Мақолалар

НАБИРАЛАР МЕРОС ОЛАДИМИ?

190-CАВОЛ:
Яқинда қайнотам вафот этдилар. У кишидан уй-жой ва машиналар мерос қолган. Иккита қизлари, иккита ўғил набира ва битта қиз набиралари ҳамда келини бор (бу набиралар қайнотамнинг вафот этган ўғлидан). Мана шу набираларнинг меросда ҳаққи борми? Шу ҳолатда мерос қандай тақсимланади?

 

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар сиз айтганлардан бошқа меросхўрлар бўлмаса, набираларнинг меросда ҳаққи бор. Бу ҳолатда маййитнинг ўғли ҳам вафот этгани учун унинг фарзандлари, яъни набиралар мерос олади. Лекин қизнинг фарзандлари меросхўр бўлмайди.

Мазкур ҳолатда маййитнинг икки қизи мероснинг учдан икки (2/3) қисмини олади. Уларни мерос илмида фарз эгалари, яъни ҳаққи қатъий белгилаб қўйилганлар, дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Робеънинг икки қизига отасининг меросидан учдан иккисини (2/3) берганлари ривоят қилинган (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Ибн Мунзир: “Икки қизга мероснинг учдан иккиси (2/3) берилишига ижмоъ қилинган”, - деганлар.

Мероснинг қолгани (яъни 1/3 қисми) икки ўғил набира ва бир қиз набирага маййитга эркак томондан боғланганлар сифатида берилади. Бу ерда “эркакка аёлдан икки баробар ортиқ” қоидасига биноан ўғил набира қиз набирадан икки ҳисса кўпроқ олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ

яъни: “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради” (Нисо сураси, 11-оят).

Шуни таъкидлаш керакки, келинлар ва куёвлар қайнотадан мерос олмайди. Демак, мерос моли ёки унинг қиймати ўн беш қисмга бўлинади: икки қизга ўн қисм, яъни ҳар бирига беш қисмдан берилади. Учта набирага беш қисм, яъни иккки ўғил набирага икки қисмдан, қиз набирага бир қисм берилади. Масалан, мерос қолган мол 150 млн сўм бўлса, қизлар 50 млн дан олади (жами 100 млн), икки ўғил набира 20 млн дан (жами 40 млн), қиз набира эса 10 млн мерос олади.

Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, бу ерда саволингизга мувофиқ жавоб бердик. Агар Сиз айтган меросхўрлардан бошқа меросхўрлар ҳам бўлса, жавоб бундан фарқли бўлади. Шунинг учун ҳамма меросхўрлар йиғилиб, мерос илмини биладиган аҳли илмни иштирокида бу масалани ҳал қилишни тавсия қиламиз. Чунки маййитнинг васияти ёки қарзи ёки меросхўрлар билмайдиган бошқа ҳақ-ҳуқуқлари бўлиши, кутилмаган саволлар туғилиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
? http://savollar.muslim.uz
? @SavollarMuslimUzBot

3250 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Самимийлик – динимиз асоси Олийжаноб эркак »

Мақолалар

Top