Она-ватан кўчаларини кезар эканман, кўзларим қувончга, қалбим ифтихорга лиммо-лим бўлади. Замонавий усулда ихчам ва ўзбекона барпо қилинган янги уйлар, кўм-кўк бўлиб ёшариб турган манзарали дарахтлар, илғор деҳқончилик намуналари бўлган интенсив мевали боғлар, топ-тоза қилиб супурилган кўчалар, енгил ва ёқимли эпкинга ҳамоҳанг ҳилпираётган байроқлар ҳаммаси куёв болани интиқиб кутаётган безанган келинчакдек ўзларига оро бериб Мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйига тайёргарлик кўриб турганини ҳис қиламан. Халқимизнинг юзларида сурур, кўзларида қувонч ва қалбларида хотиржамлик барқ уради. Ўз юртимизда ишлаб чиқарилган, жаҳондаги илғор техникалар билан бемалол беллаша оладиган автомобиллар ҳаракатидан кўзингиз тинаман дейди.
Ҳа, булар ҳаммаси ота-боболаримизнинг йиғлаб юриб қилган дуоларининг самараларидир. Кимнинг хаёлига келибди дейсиз, ўзбек халқи шунча қисқа вақт мобайнида шўро ҳукумати етмиш йилда ҳам ета олмаган чўққиларни забт этади деб.
Бугунги кунда юртимиз келажакнинг буюклик бўсағасига қадамларини ташлаб турибди. Чунки Истиқлол тенгдошлари бугун камолот ёшига етиб, мустақил юртимизда ишлаб чиқариш, илм ва маърифат, бизнес ва тадбиркорлик, маданият ва маънавиятнинг барча соҳаларини эгалламоқдалар. Ёшларимизнинг илм олишларига бўлган эътибор эртанги кунимиз яна ҳам юқорироқ даражада тараққий топишидан дарак беради.
Ота-боболаримизнинг қонларига сингиб кетган одамийлик дини, покиза имон-эътиқод сарчашмалари яна равон қайнаб тошмоқда. Халқимиз эмин-эркин ва хотиржам ибодатларини адо қилмоқда. Юртбошимиз муҳтарам имом домлаларимизга комил ишончини изҳор қилиб ўз сўзида шундай деган: “Ўйлайманки, халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом динининг моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, имон-эътиқодимиз поклигини сақлаш, муқаддас динимиздан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кимсаларга қарши курашда, аввало, ана шу муҳтарам домла-мударрисларимиз ўз илм ва тажрибаларини сафарбар этишлари ҳам қарз, ҳам фарз” (Ислом Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз).
Имом-хатибларимиз ва мударрисларимиз Президентимизнинг бундан ўн етти йил аввал билдирган бу ишончларини ҳақиқатда қозонди. Бунинг натижаси ўлароқ меҳроблардан, оммавий ахборот воситаларидан покиза имон ғоялари етказиб берилиши юртимизда виждон эркинлиги ҳақиқатан ҳам реал ҳаётда ўз аксини топаётганига далилдир.
Виждон эркинлигининг самараси ўлароқ, масжидларимизда юртимиз янада тинч ва осойишта бўлишини, мамлакатимиз янада тараққий топиб, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишини сўраб тинмай дуолар қилинмоқда. Умид қиламизки, бу дуолар ижобат бўлажак, Мустақил Ўзбекистонимиз дунёда ривожланган давлатларга пешқадамлик қилажакдир!
Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Холид ибн Валид” масжиди ходими