Мақолалар

Гарри Миллернинг Исломга кириши

 Доктор Гарри Миллер – канадалик олим, Торонто университети профессори, ҳозирда Саудия Арабистонидаги подшоҳ Фаҳд номидаги нефт ва фойдали қазилмалар университетининг математика кафедраси ўқитувчиларидан бири. У аввал насронийлик динига чорлайдиган фаол миссонерлардан бири бўлиб, “Муқаддас китоб”дан анча хабари бор эди. Математика, мантиқни жуда яхши кўрарди.  

Кунларнинг бирида у Қуръондан хато топиш мақсадида уни ўқишга киришди. Агар хато топса, уни миссонерлик фаолиятида қўллаб, барчанинг эътиборини ўзига кўпроқ қаратишни кўзлаган эди. У Қуръонни 1400 йил олдин ёзилган саҳро ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида сўз юритувчи китоб деб ўйларди. Лекин уни ўқиши биланоқ даҳшатга тушди. Чунки у Қуръонда дунёдаги бошқа китобларда учрамайдиган маълумотлар борлигини пайқаб қолди.

У ўзича Қуръонда Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошидан ўтган оғир кунлар, масалан, аёли Хадичанинг вафоти ёки фарзандларининг вафоти ҳақидаги маълумотларни ўқисам керак деб ўйлаган эди. Лекин бу каби маълумотлардан бирортасини топмади. Балки Қуръонда бутун бошли бир сура Марям деб номланганини кўрди. Ҳайратдан қотиб қолди! Унда Марям алайҳиссаломнинг мадҳ этилганлари, покланганлари ҳақида маълумотлар бор бўлиб, Марям ҳақидаги бундай маънолар насронийларнинг китобларида ҳам йўқ эди. Насронийларнинг китобларида Марямни номи билан аталган бирорта бўлим йўқ эди. Уларнинг китобларида Марям исми бир неча марта зикр қилинган бўлса, Қуръонда ушбу исм анча кўпроқ ададда зикр этилган.

Шунингдек, Исо алайҳиссаломнинг исмлари ҳам Қуръонда 25 марта келтирилганига гувоҳ бўлди. Ваҳоланки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари эса 5 мартагина зикр этилган. Миллер Қуръондан Оиша, Фотима номида суралар топа олмади. Бу ҳолни кўриб олимнинг ҳайрати яна ошди. У мақсадига эришиш учун Қуръонни синчиклаб ўқиб чиқишни бошлади. Аммо мана бу оятга дуч келганда ҳуши бошидан учаёзди:

 أَفَلاَ يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ اللّهِ لَوَجَدُواْ فِيهِ اخْتِلاَفاً كَثِيراً

“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. (Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.) (Нисо сураси, 82-оят).

Ушбу оятни ўқиган доктор Миллер бундай дейди: “Ҳозирги вақтда илмий асос деб, хатонинг мавжудлигини ёки хатонинг чегарасини назариётда белгилаб олиниб сўнг унинг тўғрисини исбот қилишга айтилади. Ажабланарлиси шундаки, Қуръони Карим мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни ўзидаги хатони топишга чақирмоқда... Агар ишонмасанглар, хато топинглар-чи, демоқда. Устига-устак: “Ваҳоланки, уни ҳаргиз топа олмайсизлар!” дея баралла  таъкидламоқда!”

Олим мазкур оят хусусида яна ушбу гапларни ҳам айтиб ўтади: “Жаҳонда бир китоб ёзиб, кейин “Бу китоб хатолардан холидир!” дейишга журъат этадиган бирорта муаллиф топилмайди. Лекин Қуръон бунинг тамоман акси бўлиб, у сенга “Хато мавжуд эмас!” дейди. Балки сени хато топишга ундаб туриб, ортидан “Топа олмайсан!” деб айтади”.

Доктор Гаррини ҳайратлантирган оятлардан яна бири мана будир:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Анбиё сураси, 30-оят).

Олим ушбу оят ҳақида: “1973 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган илмий тадқиқот айнан ушбу оятга ҳамоҳангдир. Ўша тадқиқотда “Катта портлаш” назарияси илгари сурилган эди. Унда айтилишича, ҳозирги борлиқ улкан портлаш натижасида пайдо бўлган. Портлаш натижасида аста-секин осмонлар, юлдузлар, сайёрлар шаклланган” дея фикр билдирган.

 Оятдаги “ротқ” калимаси бир-бирига ёпишиб турган нарсага айтилади. “Фатақнаа” феълининг ўзаги бўлган “фатқ” сўзи эса ёпишиб турган нарсанинг бир-биридан ажралишига, бўлинишига айтилади. Субҳаналлоҳ!

Оятнинг охирги қисмларида ҳаётнинг манбаи бўлган сув ҳақида сўз юритилган. Доктор Миллер у ҳақида ҳам фикр юритган: “Бу иш (ҳар бир тирик нарсани сувдан қилингани) ҳам ажойиботлардандир. Чунки, замонавий илм яқин йиллар ичида аниқладики, ҳужайранинг 80 фоизи цитоплазмадан ташкил топган бўлиб, цитоплазма эса сувдан иборат экан. Қандай қилиб бундан 1400 йил олдин ўқиш-ёзишни ўрганмаган киши бу ҳақиқатларни айта олииши мумкин?! Агар у самодан келадиган ваҳий билан боғланмаганида бу ҳақиқатларни айта олмас эди”. Субҳаналлоҳ!

Шундай қилиб, доктор Миллер 1977 йилда Исломни қабул қилди ва исмини Абдулаҳад Умар деб ўзгартирди. Шундан кейин у дунё бўйлаб ўзининг илмий лекцияларини ўқий бошлади. Насронийлик даъватчилари билан кўплаб мунозаралар олиб борди.   

Гарри Миллер Ислом дини ҳақида бир неча китоблар ёзди. Масалан, “Ҳайрон қолдирадиган Қуръон”, “Қуръон ва “муқаддас китоб” ўртасидаги фарқ” каби китоблар шулар жумласидан.

Шунингдек, унинг сабаби билан кўплаб олимлар Ислом динига кирдилар. У ўзидаги даъватчилик малакасини Исломга даъват қилиш йўлида ишлатди. Кўплаб ислом даъватчилари унинг тажрибасидан, малакасидан фойдаландилар. Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ ана шундай фойда олганлардан бири бўлиб, у киши доктор Гаррини лекция ўқиш ва баъзи мунозаралар ўтказиш учун Жанубий Африка Республикасига таклиф этганлар.

 

Доктор Роғиб Саржонийнинг “Мусулмон бўлган буюклар”

номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

5087 марта ўқилди

Мақолалар

Top