Мақолалар

"Олимпиада ва Паралимпиада ютуқлари -Истиклолимиз шарофати"

“Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг ўниб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”.

Ислом КАРИМОВ

 

Бизларга шундай обод юртни берган, шу юрт фарзандлари бахту саодатга эришишлари учун кенг имкониятлар ато этган, бу неъматларни тинчлик, осойишталик неъмати ила қамраган Аллох таолога чексиз хамду сано ва шукроналар айтамиз! «Фарзандларингизни замонасининг яхши одамлари этиб тарбияланглар!» – деб ўгит берган, инсонларни зулматдан нур сари етаклаган, кўп яхшиликларни ўргатган, умматларига чиройли одоб ўргатган улуғ Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин!

Ватанимиз мустақилликка эришгандан бошлаб, барча соҳаларда поғонама-поғона ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб бундай яхши ишлар, катта ўзгариш, янгилик, тадбирлар сони сон-саноқсиз даражада кўпайиб бормоқда! «Биз ким эдик-у, ким бўлдик?» пурҳикматли ва серқиррали, кўпмаъноли ва доно саволни кичик қиррачаси хусусида бир фикрлаб кўрайлик.

Ёш авлоднинг таълим-тарбияси борасида Ўзбекистонимизда бажарилган ва бажарилаётган ишлар диққатга сазовордир. Худои таолонинг инояти ила давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан чексиз-чегарасиз даражада кўп ишлар бажарилмоқда.

Тарихдан яхши маълум, аждодларимиз маданият ва иқтисод, илм ва санъат тараққиёти билан бирга давлатчилик, миллат ва халқпарварлик борасида ҳам улкан натижаларга эришганлар. Мустақиллигимиз шарофати ила истиқлолимиз даврида улғаётган фарзандларимиз ҳам бунга ўз ҳиссаларини улашмоқдалар. Дунёнинг у чеккасида туриб, ХХХI чи Умумжахон Олимпиада ва XV Паралимпиада ўйинларида юртимизнинг ўғил-қизлари улуғ даражаларга эришиб, юқори марраларни забт этиб, жаҳон таниган ва тан олган спорт юлдузларини таслим қилдириб, бутун дунё аҳлини лол қолдириб, барча мамлакатлар халқларини мақтов-олқишларига ва тасанноларига сазовор бўлиб, ҳамма-ҳаммадан ташаккурлар ва раҳматномалар эшитиб келишлари – шунинг энг катта ва энг ёрқин далил-исботидир!

Айниқса, бу қувончли онлар Истиқлолимизни 25 йиллиги кунларида бўлгани икки карра эмас, 25 карра қувончимизни оширди. Зеро биз бу ғалабаларни жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизни 25 йиллик тўйига “олтин совға”, беқиёс ва бетакрор тўйона деб биламиз! Бу спортчиларимиз ёшларимиз тўғриларида кўп қайғурган Биринчи Президентимизнинг орзуларидан бирига эришиб келишди. Муқаддас Ватанимиз – беқиёс Ўзбекистоннинг азиз фарзандлари, мард ва жасур ўғлонлари юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, буюк Ватанимиз келажаги учун чиройли олиб бораётган ўз шарафли вазифаларида салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётганлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган бутун дунё Олимпиадаси ва Паралимпиадаларида иштирок этганларини ўзидан ҳам барчамизга яна бир карра намоён бўлди.

Шундай фарзандларни ҳамма ҳавас қиладиган даражада, не-не машаққатлар билан, намунали тарбия қилаётган ота-оналарига фарзандларининг ҳамда зарурий илм-билим, керакли маҳорат ва таълим-тарбия бераётган устозлари бўлмиш мураббийларига шогирдларининг гўзал одоб-ахлоқлари, ажойиб хулқлари, моҳирона савиялари ва юқори интизомлари учун қанча миннатдорчилик билдирсак, шунча кам! Чунки мазкур сифатларсиз, бундай даражаларга эришиш қийин.

Ўз ота-оналаридан ва ўз устозларидан олижаноб тарбия кўраётган шундай фарзандлар – барчамизнинг ғурур ва ифтихоримиз! Бу йигитларимизни Америка диёрларида Ер курасининг энг тез, энг зўр ва энг кучли спортчилари йиғилган жаҳон Олимпиадасида ва Паралимпиадасида бизни байроғимизни энг олий даражага кўтаришлари – ҳаммамизнинг ғурур ва ифтихоримиз! Телевидение орқали бу унутилмас воқеаларни томоша қилиб, Олимпиада ва Паралимпиадада кўтарилган байроғимизни кўриб турган ҳар бир ўзбекистонлик ўзини гўё ўзи кўтаргандай ҳис қилиб, ўзи ютгандай фахрланиб, ўзи ғолиб бўлгандай ҳурсанд бўлди! Чунки бундай ҳолат – ҳар биримизнинг ғурур ва ифтихоримиз! Шундай “тилло” фарзандларни тарбиялаганлари учун ота-оналарига минг раҳмат! Ота-онаси берган шу яхши тарбияни олганлари учун шу йигитларга эса мингдан-минг раҳмат!

 

Шавкатингни ШОҲСУПАГА олиб чиққан,

Паҳлавонлар сафларини ёриб чиққан,

"Зўрлар ичра зўр бўлай!", деб ғолиб чиққан

Ўғлонларинг мадҳ этмасам бўлмас, ВАТАН!!!  

 

Юрт ғурури юксак бўлса тилагида,

Шер ҳайбати ўйғонади юрагида,

Сенинг шаънинг кўтарганда кўкрагида

Фазлиддиндай йиғламасам бўлмас, ВАТАН!!! 

 

Марди майдон Ўғлонларинг сафин қара,

Матонатга бўйин эгди олий марра!

Руслан каби ер титратиб, тортиб наъра,

Байроғингга бўйламасам бўлмас, ВАТАН!!!

 

Мирзо Бобур қайтди бугун Андижонга,

Зафар туғин тақдим этиб ҳар бир жонга,

Дунё ҳавас қилганида Ҳасанжонга 

Мадҳиянгни куйламасам бўлмас, ВАТАН!!!  

 

Бухоронинг бек ўғлони ботир укам,

Ҳар зарбаси ғалабага қодир укам,

"Шахобиддин!" деганларда тўлиб ўпкам,

Ўзлигимни ўйламасам бўлмас, ВАТАН ! ! !

 

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноби Пайғамбаримиз с.а.в. тавсия этган, ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз ҳурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни барчаларимизга насиб этсин!


Иброҳим Иномов, ЎМИ раиси ўринбосари

6220 марта ўқилди

Мақолалар

Top