Мақолалар

Ёмон хулқдан сақланиш

Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг му­ҳим омилдир. Зеро, ёш­ликда ўрганган одоб билан бо­ла ўсиб-улғаяди. Ёш болаларда учрайдиган тажанг­лик, уришқоқлик, шош­қалоқлик, пала-партишлик, қўрс­лик каби салбий одатлар ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, кат­та бўлганида буларни ташлаши қийин кечади. Бундай ёмон сифатлар унда мустаҳкам ўр­на­шиб, бузуқ ах­лоқларга айланади. Натижада инсон қанчалик ҳушёр бў­лишга уринмасин, кун келиб унинг бу яширин одат­ла­ри юзага чиқади. Шу туфайли баъзи кишиларни бу ка­би хунук ҳолатларда учратиб қоламиз. Бу ҳолат уларнинг нотўғри тарбия олгани оқибатидандир. Шунингдек, бо­лани беҳуда ишлар ва кераксиз гап-сўзлардан узоқ қилиш керак. Албатта, булар ҳеч қачон боланинг одоби­га ижобий таъсир ўтказмаган. Болани ёлғончи бўлишдан сақлаш керак. Агар ота-она болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштирса, унинг дунё ва охират саодатига хавф солган, ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади.

Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва доимо роҳатда бў­лишга ташлаб қўймасдан, унга фақат етарлича куч тўплаб оладиган даражада ором берилади. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг оқибати пушаймонликдир. Меҳнатдан толиқишнинг дунё ва охиратда мақтовли натижаси бор. Буюк муфассир Яҳё ибн Абу Касир ҳам: “Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди”, деб бежиз айтмаган.

Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тар­бия­лаш керак. Ана шунда бола катта бўлганида вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳам­да ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди.

Шунингдек, болани ортиқча овқатланиш, гапириш ва кўп ухлашдан йироқ қилиш керак. Зеро, зиён ма­на шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан узоқ­лаштириш, улар ортидан келиб чиқадиган зарарлар­нинг оқибатини яхшилаб тушунтириб бериш мақсадга му­вофиқ бўлади.

Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб-тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Бу ёр­дамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўла­дилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар. Шунинг­дек, оғзи шалоқ, хулқи бузуқ кимса билан суҳбатлашишдан ҳам болани эҳтиёт қилиш керак.

Отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири хунук оқи­батларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан манфаат топа олмайди. Фар­занд ҳам ота­сининг яхшилигидан ва манфаатидан маҳрум бўлиб ўса­ди. Хусусан, агар фарзанд ўғил бўлса, унга ипакдан тай­ёрлаган кийим кийгазиш мумкин эмас. Бу унинг жисми ҳамда тарбиясига салбий таъсир этиб, уни аёлтабиат қилиб қўяди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ипак ва тилла умматимнинг эркак­ларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ри­вояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, ота-она мукаллафдир. Уларнинг болани ҳаром йўлга кириб кетиши учун имконият яратиб беришлари ножоиз, албатта. Негаки, бола нимага одатланса, ундан ажралиши оғир бўлади.

Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота-она фарзандларини фаҳм-фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр эканининг аломатидир. Модомики қалб лавҳаси бўм-бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғуллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

3016 марта ўқилди

Мақолалар

Top