Одатий кунлардан бири. Автобус йўловчилар билан тўла. Ўзимга қулай жойга туриб олиб, баҳор манзарасини ойнадан томоша қилиб бораман. Мактабдан қайтаётган болажонларнинг чуғур-чуғури худди автобусга қамалиб қолган гала-гала қушларнинг овозига ўхшаб кетади. Шунча шовқин-суроннинг ичида кимнингдир узуқ-юлуқ гапи қулоғимга чалинди:
- Қанақасини олдингиз?
- Намоз ўргатадиган китоб. Диний қўмитанинг муҳри туширилгани ўтар экан. Бекор ўтирмай “у-бу” ўрганларинг, дейишибди. Пулим шунга етди.
- Ҳа, майли, шунисига ҳам шукр...
Беихтиёр орқамга ўгирилдим. Олди ўриндиқда бўйлари пастгина, ранги қорамтир, озғин, кўзлари мунгли ўрта ёшлардаги бир аёл. Орқасидаги ёши каттароқ аёл томонга дамба-дам ўгирилиб, ҳасрат қилиб қўяди...
- Ким сўраса, бир йиллик ҳарбий хизматга кетган деяпман. Бошқа нима ҳам дердим. Қаердалигини қандай айтаман. Агар бир йилдан кейин яна сўрашса, ҳарбий соҳада кўтарилиб, командировкага кетган деб қўя қоламан. Э-э-э, йиғлайвериб кўзимда ёш қолмади, олти ой бўлди кетганига. Ҳалиги гап бор-ку, “ўлган ўлиб кетаркан, қолганлар яшаши керак”, дея мана йиғламай ҳам қўйдим...
- Чакки бўлибди. Ҳай, майли сиқилманг, буёғига ўзингизни асранг. Бошга тушганини кўз кўради. Бундан ёмони бўлиши ҳам мумкин эди-ку!
- Ҳа, тинмай Худодан сўрайман, дуо қиламан...
Гапнинг сиёқидан онаизор сиқилаб тургани, фарзандига бирор корҳол бўлгани сезилиб турарди. Гаплашиб кетаётган орқадаги аёл ё қўшниси ё бирор қариндоши бўлса керак: дардини айтиб бироз тин олмоқчи бўлса керак...
Бекатларда йўловчилар тушиб, салон анча бўшади. Айниқса ғужур-ғужури қулоқни қоматга келтираётган чуғурчуқлар тушгач, автобус ичи тинчиди-қолди. Хайрият! Бояги муштипар опахоннинг тўғрисида жой бўшади. Ўша ерга ўтриб олдим. Қўлида йиртилай-йирталай деб турган ҳамёни. Ўшандан увадаси чиққан бир бўлак қоғозни чиқарди. Узун рўйхат ёзилган. Она рўйхатни белгилаб, ҳар бирининг тўғрисига нарх ёза бошлади. Аста сўрадим:
- Бозорликми, опа?
- Ҳа, ҳар ой олиб бораман. Нархини ёзиб хўжайинимга кўрсатишим керак. Мана икки халта тўла нарса.
Ҳақиқатда оёқ томонда катта иккита халтада майда-чуйдалар лиқ тўла.
- Кечирасиз, хафа кўринасиз. Бирор мусибат юз бердими?
Ҳа, бошимизга шунақа кунлар ҳам бор экан. Болам ёмон йигит эмасди. Ҳаммага қўлидан келганича ёрдам берарди. Кўпчиликни ишлик қилиб қўярди. Ўзининг ўрнига қўйиб бўлса ҳам инсонларга кўмаклашарди. Эпчил, уддабурон йигит эди. Нима бўлди-ю, ўша куни кечқурун уйдан чиқиб кетди. Қаергалигини айтмади. Анча ҳаяллади. Келавермади. Тонг ҳам отди. Минг хавотирдан ўлай дедим. Ўша куни полиция маҳкамасида эканлиги хабари келди. Аввалига эшитиб, тушунмай гаранг бўлдим. Хўжайиним иккимиз ўша ерга югурдик. Афсуски, бир кун олдин уйидан озод қушдай учган болам, эртасига жиноятчига айланиб-улгурибди. Қўлларида кишан, боши эгик. Юз-кўзлари қонталаш, моматалоқ. Ёнида яна учта ўртоқлари ҳам бор. “Вой бола-а-м”, деб дод солдим. Шўринг қургурлар, ўғлим ва яна учта ўртоғи - тўрт киши бўлиб бир йигитни дўппослашибди, ўласи қилиб калтаклашибди. Хуллас калтак еган бола реанимацида экан. Хуллас тергов, суриштирув, айблов, шикоятлар бошланиб кетди. Отаси иккимиз нима бўлсак, бўлдик. Хўжайиним бу кўргуликни кўтаролмай, эсдан оғай дедилар. Руҳий шифохонада анча даволандилар. Ҳозир ҳам аҳволлари ҳаминқадар. Уйқу дори ичиб, кўп-кўп ухлайдилар. Деярли гапирмайдилар. Ўзим инфаркт бўлдим. Дори билан тиккаман.
- Анави бола тузалиб кетдими, кейин?
- Уч ой деганда ўзига келди. Яна билмадим. Судда соғга ўхшаб кўринди, атай ётиб олган бўлиши ҳам мумкин. Униси Худога аён... Уйидагилар шикоят ёзишди. Жарима тўлатмоқчи бўлишди. Тўлашга умуман иконимиз, қурбимиз етмайди, начора. Боламга 8 йил беришди. Озодликдан маҳрум бўлди. Умидим - шояд авфга лойиқ кўришса... Унинг учун ҳам ўзим кечирим сўрайман, қаерга бўлса ҳам бораман. Бечорагинам, мана хатларини кўринг-да! Тинмай узр айтади. Мени йиғлатгани учун афсус чекади. Қамоқдан ўзига керакли нарсаларни сўраб хат ёзибди. Мана ҳозир ҳам рўйхат ёзиб юборган. Шуларни тўлдириб юрибман. Манави дориларим, буниси эса юрагимни кардиограммаси. Бу хўжайинимга ичираётган дориларим рўйхати, тепада уларга қўйилган ташхис ҳам бор. Мана ўқиб кўринг. У бояги эскириб кетган ҳамёнидан кетма-кет қоғозларни чиқариб кўрсата бошлади. Ҳа, дея бош силтайман. Сабр тилайман.
- Бояги намоз ўргатадиган китоб...
- Ҳа, уни қамоқда тарбияси оғир болаларга тавсия қилишибди. Бекор юрмай китоб ўқиларинг, дея. Шунинг учун олгандим.
- Бу қийин ҳолатда рўзғорни ким тебратяпти?
- Ўзим... Катта ўғлим ҳам қарашади.
- Дастёрликка қизлар борми?
- Йўқ-да! Мен аҳмоқ ўғил болалар ичида катта бўлганим, акаларимдан кўп дакки еганим учун катта бўлсам, фақат ўғил кўраман, қизлик бўлмайман деб қаттиқ ният қилганман. Мана ниятга яраша икки ўғлим бор. Дардкаш, меҳрибон қизим йўқ. Ўғилларимдан бири ҳам мана бунақа иш қилиб, юзимизни ерга қаратиб қўйди. Айни аримияга борадиган, ўқиб-пул топадиган, белимга қувват бўладиган маҳалида-я... Қаерда адашдим, қандай хато қилдим. Гул ёшлиги хазон бўлмаса деб қўрқаман... Дув-дув оққан ёшлар қамоқдан келган мактубни намлади. Сазойи бўлиб қолган онанинг ҳасратини эшитиб турганлар ҳам йиғлади.
Онаизор бекатига етгач, апил-тапил иккита халтасини судрганча эшик томон шошди. Ғижимланган пулни чиптачига узатди-ю, қаергадир шошиб кўздан ғойиб бўлди. Ўзи кетса ҳам гаплари қулоғимдан кетмас, фарзандига йиғлаб нола қилиши юрагимни ўйиб юборгандай бўларди. Мен ҳам онаман, ахир... Унга ачиндим. Дуо қилдим. Чайқалиб-чайқалиб бораётган автобус хаёлимни ҳам чалкаштириб юборди. Ҳиссиётлар бироз жиловланди. Ақлга иссиқлик югурди. Тавба, қочган ҳам, қувган ҳам Худо дейди, деб бекорга айтишмаган экан. Бу ерда қамалган боласига бир она куйса, у ерда тўрт киши чангалида калтакланган боласига бошқа она куяди. Бу тарбиянинг аччиқ меваси.
Шуларни ўйлаб борарканман, ўртоғи билан пулини ҳисоблаётган ёнимдаги бола дўстига шипшиди:
- Аҳмоқ, 1000 сўм берма!
- Нега?
- 500 сўп етади, биз ҳали кичкинамиз. Пулингни қолганини кўрсатма, беркитиб қўявер!
- Болажон нечанчи синфда ўқийсан?
- 3 синфда.
- Йўл кира 500 сўм эмас, 1200 сўм-ку.
- Нима қипти?
- Автобус ҳам давлатнинг мулки, бензин кетади, қанча жойга беминнат обориб-обкелади. Таксига чиқсанг, шунча йўл учун қанча олади?
- 4000-5000 олади, буни биламан.
- Билсанг, тўғри тўлаб қўй. Чиптачининг яна жаҳли чиқмасин!
- Нима-а-а, адамга битта этсам бўлди, қаматворалла!
- Аданг ким?!
- Ички ишларда катта раҳбар бўлиб ишлайдилар, чундизми? Ҳеч кимдан қўрқмиман!
Бу ҳам тарбиянинг аччиқ меваси.
Эй, Худо, ҳеч кимни фарзанди куйдирмасин, юзини ерга қаратмасин экан. Илгари ёшроқ пайтимда бунақа гапларни эшитиб, ҳа-а, дея унча эътибор бермасдим. Аммо ўзим она бўлгач, фарзанд ўстиргач, қўрқиб кетаман. Болам дунёга келганда бир севингандим, бир севингадим! Катта бўла бошлагач, минг ҳадикдаман. Гўдаклигида қорнини, соғлигини ўйлайсиз, эҳтиётлаб парваришлайсиз. Улғая бошлагач, жамиятга кира бошлагач, фикрини, эътиқодини, хулқини ҳимоя қила бошларкансиз. Шуни тарбия деб атасалар керакда. Бежизга динимиз фарзанд тарбиясига қаттиқ эътибор қаратмаган.
“Тарбия диндандир. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ота ўз фарзандига чиройли одобдан кўра яхшироқ ҳадия беролмайди”. (Термизий ва Аҳмад ривояти)
Ота-онанинг боласига қилган энг яхши мукофоти – чиройли тарбия беришидир. Бетарбия фарзанд ота-онанинг шўри, жамиятнинг оғриғи, - Аллоҳ сақласин - , Охиратда ёмон оқибат сабабчиси.
Эй, дўстим, балки сиз ҳам жуда ақлли, имонли, ижтимоий мавқеъи, молиявий қудрати баланд бўлган оталарни кўп кўргандирсиз, аммо улар фарзандлари сабабидан бахтсиздирлар. Бошқа томонда эса баъзи ота-оналар кўзлари қувнаётгани, ҳаётлари чиройли ўтаётганининг гувоҳи бўласиз. Бу ҳам фарзандлари туфайлидир”.[1]
Бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам бахтли бўлишни истаган инсон фарзанди тарбиясига беэътибор бўлмасин. Агар ота-она боласига Аллоҳни эрта танитган, виждонли, ҳалол қилиб тарбиялаган, диний ахлоқ ва одобларга ўргатган бўлса, фарзанд қай соҳада, қай мансабда ишламасин, ҳалолликдан, тўғриликдан ажрамайди. Ота-она юзини шувут қилмайди. Тарбиянинг тотли мевасидан баҳраманд бўлиб яшайди.
Хадичаи кубро аёл-қизлар билим юрти
ўқитувчиси Н.Саидакбарова
[1] Муҳаммад Ротиб Нобулусий, “Авладуна – ал-вароқатур робиҳатул авла”