Мақолалар

Онажоним

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди” (Исро сураси, 23-оят).

Машаққатли лаҳзаларда, ишинг осонлашишини, машаққатинг аришини дуо қилиб сўраб, ёнингда турадиган — онанг.

Бемор бўлиб турганингда, шифо сўраб, дори ичириб, пешонангни силаб, ёнингда турадиган — онанг.

Йиғлаётганингда, кўз ёшларингни артиб, «Нега йиғлаяпсан?» деб ёнингда турадиган — онанг.

Ишинг орқага кетиб, сен учун жонини «фидо» қилмоқчи бўлганлар йўқолиб қолганда, ёнингда турадиган — онанг.

Хурсанд бўлганингда, шодлигингдан севиниб, юзида табассум билан ёнингда турадиган — онанг.

Қўполлик билан хафа қилсанг ҳам дарров кечириб, «Ўз боламдан хафа бўлармидим» дея бағрига босадиган ҳам — онанг.

Дилини оғритиб, дунёни кўзига тор қилиб юборганингда ҳам сени қарғамайдиган, балки “Сени туғмай мен ўлай” дея ўзини ёмонлайдиган ҳам – онанг.

Жаннатга киришинг учун биринчи бўлиб рози қилишинг керак бўлган инсон ҳам – онанг.

Дуоларингда ўзингдан аввал эсга олишинг лозим бўлган инсонинг ҳам – онанг.

Қорни оч бўлса ҳам, таомини сенга узатадиган, усти юпун бўлса ҳам сенинг янги либос кийишингни истайдиган, ўзи кўрмаган кунларни кўришингни юрагининг туб-тубидан хоҳлайдиган инсон ҳам – онанг.

Аллоҳ таоло ота-оналаримизни Ўз паноҳида асраб, вафот этганларини раҳматига ғарқ этсин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3138 марта ўқилди

Мақолалар

Top