Мақолалар

Иқтибослар...

Олим учун тўрт синов

Имом Шозилий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Олим, то тўрт нарса билан синалмагунича, илм мақомида комилликка эришмайди:

1. Душманларнинг ҳақорати билан;
2. Дўстларнинг маломати билан;
3. Жоҳилларнинг таънаси билан;
4. Олимларнинг ҳасади билан.

Агар (шу нарсаларга) сабр қилса, Аллоҳ таоло уни эргашиладиган имом қилиб қўяди”.

*****

Қироат таъсирининг сири

Дунёга машҳур мисрлик Абдулбосит қоридан “Қироатингиз барчага бирдек таъсирли бўлишининг сири нимада?” деб сўрашганида, у киши: “Бу тиловат Аллоҳ розилиги учун қилинади. Агар инсон Қуръонни чин қалбдан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб, У зотга ихлос билан ўқийдиган бўлса, ўша қироат қалбга етиб боради, қалбни тўлдиради ва ёриштиради. Натижада, ўша қалб соҳиби, яъни тингловчи бу қироатдан таъсирланади” деб жавоб берган эканлар.

*****

Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор.

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ

*****

Мен Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг 70 минг дирҳам садақа қилганларини кўрдим. Кўйлакларининг ёни эса ямоқли эди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу

*****

Қуёшнинг ҳар ботишида бир парча камайишинг бор.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ

*****

«Эркаклик — сигарет чекиш, машина ҳайдаш ва аёллар билан айшу ишрат қилиш» деб асло ўйлама!

Эркаклик — муаззин «Ҳаййа алас солаҳ» деганда, қалбинг қўрқувдан титраб, намоз сари йўл олишингдир.

*****

Ўзинг билан шаҳватларинг ўртасига темир девор қурмас экансан, ибодатдан ҳаловат топа олмайсан.

Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳ

*****

16 йилдан бери тўйиб овқатланмадим. Зеро, кўп ейиш баданни оғирлаштиради, қалбни қорайтиради, заковатни кетказади, уйқуни жалб этади ва кишини ибодатга заиф қилади.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Таржимон Нозимжон Ҳошимжон

3498 марта ўқилди

Мақолалар

Top