Мақолалар

Фитначининг асл юзи очилди!

27 май куни ижтимоий тармоқларда “Вақф” фонди ҳақида асоссиз гаплар тарқалди. Фонд ҳақида турли гап-сўзлар айтила бошланди. Нима эмиш, вақф мулклари сифатида ўтказиб берилган хонадонларда Фонд раҳбари яшаётгани иддао қилинган.

Бугун “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Саидқосим Бухорий” номли блоггер ўзининг профилида “Мажбур бўляпман дўстларим. (Рамазон ойи Аллоҳ ўзи кечирсин)” сарлавҳали ёлғон ва туҳматга тўла ёзувлари эълон қилинди. Гўё вақф мулки сифатида ажратилган хонадонда Фонд раҳбарининг ўзи яшаётган эмиш, яна уйи ёнган хонадонларга “Вақф” фонди томонидан китоблар бериш ўрнига, анашу хонадонларни беришни айтилган.

Энди асл воқеликка қандай бўлганини баён қиламиз.

Биринчидан, шу йилнинг 18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги саккизта хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ушбу хонадонларга имом-хатиблар ўша заҳотиёқ ёрдам кўрсатди. Шу кунларда ҳам ёнғин бўлган хонадонларни қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу хонадон аҳлларидан бирлари: “Энг ачинарлиси, мен учун бебаҳо бойлик бўлган кўплаб китобларим ҳам ёнғинда ёниб кетди. Уларнинг аксарияти диний китоблар эди”, дея афсус билан сўзлаб берган эди. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан саккизта хонадоннинг ҳар бирига Қуръони карим ва ўндан ортиқ, жами юзга яқин диний-маърифий китоблар топширилди ҳамда бир неча юз миллион сўм, қурилиш материаллар хайрия қилинди.

Масалан:

Муфтий ҳазрат ёнғиндан жабр кўрган хонадонлардан хабар олдилар
http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/13836 

“Йўқотган китобларимга ачинаётган эдим, мана, бугун улар ҳам қайтиб келди!” 
http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/13874 

«Оқлон» маҳалласида ёниб кетган олтита хонадон эгаларига моддий ёрдамлар кўрсатилди
http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/13929 

Отинойилар ёнғиндан жабр чекканларга кўмак берди 
http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/13995

Мана шу бўлган ҳақиқат. 

Иккинчидан “Саидқосим Бухорий” номли блоггер ўзининг профилида Фонд раҳбари вақф мулки сифатида берилган уйда яшаётганини ўз кўзи билан кўрганини иддао қилган. Ваҳоланки, Фонд раҳбари бирор марта ҳам ушбу хонадонга бормаган, ушбу хонадон Фонд масъул ходимлари томонидан вақф мулки сифатида тасарруф этилмоқда. “Саидқосим Бухорий” айтганидек, уйи ёниб кетган ёки уйсизларга бериб бўлмайди. Чунки вақф мулки ҳадя этиладиган нарса эмас. У бир умр вақф тасарруфида қоладиган мулк.

Учинчидан, “Саидқосим Бухорий” Фондда меҳнат қилаётган мутахассис Шайх Муҳаммад исмли ходим билан гаплашганини ёзган. Шайх Муҳаммаднинг ўзи бундай инсон билан мутлақо гаплашмаганини таъкидлади. Демак, “Саидқосим Бухорий”нинг бу гапи ҳам ёлғон. Ёлғончининг қандайлиги ва унга белгиланган жазо ҳаммага маълум.

Тўртинчидан, блоггер Фонд томонидан эҳтиёжмандларга уй қуриб беришни билдирган. Агар у холис бўлганида эди, Фонд томонидан Тошкент шаҳрида бир нечта ва вилоятларда ўнлаб фуқароларга уй-жой қуриб берилганини эътироф этар эди. Шунингдек, ўлкамиздаги тинимсиз ёмғирли кунлар оқибатида сел ювиб кетган Қашқадарё вилоятидаги хонадонларга ёрдам берилганини билар эди. Демакки, “Саидқосим Бухорий” ушбу мавзуда ҳам нохолисдир.

Масалан:

Исрофдан қочиш - бараканинг айни ўзидир 
http://muslim.uz/index.php/media-17/videolav-alar/item/10499 

 “Вақф” фонди табиий офат туфайли уйидан айрилган хонадонларга ёрдам беради 
https://telegra.ph/ofat-04-29

https://t.me/vaqfuz/1293 

Уй қурилиши бошланди: табиий офат туфайли уйидан айрилган хонадонлар учун дастлабки қурилиш материаллари етказилди.
https://telegra.ph/uyqurilish-05-10 

“Вақф” фонди ногиронлиги бор опа-сингилга янги уй қуриб берди
https://telegra.ph/yangiuy-05-01 

Баён этилганлардан маълум бўладики, “Саидқосим Бухорий”нинг хатти-ҳаракатлари “Вақф” фонди ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмай туриб, туҳмат ва бўҳтон қилиб, фитна қўзғашдан бошқа нарса эмас.

Тўғриси, бундай мантиқсиз ёзувларни ўқиб кўпчилик таажжубга тушди. Қандай қилиб, асл вазиятдан хабардор бўлмай туриб, бундай ёлғон ёзишга ким “Саидқосим Бухорий”га ҳуқуқ берди?

Демак, айрим ижтимоий тармоқларда бирёқлама, асоссиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, уларда ишончсизлик уйғотиш, юз йилдан кейин қайта тикланган буюк исломий қадриятни яна йўқ қилишдан иборатдир.

Яна бир муҳим масала, “Саидқосим Бухорий”нинг бу фитнаси “вақф” фондининг хайрия ишлари кенгайишига тўсқинлик қилиб, натижада бундан фақат ёрдамга муҳтож бўлган инсонларгина меҳр мурувватдан бебаҳра қоладилар.

Дарҳақиқат, фитна ёмон бўлиши билан бирга, у инсонларни имтиҳон қилади, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Бу ҳам илоҳий ирода, имтиҳон дунёсининг қонуни. Фитна пайтида одамларнинг асл ҳолати ошкор бўлади, қалбида яшириниб ётган чўкиндилари юзага қалқийди, бор сурати намоён бўлади.

Масалан:

Фитна 
https://islom.uz/maqola/5989 

Яна бир жиҳатни эсдан чиқармайлик, ҳозир шайтону жинлар кишанланган ва бутун мавжудотга раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазони шариф ойида турибмиз. Ушбу ойни гуноҳу маъсиятлар қилиш билан ўтказмайлик.

Инсон дунёга муккасидан кетиб, охиратини унутиб, ҳар ишга қўл урмаслиги керак. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганларини баён этди.

Қалам аҳллари бўлган дўстларимизга мурожаатимиз шуки, бундай ёлғон-яшиқларга учмасликлари ва фитналардан огоҳ бўлишларига чақирамиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Шундай экан азизлар ғанимат ой бўлган Рамазон ойида Ҳақ таолонинг розилигини топишга интилайлик, фитна чиқаришга эмас!

 

“Вақф” фонди матбуот хизмати

3145 марта ўқилди

Мақолалар

Top