Мақолалар

Муносабат: Қуриган дарахт хосият келтирмайди!

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатвосига асосан Бухоро вилояти Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳидан эски дарахт бўлакларини олиб бошқа жойга қўйилганига нисбатан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

2019 йил 7 май кунидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси хатида келтирилган “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги тўғрисида”ги фатвосига асосан ушбу қуриган дарахт қолдиқлари зиёратгоҳ ҳудудидан олиб қўйилди. Баъзи инсонларнинг билимсизлиги сабаб, улкан гуноҳ ишга сабаб бўлаётган эски, қуриган дарахт бошқа жойга олиб қўйилганига жуда кўп ижобий муносабатлар билдирилди. Лекин айрим тоифа кишилар тўғри мақсадда қилинган бу ишни нотўғри, деб ёйишга интилмоқдалар.

“Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни айрим кишилар муқаддас санаб, тавоф, дуо ва ибодат марказига айлантириб, ундан ҳожатларини сўраш каби ширк амаллар авж олгани сабабли Диний идора уни мажмуа майдонидан бошқа жойга олиш ҳақида фатво берган. Зеро, халқимизда “Қуриган дарахт хосият келтирмайди!”, дерган ўлмас нақл ҳам бор.

Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги айрим манбалар иддао қилаётганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллигига юборилган хатда эски дарахт қолдиқларини ёқиб юбориш каби кескин ҳаракатларга ундалмаган. Балки уни одамлар гавжум бўладиган масжид яқинидан, зиёратгоҳ ҳудудидан олиб ташлаш қайд этилган. Шунингдек, айрим нохолис манбаларда бўрттириб кўрсатилаётгандек, “ушбу тут дарахтининг олиб қўйилиши бошқа дин вакилларининг осори-атиқаларини ҳам йўқ қилишга етаклайди”, деган мазмундаги гиж-гижловчи гаплар мутлақо асоссиздир. Ислом доимо диний бағрикенглик тамойилларини қўллаб-қувватлайди, ўзга дин вакилларига ҳурматда бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, юртимизда зиёрат туризми ривожланиши натижасида, мусулмон мамлакатларидан ҳам ташриф буюрувчилар кўпайди. Айниқса, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Малайзия ва Индонезия каби давлатлардан бир неча минглаб тариқат намоёндалари ҳам келмоқда. Ушбу зиёратгоҳдаги дарахтнинг атрофини айланиб, ундан мадад сўраётган фуқароларимизни чет-эллик меҳмонлар кузатиб, қаттиқ таажжубга тушишмоқда. Бундай ҳолат мусулмон сайёҳларда диёримиз ҳақида бидъат-хурофотлар авж олган жойлар экан, деган нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Хорижлик зиёли сайёҳларнинг “Наҳотки Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ алломаларнинг ворислари мана шундай гуноҳ ишларга қўл урса?”, деган мазмундаги фикрларга ҳам гувоҳ бўлинган.
Қайд этиш лозимки, яхши ва тўғри мақсадда қилинган хайрли ишларга ижтимоий тармоқларда сиёсий тус бериб, давлат ва дин муносабатларига салбий таъсир этишга уриниш ёмон ниятли кимсаларнинг душманлик ишидир. Диний идора Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий-демократик давлат эканини тўла англаган ҳолда, айрим нохолис манбаларнинг вазиятни нотўғри талқин қилиш йўлидаги хатти-ҳаракатларини мутлақо асоссиз, жамиятда диний омил сабабидан фитна чиқариш ва юрт тинчлигига раҳна солиш эканини таъкидлайди.

Шунинг баробарида ижтимоий тармоқ юритувчиларига Аллоҳ таборака ва таолодан рушду ҳидоят тилаб, ҳар қандай савобли ишда яқиндан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканимизни билдирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3084 марта ўқилди

Мақолалар

Top