Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни «Оламларга раҳмат» деди. Арабистон ярим оролига, Яқин Шарққа, дунёга демади.
*****
Ўлим ўз ҳақиқатида яхшиликдир. Агар ўлаётганлар яхши инсонлар бўлишса, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофот уларга тезлаштирилади. Агар ўлаётганлар ёмон кимсалар бўлишса, Аллоҳ таоло юртлар ва бандаларини улардан қутқаради.
“Тафсийруш Шаъровий”дан
*****
Кишининг ҳаромдан топилган бир дирҳамни тарк қилиши унинг учун юз минг дирҳамни садақа қилганидан яхшироқдир.
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ
*****
«Аёлларни фақат олийжаноб эркаклар ҳурмат қилади. Уларни фақат пасткаш кимсалар хўрлайди».
*****
Бир итни суғорган кишининг гуноҳлари кечирилди. Энди бир инсонни суғорган нима бўларкин?!
*****
«Шижоатли илон балиқни чўкишдан қутқариб қолди»
Баъзи оммавий ахборот воситалари атрофимиздаги воқеаларни ана шундай мазмунда ёритади. Уларнинг алдоқчилиги катта муаммо. Ундан ҳам каттароғи «Балиқ чўкади» деган гапга ишонувчиларнинг борлигидир.
*****
Сўзларини тушунмайдиган кимса билан ўтирган киши худди қамоқда ўтиргандек бўлади.
Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ
*****
Тўқнашув икки хил бўлади:
- Бошни очадиган (ёрадиган) тўқнашув;
- Ақлни очадиган тўқнашув.
Аббос Маҳмуд Аққод
*****
Сув ҳамма нарсани поклайди. Аммо заҳарли тилни эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳокимнинг ақлини белгилашнинг биринчи йўли – атрофига кимларни тўплаб олганига қарашдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Аҳмоқни жавобсиз қолдириш унга жавоб бергандан ҳам қаттиқроқ таъсир қилади.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ
*****
Пок инсонларнинг хатоси – ҳаммани ўзларидек пок деб ўйлашларидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов