Мақолалар

Қадри бебаҳо неъмат

Мустақиллик азалдан халқимизнинг орзу-умидлари, армон ва изтиробларини ўзида мужассам этади. Дарҳақиқат, инсон табиатнинг гултожи сифатида ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У қалбида ўзини ҳамиша ҳар жиҳатдан эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кишилик тарихи турли даврларда ер шарининг барча минтақаларида озодлик учун курашнинг, шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳурриятга интилиш ҳодисаларини кўп кўрган.

Мустақиллик, ҳуррият деган сўзлар бутун жозибаси билан бирга беқиёс қудратини, буюк ўзгартирувчанлигини кўрсатмоқда. У дунёқарашларимизни тубдан ўзгартириб, фикримиз, тафаккуримизни бойитмоқда. Воқеалар ривожини бутун моҳияти билан англашни, дунёга кенгроқ ва зийракроқ назар билан қарашни, бу кўҳна оламда шўро тузумидан бошқа адолатли тузумлар ҳам борлигини, бошқача яшаш ҳам мумкин эканлигини кўрсатиб берди. Зотан, истиқлолнинг буюк моҳияти, беқиёс қадр-қиммати ҳам ана шунда. Истиқлол моҳияти, унинг миллат ва мамлакат тақдирида тутган ўрни, улуғ аждодларимиз, бой ва ноёб тарихимиз ҳамда истиқболдаги вазифаларимиз хусусида гапирар экан, Муҳтарам Юртбошимиз буни мухтасар қилиб шундай тушунтирадилар: “Биз учун мустақиллик – энг аввало ўз тақдиримизни қўлимизга олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларни, урф-одатларимизни тиклаш, ҳаммамиз учун мўътабар шу ватанда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, барқарорликни сақлашдир. Азиз ватанимизда адолат, инсоф, дину диёнат, меҳр-оқибатни қарор топтиришдир”.

Биз учун мустақиллик – Аллоҳнинг ўзи эл-юртимизга инъом этган табиий бойликларга эгалик қилиш, халқимиз қудрати, салоҳияти, ақлу заковатига таяниб, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт қуриш, келажак авлодлар учун озод ва обод ватан қолдиришдир.

Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун истиқлол энг азиз ва энг улуғ неъмат  ҳисобланади. Бугунги кунда биз: мустақиллик бизларга нима берди деб эмас, балки биз мустақилликка нима бердик, деб яшашимиз керак.

Мустақиллик йилларида барча соҳаларда ўзгаришлар бўлгани каби, диний соҳада ҳам катта ислоҳотлар қилинди. Дин эркинлиги, виждон эркинлиги қонуний кафолатланди, диний нашрлар жорий қилинди, мустақилликдан олдин ўз калимасини баландроқ айтишга чўчиган ўзбек халқи Қуръони карим, ҳадис, фиқҳий,  ақидавий китобларни таълим олиб, ўз тилида ўқий бошлади. Улкан хизматлар қилиб ўтиб кетган ота-боболари номини англаб етдилар. Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Имом Насафий ва бошқа улуғ боболаримиз шулар жумласидандир. Бинобарин, бугун уларнинг маънавий мероси, инсоний фазилатлари билан фахрланиш айни вақтда истиқлолимизни шарафлаш ҳам демакдир.

Ўзбекистон мустақиллик сари йўл олар экан, дастлабки кунлариданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларга кенг эътибор берилди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Диний таълим масканлари ўз фаолиятини мустақиллик йилларидан бошлади.

Давлатимиз томонидан эзгулик ва олижаноб фазилатларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош Қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Бу борада Бош Қомусимизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, (18-модда) – деган қоидани мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратди.

Мустақиллик йилларида бугунги ва эртанги ҳаётимизни белгилаб берадиган, барча эзгу орзу-интилишларимизни амалий ҳаёт жабҳасида рўёбга чиқарадиган ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш масаласида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу ҳам ёшларга, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўриниши экани шубҳасиздир.

Бугун Ўзбекистонда 16 диний конфессияга мансуб 2238 диний ташкилот фаолият олиб боради. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Яна конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда.

Ҳар йили ҳаж ва умра сафарлари юқори даражада ташкиллаштирилиб, Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити республика миқёсида кенг нишонланади. Диний идоранинг журнал ва газеталари нашр этилиб, ТВ ва радиода диний мавзуларда махсус кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилади. Қуръони карим ўзбек тилида кўп марталаб нашр этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диндорлар эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашмоқда. 2007 йилда Ислом Конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – АЙСЕСКО томонидан  Тошкент Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилинди. Бу Ўзбекистоннинг динга бўлган соф муносабатининг ифодасидир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ва 1 та ТИИ фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур даргоҳларда дарс ўтиладиган хоналар давр талаби асосида замонавий қилиб безатилган. Ўқитувчилар ушбу билим юртларида замонавий техник воситалар ва кўргазмалардан фойдаланиб, янги педагогик технологиялар асосида дарс ўтишмоқда. Ушбу билим юртларини тугатганлар кенг ва ҳар томонлама пухта билим эгаси бўлиши давр талабидир.

Заҳматкаш халқимизнинг илмга чанқоқ фарзандлари, она ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз орзуларини рўёбга чиқариш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2003 йил 22 августда “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364-сонли қарорини қабул қилди.

Президентимизнинг бевосита ташаббусига мувофиқ, ушбу қарорнинг биринчи бандига биноан Ўзбекитстон мусулмонлари идорасига қарашли ўқув муассасалари – Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилиб, ана шундай шаҳодатномага эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди. Илгари бу билим юртларида олинган шаҳодатнома фақат масжид ва мадрасаларда ишлаш имконини берар эди. Бу, ўз навбатида, минглаб ёшларнинг кейинчалик ўзлари истаган бошқа соҳаларда ўқиши ва ишлаши учун жиддий муаммо туғдирар эди. Мазкур қарор туфайли бу муаммолар оқилона ҳуқуқий ечимини топиб, қанча-қанча ёшлар учун янги имкониятлар очилди. Яъни, эндиликда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли билим юртларини тамомлаган ёшлар олган дипломлари билан мамлакатимиздаги исталган ўқув масканида таҳсилни давом эттириши мумкин. Уларнинг илм-маърифат чўққилари, замонавий касб-ҳунар соҳаларини эгаллаши йўлида энди ҳеч қандай тўсиқ қолмади.

Ислом билим юртларида ёшлар учун замон талабларига тўла жавоб берадиган ўқув бинолари, барча қулайликларга эга бўлган ётоқхоналар мавжуд.

Бундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг билим олишга қизиқишларини янада ошириш, уларнинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб камолга етишига хизмат қилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Келажагимиз ворисларининг камолоти йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшларнинг маънавий дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида яратилаётган шароитлар бугун уларнинг  иқтидорини кенг намоён этишига хизмат қиляпти.

Сўзимизни муҳтарам Юртбошимизнинг ушбу сўзлари билан хулосалашни лозим деб топдик: “Биз эртанги кунимизни барпо этишда, яратишда миллатимизнинг ўтмиш мерослари, маънавий ва руҳий қувват манбаларига – буюк бобокалонларимиз қолдирган ноёб тажрибаларга таянамиз, янги замон тамойилларида  яшаш билан бирга уларнинг инсонпарварлик, имон ва эътиқод, комил инсон ҳақидаги мангу ғояларини асраб-авайлаймиз, уларга ихлос ва амал қиламиз”.

    

           Қораев МУҲАММАДИ,

“Хожа   Бухорий  

ўрта    махсус   ислом   билим   юрти

           маънавий-маърифий ишлар бўйича

 мудир ўринбосари   

 

5031 марта ўқилди

Мақолалар

Top