Мақолалар

Агар уни қилсак одат, вужудга келар муҳаббат…

تَهَادُوا تَحَابُّوا

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадя қилишинглар, муҳаббатли бўласизлар”, - дедилар”.

“Ҳиба” манфаат берадиган нарсани бировга етказишдир. Ҳанафий фуқаҳолар истилоҳида: “Ҳиба - муайян молни бировга эвазсиз мулк қилиб беришдир”. Бундан вақтинчалик фойдаланиб туриш учун ёки ижарага берилган нарсалар ҳиба бўлмаслиги билинади. Шариатда ҳиба мандуб амал ҳисобланади. Қуръони Карим ва Суннатда унга бир неча далиллар бор. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 4-оятида шундай марҳамат қилади:

 

وَآتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً ۚ فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا

“Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингизлар!.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 177-оятида яна марҳамат қилиб айтади:

“Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя қилишинг, чунки ҳадя кўнгилдаги ғилли-ғашликни кетказади. Қўшни аёл аёл қўшнисига қўй туёғининг бир бўлагини бўлса ҳам беришни ҳақир санамасин”, - дедилар”.

Ҳиба ҳадя, садақа, атийя, маниҳа ва бошқа сўзлар билан ҳам аталиши мумкин бўлиб, бу номларнинг ҳаммасининг ўзига яраша хусусиятлари ҳамда тегишли ҳукмлари бор. Уларнинг маънолари ҳам бир-бирига жуда яқиндир.

Агар молни эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш бўлса, садақа бўлади. Агар молни бериладиган шахсни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади. Ўлими олдидан мол улашиш – атийя бўлади. Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади. Соғиб ичиб туриш учун берилган ҳайвон “маниҳа” дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қани, бир аҳли байтга соғиб ичишга эрталаб бир исс (катта идиш), кечқурун бир исс сут берадиган соғин туя берадиган одам бормикан?Албатта, унинг ажри улуғ бўлур”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Шарҳ: Қишлоқ жойларда бола-чақали, камбағал оилалар соғиб ичадиган ҳайвонга муҳтож бўладилар. Улар ҳар қандай қийинчиликларга чидаб бўлса ҳам, уйларидан соғин ҳайвонни йўқотмасликка ҳаракат қилишади. Чунки тирикчиликларининг бир томони шунга боғлиқ бўлади. Ана шундай ҳолда бой одам бир соғин ҳайвонни соғиб, ичиб туриши учун бирор камбағал, муҳтож оилага берса, улуғ иш қилган бўлади. Унга бериладиган ажру-савоблар ҳам улуғ бўлади.

Уламоларнинг ижмоъларига биноан ҳибанинг барча турлари мустаҳаб дейилган. Айниқса, қариндошларга қилинган ҳиба жуда яхши ҳисобланади. Уламолар ҳиба ийжоб, қабул ва қабз билан амалга ошишига ҳам иттифоқ қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга меҳр-муҳаббатли қилсин, фарзандларимиз ва қариндошларимиз ҳаққига риоя қилгувчи бандалардан қилиб, уларга яхшилик ва хайр-эҳсон қилишда бардавом этиб, бизларга Ўз ҳузуридан кўплаб ажру-ҳасанотлар берсин!

 

Муҳаммад ибн Ҳусайн Устуршонийнинг “ Жоме’ аҳкомус-сиғор “ китобидан Джамилова Нодирабегим таржимаси

2888 марта ўқилди

Мақолалар

Top