Мақолалар

“Катта” ҳайит

Қурбон ҳайити мусулмон тақвими бўйича сўнги – Зулҳижжа ойининг 10 санасида, рамазон ҳайити байрамидан 70 кун ўтиб нишонланадиган байрамдир.

1 кун нишонланадиган Рамазон ҳайитидан фарқли ўлароқ Қурбон ҳайити 3 кун давомида нишонланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзлари билан айтганда:

يومُ عرفةَ ويومُ النحرِ وأيامُ التشريقِ عيدنا أهلَ الإسلامِ، وهيّ أيامُ أكلٍ وشربٍ

“Арафа, қурбонлик ва ташриқ* кунлари биз – мусулманларнинг байрамимиздир. Булар шодиёна ва зиёфат кунларидир” (Имом термизий ривоят қилган).

Арафа куни – мусулмон тақвими бўйича Зулҳижжа ойининг 9-куни, ҳайит арафаси – ҳайитдан бир кун олдинги кун;

Қурбонлик куни –Зулҳижжа ойининг 10-куни, ҳайит куни;

Қурбонлик кунлари –Зулҳижжа ойининг 10-,11-,12-кунлари, 12 Зулҳижжа аср намози вақтида тугайди;

Ташриқ кунлари – мусулмон тақвими бўйича Зул-ҳижжа ойининг 11,12,13-кунлари, қадимда ҳожилар қурбонлик гуштларини қуёшда қуритиб олган кунлар, шодиёна ва зиёфат кунлари. 13 Зул-ҳижжанинг аср намози вақтида тугайди.

Шу нуқтаи назардан, шодиёна кунларимиз беш кунгача чўзилади. Ушбу кунларда рўза тутиш манъ қилинган.

Давомий хурсандчилик, қурбонликлар сабабли ташкил қилинадиган эҳсон – зиёфат дастурхонлари, янги либосларнинг кийилиши, қурбонлигу ноз-неъматлар, ширинликлар улашилиши, саховатнинг жўш уриши, айниқса махсус зикр – такбирнинг айтилиши боис халқ орасида Қурбон ҳайитини “Катта ҳайит” номи билан аташ урф бўлган.

Юқорида зикр қилганимиздек, Қурбон ҳайити хурсандчиликлари аслида арафа кунидан бошланади. Бу кунда ҳайит дастурхони учун тайёргарлик кўрилади. Лочира, бўғирсоқ, қовурма чучвара, юпқа, қатлама, ўрама, чак-чак, паҳлава, холвайтар каби ҳайит неъматлари тайёрланиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғ бир-бирларини йўқлайдилар. Ҳар бир хурсандчилик – тўю тантаналар олдидан амалга ошириладидиган одат каби арафа кунида ўтганлар хотирланиб, улар ҳаққига ҳар бир хонадонда тиловати Қуръонлар қилинади.

Ҳақиқий байрам ҳайит куни қуёш чиққанидан 15 дақиқа ўтиб ўқиладиган ҳайит намози билан бошланади. Мамлакатимизнинг барча масжидлари мўмин-мусулмонлар билан тўлиб тошади. Намоздан сўнг ёшу қари, каттаю кичик, таниган-танимаган, бир-бирларини байрам билан муборакбод этадилар. Кичкиналар байрам сайлида ўйинчоғу ширинликлар билан сийланса, иссиқ нон – патирлар, нозу неъматлар харид қилиниб, кексалар, ногиронлар, ёрдамга муҳтож кишилар йўқланади, уларнинг дуосидан баҳраманд бўлинади.

Шундан сўнг Парвардигорнинг:

فصلّ لربك وانحر

“Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил!” (Кавсар, 2), деган буйруғига биноан қурбонликлар бошланади. Исмоил (а.с.) ўрнига жаннатдан қўчқор юборилиб, қурбонлик қилингандан буён жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиш Иброҳим (а.с.)дан унинг миллати – уммати муҳаммадийгасуннат бўлиб қолган.

Қурбонлик қилиш мол-дунёси закот бериш нисоби (миқдори)га етган кишига вожиб бўлади. Қурбонлик учун танланган қўй, мол, туя ёки бошқа ҳайвонлар нуқсонсиз, семиз бўлиши лозим. Жонлиқнинг жинси эркак бўлса янада яхши.

قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لفاطمة قومي إلى اضحيتك فاشهديها فان لك باول قطرة تقطر من دمها يغفر لك ما سلف من ذنوبك

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Фотима (онамиз) розияллоҳу анҳога қарата “Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Бир қисмини қурбонлик эгаси ўзи учун олади, бир қисмини муҳтожларга садақа сифатида улашади, қолган бир қисмини эса қариндош-уруғ, яқинларларга тарқатади.

Қурбон ҳайити кунларида махсус такбир билан Яратганимиз улуғланади:

الله أكبر الله أكبر الله أكبر، لا إله إلا الله. والله أكبر. الله أكبر. ولله الحمد

“Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқдур, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳга ҳамд бўлсин!”

Зикрнинг ушбу шакли арафа кунининг тонгидан бошлаб, ташриқ кунларининг охирига қадар – беш кун давомида, кундалик беш маҳал намозда, жами 23 та намознинг ҳар бирининг фарзи тугаши билан, бир мартадан ёки уч мартадан айтилади.

Мамлакатимизда Қурбон ҳайити билан боғлиқ гўзал урф одат ва маросимларлар амалга оширилади. Қурбон ҳайити умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Қурбон ҳайити куни биринчи марта 1991 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармонига биноан дам олиш куни деб эълон қилинган ва шу фармонинг ўзида кейинги йилларда ҳам Қурбон ҳайитининг 1-куни дам олиш куни сифатида белгилаб қўйилган.

 

Муҳаммадамин Насриев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ходими

5361 марта ўқилди

Мақолалар

Top