Мақолалар

Улар намозни шундай ўқишган

Ривоят қилинишича, Исом ибн Юсуф Балхий буюк олим ва зоҳид Ҳотами Асомдан “Қандай намоз ўқийсиз?” деб сўради. Шунда у киши: “Намозга қўрқув билан тураман. Ният билан киришаман. Аллоҳни улуғлаб такбир айтаман. Тартил билан қироат қиламан. Хушуъ билан рукуъ қиламан. Хузуъ билан сажда қиламан. (Яъни руку ва саждани тавозуъ билан қиламан.) Одоб билан ўтираман. Зоҳидлик (виқор) билан салом бераман ва қўрқув билан уйга қайтаман. Кейин “Бу намозим мендан қабул қилинармикин ёки йўқми?” деб хавотирга тушаман” деб жавоб бердилар.

Буни эшитган Исом “Агар сиз ўқийдиган намоз шундай бўлса, унда мен умримда намоз ўқимабман” деди. 

***** 

Жунайд раҳимаҳуллоҳ Маккада эканликларида азон чақирилди. У кишига “Олдинга ўтинг! (яъни имомликка ўтинг) дейилди. Шунда у киши “Мен имомликка лойиқ эмасман” дедилар. Одамлар: “Йўқ, сиз ўтасиз” деб туриб олишди ва у кишини олдинга ўтқазишди. Олдинга ўтиб, одамларга юзланиб, “Сафни тўғрилаб текисланглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!” дедилар-да, ҳушларидан кетдилар. Бошқа бир киши олдинга ўтиб имомлик қилди. Намоздан сўнг у кишининг юзларига сув сепиб ўзларига келтиришди ва “Нега ҳушингиздан кетдингиз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Қачонки сизларга “Сафни тўғрилаб текисланглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!” деганимда, нидо қилувчи менга “Сен ўзинг Роббинг билан алоқангни тўғриладингмики бошқаларни тўғриланишга буюрасан?!” деб нидо қилди. Шунинг учун ҳушимдан кетдим” дедилар.

*****

Уларнинг намоздаги аҳволлари шундай эди. Улар Роббилари ҳузурида турганларини ўйлаб намозда лаззатланар эдилар. Шунинг учун намоздан ажрашни истамасдилар.

*****

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор ёки ёғоч деб ўйлаб устларига қўнар эди.

У киши уйга кирсалар, оила аъзолари у зотнинг ҳайбатларидан жим туришар экан. Агар намозга киришсалар, такбир айтишлари биланоқ дунёдан узилар, атрофларидаги нарсаларни сезмай қолар эканлар. Буни билган фарзандлари яна баланд овозда гаплашишда давом этишар экан.

*****

Ҳа, азизлар, мана шундай намозлар ўқилган. Аслида намоз худди шундай ўқилиши керак. Улар шундай намоз ўқисалар ҳам, ибодатлари қабул бўлмай қолишидан, охиратда юзларига қайтариб урилишидан қўрқардилар.

Аллоҳ таоло бизни ҳам уларга ўхшашимизни насиб этсин!

 

Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

3086 марта ўқилди

Мақолалар

Top