Мақолалар

Қурбон ҳайити яқинлашмоқда

Диний ва миллий байрамларимиздан бири бўлган Қурбон ҳайити байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Сиз азизларни ушбу Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло юртимизни тинч-осойишта, халқимизни фаровон айлаб келаётган Қурбон ҳайити баракати билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракатларга тўлдириб, ҳалқимизни меҳрли-оқибатли қилсин.

Муҳтарам азизлар! Қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, кўча-кўйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак, нур устига аъло нур бўлар эди.

Ҳайит байрами муносабати билан ҳар биримиз қабристон ва зиёратгоҳларга зиёрат учун борамиз. Ўтганларимиз руҳларига дуолар қилиб, ҳайру эхсонлар тарқатамиз.

Азизлар,  зиёратларимиз чиройли бўлиши учун байрам олдидан қабристонларимизни ёввойи ўтлардан тозалаб, байрам куни зиёратга борганимизда бемалол зиёрат қилиш учун тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошласак, яхши иш бўлар эди. Зеро халқимизда “Ўтган-ларнинг руҳини шод этай десанг, масканини обод қил” – деган мақол бор.

Энди ҳайру эҳсонга келсак, байрам кунлари қабристонга нон ва ҳар- хил озиқ-овқатлар олиб бориш, жонлиқ сўйиб, қозон осиб, овқат пишириб қабристонда таом ейиш жоиз эмас. Хайру эҳсонларимиз қабул бўлсин, деган ҳар бир  мўмин-мусулмон эҳсонини ўз ўрнига, яъни бева-бечораларга тарқатса, савоб бўлади.

Қурбон хайити байрами муносабати билан ўзига тўқ, зарурий эҳтиёжларидан қиймати кумуш нисоби миқдорига етадиган ошиқча мулкга эга бўлган ҳар бир мусулмонга қурбонлик сўйиш вожиб ибодатлардан ҳисобланади. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда: “Одам боласи учун Қурбон ҳайити куни Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилишдан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқ. Шубҳасиз, у сўйилган жонлиқ қиёмат куни шохлари ва жунлари билан (гувоҳликка) келади. Ҳеч шубҳа йўқ, қурбонлик ҳайвониниг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. (Бас шундай экан) қурбонлик қилиш билан кўнгилларингизни хушнуд этинглар” – дея марҳамат қилганлар.

Қурбонлик сўйишнинг вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилгандан бошлаб, ўн иккинчи кунининг қуёши ботишидан сал олдинроғидир. Бу ибодат фақир, мискин ва мусофирларга вожиб эмас.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар қўй, эчки, қорамол, туялар ҳисобланади. Қўй ва эчки бир ёшга, қорамол икки ёшга, туя беш ёшга тўлган бўлиши шарт. Қурбонликка танланган ҳайвонлар қусурсиз бўлиши керак. Агар ҳайвоннинг икки ёки бир кўзи кўр бўлса, ё ўта даражада ориқ бўлса, ёки сўйиладиган жойгача юриб бора олмайдиган даражада оқсоқ бўлса ва қулоғи, қуйруғи ёки тана аъзоларининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесилган бўлса, қурбонликка ярамайди.

Қўй билан эчки бир киши учун, қорамол ва туя бир кишидан етти кишигача қурбонликка сўйилади. Етти киши шерик бўлиб сўйилган қурбонлик гўшти еттига бўлиниши лозим. Акс ҳолда қурбонлиги ҳисобга ўтмайди. Ҳар бир одам ўзи сўйган қурбонлигининг гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини хонадонига қолдириб, бир қисмини зиёфат қилиб қўни-қўшни, дўсту ёрларини чақирса, бир қисмини бева-бечороларга тарқатса, савоб бўлади.

Азизлар, яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаб байрам кунларида хайру эҳсонлар билан бир-бирларимизни кўнгилларимизни шод этайлик. Ота-оналаримиз, қариндошларимиз ва дўсту ёрларимиз ҳолларидан хабар олиб, байрам совғалари улашайлик.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

 

 

          Хайрулла Абдуллаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Хоразм вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

9693 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қурбонлик Хурсандчилик байрами »

Мақолалар

Top