Мақолалар

Вафот этмасдан олдин бажариладиган 2 амал

قُلْ لِعِبَادِيَ الَّذِينَ آَمَنُوا يُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُنْفِقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ يَوْمٌ لَا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خِلَالٌ

"(Эй, Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!" (Иброҳим сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига икки амал: намозни мукаммал адо этиш ва эҳсон қилишни буюрмоқда.

"...намозни баркамол адо этсинлар". Аллоҳ таоло аввало бандаларига намозни қоим қилишни буюрмоқда. Оятда Аллоҳ таоло намозни мукаммал адо этувчиларни "имон келтирган бандаларим" деб мадҳ этмоқда.

Муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида айтади: "Намозни баркамол адо этиш бу уни ўз вақтида, руку, саждалари, қаъда, ташаҳҳудини жойига қўйиб, хушу-хузу билан адо этишдир".

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг ичидаги ўғриларнинг энг ёмони намозидан ўғирлайдиган кишидир.

Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, намозидан қандай ўғирлайди", дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У руку ва саждасини ва хушусини тўлиқ қилмайди", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа қатор оятларда ҳам мўминларга намозни баркамол адо этишга буюради: "(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз" (Нур сураси, 56-оят); "Намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир" (Нисо сураси, 103-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани – унинг намозидир. Агар намози тўғри бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар намози фосид бўлса, шубҳасиз, ноумид бўлибди, ютқазибди”, деганлар (Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

"...хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар". Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлади. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маҳфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, садақани ошкора берса ҳам, махфий берса ҳам яхши. Чунки Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлсин.

Аллоҳ таоло барчамизни намозни баркамол адо этувчи ҳамда Ўзининг ризолиги учун хайр-эҳсон қилувчи бандаларидан қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

2996 марта ўқилди

Мақолалар

Top