Мақолалар

Рашк – мўминнинг сифати

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади. Аллоҳ таоло эса энг ғайратли-рашклидир” (“Рамуз ал-аҳодис” 230/12, ровийлар ҳазрати Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ, Саҳл ибн Саъд, Ибн Масъуд), деганлар.
Мўмин киши, инсонларнинг энг шарафлиси ва энг аълосидир. Ҳиммат ва ғайрати, ҳамият ва рашки ҳам шу нисбатда кучлидир.
Мўмин киши ғайрат маҳалида ғайратлидир. Ғайрати Ҳақнинг ғайрат сифатига мувофиқлиги туфайли мўминнинг бу сифати Аллоҳга ва унинг раҳматига яқинлаштирур. Бу яқинликка илм (варосат) мақоми дейилади. Бу ғайратга эришган улуғлар орасида мазкур мақом билан боғлиқ кўплаб воқеалар содир бўлган. Шу сабабдан, эркакларнинг ўз аёлларига ва маҳрамларига бўлган рашки, динимизнинг қоидаларига мувофиқдир.
Исломнинг ҳар бир амри беҳисоб ҳикматларга асосланган. Ушбу ҳикматларни билмаслигимиз сабабли, динимизнинг кўпгина амрларига риоя қила олмаяпмиз. Ҳолбуки, уларнинг ҳар бири, бизнинг фойдамиз учундир. Кўрмайсизми, бошқаларнинг далаларига экин экканлар билан мол эгалари орасида қандай катта жанжаллар, тўполонлар бўлади, маҳкама-қамоққача борадилар, бир қанча жиноятларга ҳам сабаб бўладилар. Иффат, албатта, бу билан қиёсланмайди. Зино со¬дир этилганда улуғлардан бири қаттиқ дарғазаб бўлиб, зинокорларнинг дарҳол жазоланишини талаб қилган экан. Бу ғайратнинг даражасини кўрсатади. Зеро, ғайрат дин ва имондандир.
Ҳазрати Умарул Форуқ розияллоҳу анҳу даврларида Искандария қамал қилинганида, ҳеч ғалаба муяссар бўлмади. Натижада аҳволни ҳазрати Умарга арз қилишади. Ул ҳазрат текшириб, тафтиш қилиб, лашкарнинг мисвок ишлатмаётганини аниқлайдилар ва дарҳол туяларга мисвок юклатиб, уларга юборадилар. Аскарлар мисвок ишлатгач, дарҳол ҳужумга ўтишади, мисрликлар ҳам қаршилик кўрсатмай таслим бўлишади. Суннати саниййани тарк этиш ғалабани кечиктирган бўлса, суннати саниййага маҳкам амал қилиш натижасида Ислом лашкари тезда зафар қозонган. Жаноби Ҳақ бутун уммати Муҳаммадни илоҳий амрларга қатьий амал қиладиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутадиган бандаларидан қилсин!

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

2786 марта ўқилди

Мақолалар

Top