Мақолалар

Нега шариатга зид иш қилинади?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 32-оятида “Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг” деб марҳамат қилган.

Ушбу оятга кўра, банда Аллоҳ таолонинг буйруқларига амал қилиб, қайтарганларидан қайтиши керак. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига амал қилиб, қайтарганларидан қайтиши лозим.

Динимизда аёлларнинг зийнати ҳақида батафсил ҳукмлар келган. Аёлларнинг номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатишни шариат қатъий ман этган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сурасида шундай деган:

“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар” (31-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмина аёлларни ўз зийнатларини бегона эркакларга кўрсатмасликка буюрган. Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.

Аммо афсуски, шариатимизнинг кўрсатмасига амал қилмай, қасддан зийнатларни кўрсатувчилар, беркитиши лозим бўлган жойларни очиб юрувчилар, номаҳрамларга янада жозибалироқ кўринишга уринувчилар кўпайиб боряпти. Товонини ҳам номаҳрамларга кўрсатмаган момоларнинг авлодлари бугун бошқаларга ёқишнинг барча усулини қўллаб, ечинишнинг турфа хилини амалга оширмоқдалар.

Улар нега шундай ққилишади?

Нега шариатга тескари иш қилинади?

Бундан нима фойда? Ахир аёл киши ҳар қанча ёпиқ, иффатли, ҳаёли бўлса, шунча қадрли бўлади-ку! Нега улар ўзларининг қадрларини туширишади?

Шариатимиз:

“Юлма, терма” деган ҳукмига амал қилмай, қошни тердириб;

“Қирқма, кесма” деган ҳукмига амал қилмай, сочни қирқитиб;

“Улама!” деган ҳукмига амал қилмай, киприкни улатиб;

“Олиб, қисқартириб тур” деган ҳукмига амал қилмай, тирноқларини олмай, ўстириб, устига яна сунъий тирноқ қоплатиб;

“Аллоҳнинг яратганини ўзгартирма!” деган ҳукмга амал қилмай, укол қилдириб лабни шишириб, ўзининг табиий ҳажмидан катталаштирувчилар кўпайяпти.

Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин”, деди. Бу гап Қуръон қироат қиладиган Бану Асадлик Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Шунда Абдуллоҳ: “Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор”, деди. “Батаҳқиқ, Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим”, деди аёл. “Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: “Расул сизга нимани берса олингиз ва у сизни нимадан қайтарса, қайтингиз”, деган”, деди у. “Шу нарсадан баъзиси сенинг хотинингда бор деб ўйлайман”, деди аёл. “Бориб, назар сол”, деди у. Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: “Бирор нарса кўрмадим”, деди. “Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жамъ бўлмас эдик”, деди Абдуллоҳ”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривоят қилишган).

“Вашм” – ясама хол қўйиш бўлиб, жоҳилият давридаги араб аёллари орасида кенг тарқалган эди. Бугунги кунда замонавий услублар билан баданга расм чиздириш (татиуровка) ҳам вашмнинг айнан ўзидир.  

“Мўйчинак билан териш” дегани махсус асбоб билан қош, киприк ва юздаги баъзи тукларни териш тушунилади.

“Тиш орасини очиш” деганда эса соғ тишларини эговлаб орасини очиш англанади.

Ҳадисга мувофиқ, хол қўювчи ҳам, қўйдирувчи ҳам, чизувчи ҳам, чиздирувчи ҳам, қош терувчи ҳам, тердирувчи ҳам, тиш орасини очувчилар ҳам лаънатланган.

Мазкур ишларнинг ҳаммасини ривоятда айтилганидек “ҳусн учун” қилинса, лаънатга қолинади. Чунки бу ишларни “ҳусн учун” қилувчилар “Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчилар”дир.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф берсин! Унинг “Қил!” деганларини қилиб, “Қилма!” деганларини қилмайдиган бандаларидан айласин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

4149 марта ўқилди

Мақолалар

Top