг аҳамияти таъкидланиб, улар ҳам биз каби уммат эканини эълон қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُم مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ

“Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар”. (Ояти каримада ердаги ва осмондаги жонзотлар ҳам, инсонлар каби, умматлар экани таъкидланмоқда. Яъни, уларнинг ҳаётларида ҳам тирикчилик, оила, туғиш, кўпайиш сингари инсонларга хос ишларда ўхшаш жиҳатлар бор. Уларни ким бундай қилиб яратди? Уламолар мисол қилиб кўпинча асалари ва чумолини келтирадилар. Мутахассисларнинг фикри билан танишган одам бу икки умматнинг жамоа ҳаёти Аллоҳнинг қудратидан эканлигига тан бермай иложи йўқ.) (Анъом сураси, 38-оят).

Мана шу оятда айтилганидек, ҳар бир инсон ҳайвонларни алоҳида уммат эканини ҳис қилса, уларга ёмон муомала қилмайдиган, балки меҳр кўрсатадиган бўлади.

  1. Олимлар ичимлик сувини муҳофаза қилиш зарурлигини, уни ифлос қилмаслик лозимлигини таъкидламоқдалар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни сувни ифлос қилишдан қайтарганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бирортангиз оқмай турадиган, кейинчалик унда ғусл қиладиган сувга зинҳор бавл қилмасин”. Бухорий ривоят қилган.

Мана шундай ажойиб тавсиядан кейин бу улуғ Пайғамбар атроф-муҳит муҳофазасида еткачи бўлишга ҳақли эмасмилар?!

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга, шу жумладан отларга аҳамият қаратардилар. Отларнинг пешонасида қиёматга қадар барака борлигини айтганлар. Мана шунинг ўзида отларга ҳам, инсонларга фойдаси бор бошқа ҳайвонларга ҳам эътибор қаратишга ишора бор. Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни зулм ила ўлдиришдан ёки уларни азоблашдан қайтарганлар. У зот алайҳиссалом:

“Бир хотин урғочи мушукни очликда сақлаб ўлдиргани учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг, деб азобланса керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадисда мушук мисолида ҳайвонларга озор бермаслик, уларни қийнамаслик, уларнинг ўлимига сабаб бўлмаслик, уларга меҳрибон бўлиш кераклиги, уларга озор бериб, ўлимига сабаб бўлган инсон дўзахда азобланиши таъкидланяпти.    

Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди”, дедилар. Шунда саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор”, деб жавоб бердилар” Имом Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадисда эса ҳайвонларга раҳм-шафқатли бўлиш охиратда мағфират қилинишга сабаб бўлиши айтилмоқда.  

Қуръони каримда барча махлуқотлар Аллоҳга тасбеҳ, ҳамд айтишининг хабари берилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

  تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Ҳа, барча махлуқотлар Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтади. Шунинг учун Аллоҳ таолони зикр қиладиган умматни ўлдирмаслигимиз, балки уларнинг риоясини қилишимиз лозим бўлади.

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

5390 марта ўқилди

Мақолалар

Top