Мақолалар

МЎМИННИНГ ТАВБАСИ КЎП

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда “Мўмин гуноҳига тавба қилгувчидир. Бахтли киши шундай кишики, тавба қилиб, афсус-надомат чекиб, вафот этади” (“Жомиъ ас-сағир” 2/158).
Мўмин киши содир қилган ҳар бир хатосига дарҳол афсус чекиб, пушаймон бўлиб, покизаланиб, тавба қилгувчидир. Ушбу хатоларнинг кўплиги, доимий тавба натижасида гуноҳларнинг тўкилишига тўсқин бўлолмайди.
Динида маъсиятлар туфайли содир бўлган яраларни йиртилган либосни тиккандек дарҳол тавбаси билан тузатиб қўяди. Ямоқсиз, йиртиқсиз, тоза ва дазмолланган либос албатта гўзал. Аммо кийимлар баъзи сабаблар туфайли йиртилиб, сўкилади. "Йиртилди, сўкилди" деб дарров у кийимни ташлаб юбормаймиз, иложи борича таъмирлаймиз, керак бўлса, ямоқ соламиз ёки тикувчига берамиз. Шунга ўхшаб, гуноҳлар, хато ва камчиликлар ҳам тавбаю тазарруълар билан бартараф этилади.
Инсоннинг қилган ишларини юзига солмоқ тўғри эмаслиги, аввалги ҳадиси шарифларда зикр этилган. Комил зотлар бундай кишиларни умидсизликка туширмайдилар, бахту саодат даражаларидан маҳрум этмайдилар. Шунинг учун бахтли киши тавба қилиб, надомат чекиб, вафот этган инсондир, дейилмоқда. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бизларни ҳам ҳақиқий тавба ва надомат билан, зикру тасбеҳ, қироати Қуръон, намозу ниёз, имон ва Ислом бирла охиратга риҳлат этгувчи бандалардан қилсин.
Бир инсон қанчалик кирланса ҳам, кирлиги туфайли инсон қаторидан чиқиб қолмайди. Уни кир-чир инсон дейишади, холос. Аммо қачонки ҳаммомда яхшилаб ювиниб таранса, покиза либослар кийса, эски ҳолатига қайтади ва чиройли бир инсон бўлади. Куфр иш қилмаган бўлса, ҳалолни ҳаром, харомни ҳалол демаган бўлса, мўмин киши гуноҳлари туфайли дарҳол кофир бўлиб қолмайди. Ҳатто куфрдан қайтиб, тавба қилса, аҳли жаннат бўлиши ҳам мумкин. Бу сабабдан, тажал¬лийларга эътибор бер, бировга ёмон кўз билан қарама! Инсон ўзининг қай бир тажаллийда жон беришини билолмайди. Оқибати номаълум. Бандаларнинг қалблари ё Жалол, ё Жамол тажаллийлари орасида бўлиб, бу ҳар вақт ўзгариши мумкин.
Баъзан Жалол Жамолга, Жамол эса Жалолга ўзгаради. Шунинг учун ҳаммага яхши кўз билан қарагил!


Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

2894 марта ўқилди

Мақолалар

Top