Мақолалар

Оила қуриш ҳам ибодатдир

Никоҳ барча пайғамбарларнинг суннати ҳамда азиз-авлиёларнинг одатидир. Зеро, у Аллоҳнинг амри, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари ҳамда мўмин-мусулмонларнинг гувоҳликлари асосида қурилади.

Имом Шофиъийдан бошқа барча уламолар: “Никоҳ ибодатдир. Зотан, оила қуришни Аллоҳ ва Расули буюрган. Аллоҳ ва Расули амр этган амал, албатта, ибодат бўлади”, дейишган. Мужтаҳидларнинг пешвоси, мазҳаббошимиз, имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) “Никоҳ ибодатдир” дея ҳукм чиқарганлар.

عن أبي ذر رضي الله عنه: أنّ أناساً من أصحاب رسول الله صلى الله عليه وسلم قالوا للنبي صلى الله عليه وسلم: يا رسول الله، ذهب أهل الدثور بالأجور، يصلون كما نصلي ويصومون كما نصوم ويتصدقون بفضول أموالهم. قال: «أو ليس قد جعل الله لكم ما تصدقون به: إن لكم بكل تسبيحة صدقة، وكل تكبيرة صدقة، وكل تحميدة صدقة، وكل تهليلة صدقة، وأمر بالمعروف صدقة، ونهي عن منكر صدقة وفي بضع أحدكم صدقة». قالوا: يا رسول الله، أيأتي أحدنا شهوته ويكون له فيها أجر؟ قال: «أرأيتم لو وضعها في حرام أكان عليه وزر؟ فكذلك إذا وضعها في الحلال كان له أجر». رواه مسلم.

Абу Зар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир гуруҳ фақир саҳобалари Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: «Ё Расулуллоҳ! Моли кўп кишилар ажр-савобларни эгаллаб қўйишмоқда. Улар биз намоз ўқиганимиз сингари намоз ўқийдилар, рўза тутганимиз каби рўза тутадилар ва сармояларининг ортиқчасини садақа қиладилар», дейишди. Шунда у зоти бобаракот: “Аллоҳ сизларга садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймадими?” Албатта, сизлар учун ҳар бир тасбеҳ[1] садақа[2]дир, ҳар бир такбир[3] садақадир, ҳар бир таҳмид[4] садақадир, ҳар бир таҳлил[5] садақадир, амри маъруф (яхшиликка чақириш) садақадир, наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) садақадир. Ҳар бирингизнинг (жуфти ҳалоли билан бўлган жинсий) яқинлиги ҳам садақадир», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ! Биримиз шаҳватини қондирса, унга ҳам шу ишида ажр бўладими?» дейишди. У зот: «Айтинглар-чи, агар у ўша (шаҳвати)ни ҳаромга қўйса (зино қилиб қондирса), унга гуноҳ ёзилармиди? Худди шундай. Қачон у (шаҳвати)ни ҳалолга қўйса (никоҳидаги аёли билан яқинлик қилиб қондирса), бу унинг учун ажр бўлади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Зотан, никоҳ давомида эр-хотин бир-бирини ислоҳ этишга ва Аллоҳ таолонинг ибодатида бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Динимизда уйланмаса, зинога кетиш хавфи аниқ бўлган кишиларга оила қуриш фарз ҳисобланади. Зеро, у шу орқали иффатини сақлайди. Шу боис, бундай кишига уйланиш ҳатто ҳаж ибодатидан ҳам олдинга қўйилган. Зотан, оила қурганлар катта бахт-саодатга эришадилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): 

مَنْ رَزَقَهُ الله امْرَأَةً صَالِحَةً فَقَدْ أَعَانَهُ عَلَى شَطْرِ دِينِهِ فَلْيَتَّقِ الله فِي الشَّطْرِ الْبَاقِي

«Аллоҳ кимни солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, ҳақиқатан, унга динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида эса, Аллоҳга тақво қилсин», дедилар (Имом Табароний ва Ҳоким ривоятлари).

Яна Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): 

إذا تزوج العبد فقد استكمل نصف الدين فليتق الله في النصف الباقي

«Қачон банда оила қурса, ҳақиқатан, диннинг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида эса, Аллоҳга тақво қилсин», дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, уйланмоқчи киши оила қуришдан олдин шариатимиз кўрсатмаси бўйича қуйидагиларга амал қилишимиз лозим:

  1. Уйланишдан фақат Аллоҳнинг розилигига эришишни мақсад қилиш керак. Зеро, ният ҳар бир амал учун муҳимдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг буйруғига амал қилиш, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш нияти билан оила қурган одам исломий одоблар, айниқса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ахлоқлари билан зийнатланади. Зеро, оила барча инсонийлик фазилатлар шаклланадиган макондир.
  2. Оилавий ҳаётдан, эр-хотинлик муносабатларидан фақат эзгу мақсадларни кўзлаш керак. Зеро, оила эр-хотинга масъулиятли вазифаларни юклайди. Жумладан, солиҳ ва солиҳа фарзандлар етиштиришда эркакка ўзига хос, аёлга эса ўзига мос вазифаларни белгилайди. Ана шуларни виждонан бажарган оила аъзолари динлари ҳамда ватанларига катта ҳисса қўшган бўладилар.
  3. Эру хотин орасидаги оилавий муносабат меҳр-муҳаббат асосида бўлиши керак. Зеро, никоҳ кўнгил таскинидир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَجَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا لِيَسْكُنَ إِلَيْهَا

“У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир” (Аъроф сураси, 189-оят).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уйланмаганларга динининг ярмини топишни, оила қурганларга эса, динининг қолган ярмига эришишни насиб қилсин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

 

 

 

 

 

[1] Тасбеҳ – “Субҳаналлоҳ” – Аллоҳ барча нуқсон-камчиликлардан покдир, дейиш.

[2] Яъни, садақа берганчалик савобга тенгдир.

[3] Такбир – “Аллоҳу акбар” – Аллоҳ буюкдир, дейиш.

[4] Таҳмид – “Алҳамду лиллаҳ” – Аллоҳга ҳамд бўлсин, дейиш.

[5] Таҳлил – “Ла илаҳа иллаллоҳ” – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, дейиш.

12392 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top