Мақолалар

Ҳажнинг турлари ва аҳамияти

Аллоҳ таоло ҳажга қодир бўлган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта уни адо этишни ушбу ояти карима билан фарз қилган: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97). У исломнинг беш арконидан бири ҳисобланади. Ҳаж – молий ва жисмоний ибодатдир. У ерда ирқи, жинси, ранги, тили ва дунёвий мақомидан қатъий назар барча инсонлар бир хил кийимда, бир хил ҳолатда ибодат қиладилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳамма баробардир.

Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи санасида барча мусулмонларга фарз бўлди. Шу йили Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадина аҳлидан 300 кишини Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) раҳбарликларида ҳажга юбордилар. Кейинги санада Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларининг сўнги “Ҳажжатул вадоъ”, яъни видолашув ҳажини адо этдилар ва унда исломнинг асосий таълимотини ўз ичига олган машҳур видолашув хутба – мавъизаларини, яъни  йиғилган саҳобалари ва келажак уммат ҳаёти учун зарур бўлган васиятларини баён қилдилар.

Тарихий манбалардан яхши биламизки, ҳаж қилиш ибодати анбиёлар отаси Иброҳим (а.с.) Аллоҳ таолонинг амри билан Байтуллоҳни бино қилган, унинг асосини кўтарган вақтдан бери бошланган эди. Каъбанинг қурилиши тамом бўлганидан кейин Аллоҳ таоло пайғамбари ва халили Иброҳим (а.с.) бундай амр қилди: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж, 27-28).

Кейинчалик ҳаж арконлари ҳақида бошқа оятлар ҳам нозил бўлди, уни адо этиш тартиб ва ҳукмлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлди. Ҳаж ибодатига мушриклар томонидан киритилган барча хурофий нарсалар бекор қилинди, Иброҳим (а.с.) даврларида бўлганидек, ягона Аллоҳнинг ўзига холис ибодат қилиш, унга қурбонлик келтириш, талбия ва такбир айтишда софликка эришилди. Шунингдек, ҳаж мавсумида дунёнинг турли жойларидан йиғилган мусулмонларга дунёвий ва ухровий манфаат ва фойда бўлиши ҳақидаги оятлар ҳам нозил бўлди.

Жумладан, Расули акрам (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: “Ким ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Меҳрибон Парвардигоримиз ушбу ибодатни бажарганларга улкан ажру мукофотларни ваъда қилиш билан бига, бандаларига яна-да енгил бўлиши учун уни уч турда бажариш имкониятини берди. Ҳар ким ҳохиши ва имкониятига қараб бу уч турдан бирини танлайди ва ҳаж ибодини шунга кўра адо этади.

Демак, ҳаж турлари учта:

  1. Ифрод;
  2. Қирон;
  3. Таматтуъ.

Ифрод ҳажи деб миқотдан фақат ҳаж қилиш учун эҳромга киришга айтилади. Ифрод ҳаж қилувчи киши Маккага келгач, тавофи қудум қилиб, ҳаж амалларини адо этишга киришади ва қурбонлик куни шайтонга тош отганидан кейин эҳромдан чиқади. Ифрод ҳаж қилувчи зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Фақат бир тавоф ва бир саъй қилиш вожибдир. Бугунги кунда ифрод ҳажини қилиш бирмунча машаққатлидир. Чунки бу тур ҳажни ният қилган киши Маккаи мукаррамага келган кунидан бошлаб то қурбон ҳайити куни шайтонга тош отиб, сочини қисқартиргунигача эҳромда бўлиши ва эҳром тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиши шартдир. Агар шу вақт оралигида эҳромда қайтарилган ишларни унутиб қилиб қўйса, зиммасига каффорат лозим бўлади. Масалан, мўйлаби ўсиб кетса-ю уни қисқартириш, олиш мумкин эмаслигини унутиб, олиб қўйса ёки хушбўйланиб қўйса, жарима лозим бўлади. Аммо шунча қийинчиликка яраша, бу ҳажнинг савоби бошқаларга қараганда кўпроқдир.

Таматтуъ ҳажи. “Таматтуъ” арабча сўз бўлиб, “фойдаланиш”, “маза”, “ҳузур қилиш” маъноларини англатади. Аввал умрани адо этиб, ҳаж вақтигача эҳром ҳаром қилган нарсалардан ҳузур қилиб юриб, вақти келганда яна эҳромга кириб ҳажни ният қилган одам “Таматтуъ ҳаж қилувчи” дейилади. Ҳанафий мазҳаби бўйича таматтуъ ифрод ҳажидан улуғ бўлади. Таматтуъ ҳаж ойларида Маккага ташқаридан келувчиларга жоиз. Маккада яшовчиларга ва у ерга ҳаж ойларидан олдин келиб, ҳажни кутиб турганларга жоиз эмас. Таматтуъ ҳажини ифроддан асосий фарқлари қуйидагилар.
У эҳромга кираётганда умранигина ният қилади. Сўнг “Талбия” айтиб боради. Маккага кириб умра тавофини қилади. Биринчи тавофдаёқ талбияни тўхтатади. Сўнг Сафо ва Марва орасида саъй қилиб бўлгач, сочини олдириб ё қисқартириб эҳромдан чиқади. Сўнг ҳаж вақти келишини кутиб туради. Зулҳижжа ойининг 8-куни Ҳаромда эҳромга киради ва ният қилади.
Сўнг икки ракаат намоз ўқийди. Каъбани тавоф қилади, Сафо ва Марва орасида саъй қилиб олса яхши бўлади. Сўнг ифрод ҳажи амалларини қилгандек амалларни қилади. Ҳайит куни тонг отгандан сўнг жонлиқни сўяди. Кейин сочини олдириб ё қисқартириб ифоза тавофини қилади. Агар эҳром боғлаган пайтда тавоф ва саъй қилмаган бўлса ифоза тавофидан сўнг Сафо ва Марва орасида саъй қилади. Таматтуъ ният қилган одам ўзига вожиб бўлган жонлиқни сўйишга қодир бўлмаса, ўрнига рўза тутади. Бу рўзанинг умумий миқдори ўн кун. Шундан уч куни Арафадан аввал тутилиши шарт. Энг яхшиси Арафа куни ва ундан аввалги икки кун рўза тутишдир. Арофатда чарчаб қолмай деса, бир кун олдин тутсин. Етти куни ҳаждан кейин ўз юртида тутилади.

Қирон ҳажи. “Қирон” сўзи “яқинлик”, “қўшилиш” маъноларини англатади. Умра билан яқинлаштириб, бир-бирига қўшиб қилинган ҳажни “қирон” ҳажи дейилади. Қироннинг ифроддан фарқи шуки, эҳромга киришда ният қилади. Кейин талбия айтади. Маккага келгач, умра учун тавофни адо этиб, Сафо ва Марва орасида саъй қилади. Аммо сочини олдирмайди, эҳромдан чиқмайди. Чунки унда ҳали ҳажнинг нияти бор. Кейин ҳаж учун яна бир тавоф қилади ва саъй адо этади. Қолган амаллар ифрод ҳажиникига ўхшаб кетади. Ҳайит куни тош отишдан сўнг қурбонлик қилиш вожиб. Жонлиқ сўяётганда “Қирон учун” ё “Дами шукр” деб ният қилади. Ундан сўнг сочини олдиради ё қисқартиради. Ушбу тартиб зарурдир. Ифоза тавофи қилингандан сўнг, аввал ҳаж учун саъй қилмаган бўлса саъй қилади. Қурбонлик сўйишга имкони йўқлар таматтуъга ўхшаб рўза тутадилар.

Манбалар асосида тайёрланди.

5740 марта ўқилди

Мақолалар

Top