Мақолалар

Имом Абу Ҳанифа ва аъробий

Бир куни бир аъробий буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга иқтидо қилиб намоз ўқиётган эди. Улуғ имом бомдод намозида қироат қила туриб, хатога йўл қўйдилар. Яъни у киши Аллоҳ таолонинг

 وَالسَّارِقُ وَالسَّارِقَةُ فَاقْطَعُواْ أَيْدِيَهُمَا جَزَاء بِمَا كَسَبَا نَكَالاً مِّنَ اللّهِ

“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан ъиқобдир” (Моида сураси, 38-оят) деб ўқиб, охирида وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ (“Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”) дедилар.

Намоздан сўнг ташқарига чиқишганда, бояги аъробий Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга раддия билдирди, “Тиловатда хато қилдингиз, сиз ўқиган оятнинг охирида وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (“Аллоҳ азиз ва ҳакимдир”) бўлади” деди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўйланиб қолдилар ва хато қилганларини тушуниб етиб, намозни қайтадан ўқидилар. Кейин буюк фақиҳ хатони эслатиб, тузатишга ёрдам бергани учун ўша аъробийга ташаккур айтдилар.

Аъробий, яъни чўлда ўсган, саҳрода яшайдиган киши Ироқдаги буюк имом, улуғ фақиҳ Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга “Хато ўқидингиз” деган эди.

Буюк имом ундан “Қуръонни ёдлаганмисан?” деб сўрадилар. У “Йўқ” деди. “Ушбу сурани ёдлаганмисан?” деб сўрадилар имом. Аъробий яна “Йўқ” деди. “Бу оятни яхши биласанми?” деб сўрадилар буюк имом. Аъробий бу сафар ҳам “Йўқ. Мен бу оятни сиздан илк марта эшитиб турибман” деб жавоб берди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ажабланиб, кафтларини бир-бирига ишқадилар ва: “Унда менинг хато ўқиганимни қаердан билдинг, сенга ким ўргатди?” деб сўрадилар. Шунда аъробий “Эй Абу Ҳанифа, агар ушбу оятнинг охиридаги жумла وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ (“Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”) бўлганида, ўғрининг қўлини кесишга ҳукм қилмаган бўларди. У Зот Азиз, Ўз ишида, Ўз ҳукмида ғолиб, олий Зот бўлгани учун ўғрининг қўлини кесишга амр қилди. Шунинг учун бу оятнинг охирида ҳолат тақозосига кўра وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (“Аллоҳ азиз ва ҳакимдир”) бўлиши керак” деб жавоб берди.

Ҳа, инсон Аллоҳ таолонинг Каломини қалбидан, эътибор бериб тингласа, ана шундай натижа бўлади.   

 

Доктор Умар Абдулкофийнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

2770 марта ўқилди

Мақолалар

Top