Мақолалар

Имон ҳаловати

Нуриддин билан мактабда бирга ўқиганмиз. Одамларнинг назарида унданда безорироқ кимса йўқ эди. Энг жирканч қабиҳликларни ҳам тап тортмай қилаверганидан ҳамма ундан безор бўлган эди. Уйидаги муҳити ҳам шунга яраша, мактабда эса ҳеч кимнинг гапига кирмасди. Мактабни тамомлаб ўқишга кирди, олий маъмумотли бўлди ҳамки, олдинги  одатларидан қутула олмади. Уйланиш навбати етди. Аммо кўпчилик унинг қандайлигини яхши билгани учун унга қиз бермади.

Синфдошлар билан учрашиб қолганимизда намоз хусусида суҳбатлашдик. Нуриддин ҳам биз билан бирга эди.

Қишлоққа борганимда Нуриддин бизникига келди. У жуда катта муаммолар гирдобида қолиб кетган, қаердан нажот излашни билмай гангиб қолганди. Мен унга бу муаммоларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг буюрганларини қилиш ва қайтарганларидан узоқлашиш билангина ҳал бўлишини имкон қадар тушунтиришга ҳаракат қилдим. Энг тўғри йўл, нажот йўли, ҳидоят йўли, дунё ва охиратдаги ягона саодат йўли шу эканини қўлдан келганча уқтирдим. Унинг бошқа юрадиган йўли қолмаган, юрилмагани биргина шу – ҳидоят кўчаси эди. Энди олдинги важоҳати ҳам сўниб қолган. Қалби юмшаб, анча эриган эди. Мен эса унинг солиҳ инсонга айланишини жуда-жуда истаб, Яратганга ёлвориб дуолар қилар эдим.

Аллоҳ таолонинг чексиз фазлу марҳамати билан у ҳам ибодатларни ўргана бошлади. Ҳар бир нарсани қунт билан ўрганишга, ўрганганларига ихлос билан амал қилишга жуда ҳарис бўлди. Қисқа вақтда Қуръондан ҳам анча ёдлаб қўйди. Энди олдинги Нуриддиндан ҳеч нарса қолмаган, у бутунлай бошқа одамга айланган эди. Бир куни:

- Яна қандай хайрли ишларни қилса бўлади? Яна қандай қўшимча ибодатлар бор?- деб қолди. Бу – олдинги билиб-билмасдан қилинган ишларнинг пушаймонлигидан, ҳақиқий тавба умидида имкон қидириб сўралган савол эди. Саволни эшитиб, ўзимдан уялиб кетдим: менда шундай ихлос борми ўзи?

Кўп ўтмай Нуриддин қўшнисининг қизига уйланди. Аллоҳ унга эгизак фарзанд ато қилди. Лекин чақалоқлар узоқ яшамади. Кўнгил сўраш учун бориб, унга тасалли берган бўлдим. У эса:

- Мен уларнинг вафотидан сиқилаётганим йўқ. Ўлим ҳамманинг бошида бор нарса. Лекин мана шу бегуноҳ норасидалар менинг касофатим туфайли ногирон туғилиб, вафот этишди. Эртага қиёматда бунга мен қандай жавоб бераман, -деб йиғларди.

Бу – имон ҳаловатига етишган инсоннинг энг гўзал ҳолати эди.

Аллоҳга илтижо қилдимки, бу биродаримизни умрининг охиригача шу ҳаловатдан айирмасин. Ҳеч биримизни имон ҳаловатидан бебаҳра қолдирмасин.

 

Сирдарё вилояти “Тавба” жоме масжиди имом хатиби

Файзуллоҳ ЭШБЕКОВ тайёрлади.

2551 марта ўқилди

Мақолалар

Top