Мақолалар

Агар ниятингиз гўзал бўлса...

Бизнинг динимизда ниятнинг ўрни жудаям катта. Инсон қилаётган дунёвий ишини ниятни гўзал қилиш билан савобли амалга айлантириб олади.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади»,

дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадисда инсон бир ишни нима ниятда амалга оширса, натижаси ўша ниятига қараб бўлиши зикр қилинмоқда. Амалнинг кўриниши бир хил – барчасида ҳижрат, кўчиш. Аммо ниятлар турлича бўлгани учун уларнинг натижаси шу ниятларга қараб бўляпти. Аллоҳ ва Расули учун кўчгани савоб олади. Дунё ёки аёл учун кўчгани ниятига етади, аммо савоб ололмайди. 

Ухлаш оддий, мубоҳ амал. Агар инсон ухлашдан олдин таҳорат олиб, уйқуга ётиш олдидан айтиладиган зикрларни айтиб, суннатга мувофиқ ўнг ёни билан ётадиган бўлса, шу уйқуси учун савоб олади.

Агар инсон таҳажжудга туриш мақсадида хуфтонни ўқиган заҳотиёқ уйқуга ётса, бунинг учун ҳам савоб олади.

Агар инсон солиҳ фарзанд кўриш, умматнинг сонини ошириш, фарзанд туғилса уни Аллоҳни танийдиган ихлосли мусулмон қилиб тарбия этиш мақсадида аёли билан қўшилса, шу иши учун ҳам савоб олади.

Агар инсон сочини тараётганда, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, икром қилсин!” дея марҳамат қилганлар” дея шуни кўнглидан ўтказса, сочини ислоҳ қилгани учу савоб олади.

Агар инсон оддий, мубоҳ бўлган ишларни қилиш олдидан ниятини чиройли қилиб олса, савобга эришади.

Ерга уруғ экаётган инсон, “Агар шу уруғдан ҳосил олсам, уни мусулмонларга арзон нархда сотиб, уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан” деб ният қилса, шу деҳқончилигига савоб олади.

Юзини, қўлини, тишини юваётган инсон “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Поклик иймондандир” деганлар” дея ният қилиб ювадиган бўлса, шу иши учун савоб олади.

Агар инсон “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Либосларингизни гўзал қилинглар. Одамларнинг юзидаги хол каби чиройли бўлиб юринглар” деган ҳадисларини дилидан ўтказиб, шунга амал қилиш мақсадида янги кийим сотиб оладиган бўлса, шу хариди учун савоб олади.

Бир киши уйининг орқа томонидан дарча очаётган эди. Қўшниси кўриб қолиб, “Нима қиляпсиз?” деб сўради. “Тоза ҳаво кириши учун дарча очяпман” дея жавоб берди у. Шунда қўшни: “Сиз айтмасангиз ҳам дарчадан тоза ҳаво киради. Аммо “Муаззиннинг азонини эшитиш учун дарча очяпман” деганингизда, савоб олган бўлардингиз” деди.

Қаранг, уйининг орқа томонидан дарча очиш оддий иш. Аммо азонни эшитиш мақсадида дарча ўрнатиш савобга сазовор қилар экан.

Энди охират амали бўлган, фарз ибодат - намозни олайлик. Агар инсон намозга риё учун, биров кўриши учун келадиган бўлса, ибодат қилаётган бўлса ҳам савоб олмайди. Чунки, у ибодатнинг савобини йўққа чиқарадиган риёга қўл урди.

Бошқа ибодатларда ҳам риё аралашса, уларнинг савобини еб битиради. Шунинг учун фарз амаллар олдидан ҳам, мубоҳ амаллар олдидан ҳам ниятни чиройли, тўғри қилиб олишга ҳаракат қилайлик!

Аллоҳ таоло барчамизга ниятларимизни гўзал ва тўғри қилишимизни насиб айлаб, ажру савобларимизни кўпайтириб берсин!

 

Нозимжон Иминжонов

 

 

3254 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ғанимат ой остонасидамиз! Бебаҳо насиҳатлар »

Мақолалар

Top